Шу кунларда бутун мусулмон оламида бўлгани каби мустақил Ватанимиз ва халқимиз ҳам муборак Қурбон ҳайитининг эзгу амаллари билан яшамоқда. Барча юртдошларимизни ана шу муқаддас айём билан самимий табриклаймиз.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бугунги кунда барча соҳа ва тармоқлардаги ислоҳотлар инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилмоқда. Бундай юксак эътибор Қурбон ҳайити кунларида янада яққол намоён бўлмоқда. Муқаддас динимиз буюрган хайрли амаллар – аҳиллик, ҳамжиҳатлик, меҳр-саховат, сабру қаноат, ахлоқ-одоб, илму маърифат фазилатлари жамиятимизда тобора кенг ва мустаҳкам қарор топиб бормоқда.
Ушбу саодатли кунларда кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар, ногиронлиги бўлган инсонларга моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилаётгани, эл-юртимизнинг тинчлиги, бахти ва келажаги учун дуойи фотиҳалар қилинаётгани бу ойнинг файзу тароватини янада оширади. Муқаддас китобларимизда марҳамат қилинганидек, бу фоний дунёда инсондан қоладиган энг савобли амал – яхшиликдир.
Қурбон ҳайитининг файзу баракоти қалбларимизни ва хонадонларимизни янада мунаввар қилиб, барчамизни эзгу амалларга ундайверсин!
Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин!
Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссияси