Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар сайлов органлари раҳбарларининг Маслаҳат кенгаши ҳузурида фаолият юритаётган сайлов соҳасида ёшлар сиёсати бўйича Ишчи гуруҳ доирасида фаол иштирок этиб келмоқда.


Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясидан сайлов соҳасида ёшлар сиёсати бўйича Ишчи гуруҳ аъзолари – Котибият ходимлари С. Абдихолиқов ва С. Олимжоновлар ёшларни сайлов жараёнларига жалб этиш масалаларига бағишланган навбатдаги тадбирда иштирок этдилар.
Хусусан, С.Абдихолиқов ва С.Олимжонов жорий йилнинг 16 декабрь куни Санкт-Петербург шаҳрида аралаш форматда бўлиб ўтган “Сунъий интеллект ва сайловлар” мавзусидаги халқаро илмий конференцияда ҳакамлар ҳайъати аъзоси сифатида қатнашиб, талабалар, экспертлар ҳамда ёшлар масалалари бўйича сайлов ташаббуслари вакилларининг чиқишларини баҳоладилар. Ўтказилган дебатлар давомида илғор технологиялар ва уларнинг сайлов жараёнида қўлланилиши масалалари муҳокама қилинди, шунингдек, турли мамлакатлардан келган экспертлар ўртасида тажриба алмашилди.

Конференция давомида сайловларнинг шаффофлиги ва самарадорлигини ошириш, шунингдек, ёшларни сайлов жараёнларига кенг жалб этиш мақсадида сунъий интеллектдан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчилар технологияларнинг ривожланиш истиқболлари ва уларнинг демократик институтларга таъсири ҳақида фикр алмашдилар.
Бундай тадбирлар МДҲга аъзо давлатларнинг сайлов органлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда сайловларни ўтказишда илғор услуб ва ёндашувларни жорий этишда муҳим қадам ҳисобланади.
Марказий сайлов комиссияси