12.09.2025

259

msk_yangiliklari_in

ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси делегацияси 2024 йилда бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловларини кузатиш натижалари бўйича Якуний ҳисобот тақдимотини ўтказиш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюрди.

 

2025 йилнинг 10 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси З. Низамходжаев ЕХҲТ ДИИҲБ Сайловлар бўйича департамент раҳбарининг ўринбосари У. Ахундлу ва департамент маслаҳатчиси К. Инаишвили билан учрашув ўтказди.

 

     

 

Учрашув давомида З. Низамходжаев Марказий сайлов комиссияси ва ДИИҲБ ўртасидаги ҳамкорликнинг фаол ривожланаётганини таъкидлаб, Якуний ҳисоботни ўрганиш ва ундаги тавсияларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишга йўналтирилган тегишли давлат органлари, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликдаги фаолиятнинг батафсил таҳлилини тақдим этди.

   

Сайловлар бўйича департамент раҳбарининг ўринбосари Ўзбекистон билан ҳамкорлик даражасини юксак баҳолаб, сайлов жараёнлари ва сайловлар бўйича Якуний ҳисоботларни очиқ муҳокама қилиш амалиётига ўз эътиборини қаратди. Унинг таъкидлашича, бу амалиёт барча мамлакатларда ҳам кузатилмайди. Шунингдек, у Ўзбекистонда мазкур амалиётни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга қаратилган аниқ сиёсий ирода мавжудлигига ҳам алоҳида урғу берди.

 

У. Ахундлу МСКнинг якуний ҳужжатни ҳар томонлама таҳлил қилишдаги ишларнинг аҳамиятини қайд этар экан, ДИИҲБнинг Якуний ҳисоботида акс этган тавсияларни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилишини ижобий баҳолаб, уни қонунчилик ва сайлов амалиётини такомиллаштириш юзасидан кейинги ишлар учун асос бўладиган аъло даражада тайёрланган ҳужжат деб атади.

Шунингдек, У. Ахундлу ДИИҲБнинг Якуний ҳисоботда келтирилган тавсияларни амалга ошириш жараёнида кўрсатилиши мумкин бўлган аниқ таклифларни ҳам тақдим этди. Улар қаторида ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш, қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича ишлаб чиқилган таклифларга ДИИҲБ хулосаларини тақдим этиш, илғор халқаро тажрибаларни қиёсий таҳлил қилиш учун малакали экспертлар ва мутахассисларни жалб этиш, хорижий мамлакатларнинг сайлов амалиётларига оид тайёр ишланмалар ва материалларни тақдим этиш, шунингдек, сайлов комиссиялари аъзоларини ўқитишни ташкил этишда кўмаклашиш каби чоралар тилга олинди.

 

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистонда ДИИҲБ тавсияларини имплементация қилиш бўйича амалга оширилаётган фаолият демократик институтларни мустаҳкамлашга ва сайловларни ташкил этиш соҳасида илғор халқаро тажрибаларни жорий этишга хизмат қилаётганини таъкидладилар.

 

 

Марказий сайлов комиссияси

 

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур