МСК Раиси Қозоғистон Қурултойига сайловларни кузатишда иштирок этди

25.08.2026

91

msk_yangiliklari_in

Марказий сайлов комиссияси Раиси З. Низамходжаев Ўзбекистон Республикаси делегациясига раҳбарлик қилган ҳолда 2026 йил 23 август куни бўлиб ўтган Қозоғистон Республикаси Қурултойи депутатлари сайловлари халқаро кузатувида иштирок этди.

 

Қурултойга бўлиб ўтган сайловлар 2026 йилги конституциявий референдум якунлари бўйича қабул қилинган Қозоғистон Республикасининг янгиланган Конституциясига мувофиқ ташкил этилган мамлакатнинг янги олий вакиллик ва қонун чиқарувчи органига ўтказилган илк парламент сайловлари бўлди.

 

Халқаро кузатув доирасида Ўзбекистон делегацияси МДҲ Ижроия қўмитасининг сайловларни кузатиш миссияси, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Туркий Давлатлар Ташкилоти, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси кузатувчилар гуруҳи, шунингдек, икки мамлакат сайлов органлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик доирасида иштирок этди.

 

Халқаро кузатув дастури қатор муҳим тадбирларни ўз ичига олди.

 

Овоз бериш куни арафасида Қозоғистон Марказий сайлов комиссиясида халқаро кузатувчилар учун сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш масалаларига бағишланган брифинг бўлиб ўтди. Унда 42 та хорижий давлат ва 13 та халқаро ташкилот вакилларидан иборат 777 нафар халқаро кузатувчи аккредитациядан ўтказилганлиги маълум қилинди. Сайловчиларнинг умумий сони 12,6 млн нафардан ортиқни ташкил этиб, овоз беришни ўтказиш учун 10 мингдан зиёд сайлов участкалари, жумладан, 61 та хорижий давлатда 79 та сайлов участкаси ташкил этилди.

 

   

 

Брифинг давомида сайлов кампаниясининг асосий хусусиятлари ҳақида ҳам маълумот берилди. Қурултойдаги депутатлик ўринлари сони 145 тани, партия рўйхатларига киритилган номзодлар сони эса 545 нафарни ташкил этди. Партия рўйхатларида хотин-қизлар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг муносиб вакиллигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

 

Шу куннинг ўзидаёқ Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо давлатлар марказий сайлов органларининг Маслаҳат платформаси ишчи йиғилишида Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиялари раҳбарлари ҳамда вакиллари иштирокида “Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо давлатларнинг сайлов тизимлари” номли материаллар тўплами тақдимоти бўлиб ўтди.

 

Марказий сайлов комиссияси Раиси З. Низамходжаев таъкидлаганидек: “Мазкур тўплам сайлов тизимларини такомиллаштириш ва давлатлар ўртасидаги профессионал тажриба алмашинувини чуқурлаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Нашрда сайлов институтлари фаолиятининг кенг кўламли масалалари – концептуал қонунчилик асосларидан тортиб, замонавий рақамли технологияларни жорий этишгача бўлган жараёнлар батафсил тадқиқ этилган. Сайлов ҳуқуқи ва сайлов жараёни соҳасидаги етакчи экспертларнинг умумий саъй-ҳаракатлари натижаси бўлган мазкур тўплам алоҳида илмий-амалий аҳамиятга эгадир”.

 

 

Сайлов кампаниялари даврида дипфейкларга қарши курашишнинг долзарб жиҳатлари муҳокамасида З. Низамходжаев қатор ташаббусларни илгари сурди. Ушбу ташаббуслар сайлов жараёнидаги сохталаштиришларга қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган бўлиб, уларни Туркий Давлатлар Ташкилоти маконида кўриб чиқиш ва амалиётга жорий этиш таклиф этилди.

 

Ўзбекистон МСК делегациясининг Қозоғистон МСК Раиси Н. Абдиров билан учрашувида сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш масалалари юзасидан фикр алмашилди, шунингдек, икки мамлакат сайлов органлари ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

 

 

Ўзбекистон делегацияси, шунингдек, Остона шаҳридаги Халқаро сунъий интеллект марказига ташриф буюрди.

 

 

Сайлов куни – 23 августда Ўзбекистон делегацияси аъзолари сайлов участкаларининг очилишидан бошлаб, кун давомида овоз бериш жараёни ҳамда участкаларнинг ёпилишига қадар бўлган барча босқичларда овоз бериш жараёнини кузатдилар. Жами 110 та сайлов участкасига ташриф буюрилди.

 

 

 

 

Делегация аъзолари сайлов комиссиялари ишини ташкил этиш, сайловчилар учун яратилган шароитлар билан танишдилар ҳамда овоз бериш жараёнини бевосита кузатдилар. Белгиланган тартиб-таомилларга риоя қилиниши, сайлов участкаларининг ҳамма учун қулайлиги таъминланиши ва фуқароларнинг эркин хоҳиш-иродасини билдириши учун зарур шарт-шароитлар яратилишига алоҳида эътибор қаратилди.

 

   

 

   

 

24 август куни Ўзбекистон делегацияси аъзолари Қозоғистон МСКнинг сайловларнинг дастлабки якунларига бағишланган брифингида, шунингдек, Қурултой сайловларини кузатиш бўйича халқаро миссияларнинг сайлов жараёнини кузатиш якунларига бағишланган матбуот анжуманларида иштирок этдилар.

 

 

Қозоғистонда бўлиб ўтган сайловлар бўйича халқаро кузатув дастурида Ўзбекистон делегацияси МСК аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси МСК ҳамда Бухоро ва Навоий вилоятлари ҳудудий сайлов комиссиялари аъзолари, МСК Котибияти ходимлари, шунингдек, мамлакат парламенти аъзоларидан иборат таркибда иштирок этди.

 

Делегация аъзолари Остона, Олмаота ва Чимкент шаҳарларида, шунингдек, Сариоғоч шаҳри (Туркистон вилояти) ва Қостанай шаҳрида (Қостанай вилояти) сайлов жараёнларини бевосита кузатиб бордилар.

 

Марказий сайлов комиссияси

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур