Марказий сайлов комиссияси вакиллари халқаро форумда иштирок этдилар

20.02.2026

184

msk_yangiliklari_in

Марказий сайлов комиссияси Раиси З. Низамходжаев бошчилигидаги делегация жорий йилнинг 18-20 февраль кунлари Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган “Сайлов ва референдум институтига ишончни шакллантириш: халқаро кузатувнинг роли” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция доирасидаги тадбирлар дастурида онлайн форматда иштирок этди.

 

Конференция тадбирлари МДҲга аъзо давлатлар Парламентлараро Ассамблеяси ҳамда МДҲга аъзо давлатлар сайлов органлари раҳбарларининг Маслаҳатлашув кенгаши томонидан ташкил этилган. Тадбир МДҲ Парламентлараро Ассамблеясига аъзо давлатларда Демократия ривожи, парламентаризм ва фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш бўйича халқаро институт ташкил топганлигининг 20 йиллигига бағишланди.

 

МДҲ мамлакатлари парламент аъзолари, давлат ҳокимияти ва сайловларни бошқариш органлари вакиллари, халқаро ва жамоат ташкилотлари, шунингдек олимлар ва экспертлар иштирокида ўтказилган давра суҳбатларида сайлов жараёнининг долзарб масалалари юзасидан таҳлилий муҳокамалар бўлиб ўтди. Жумладан, сунъий интеллект ва унинг сайлов жараёнида қўлланилиши, сайлов ва референдумлар устидан халқаро кузатув доирасида сайловчилар эркинлигини ҳимоя қилишни таъминлаш, шунингдек кузатувнинг мукаммал моделларини излаш билан боғлиқ мавзулар кўриб чиқилди.

 

 

 

МСК раиси З. Низамходжаев халқаро илмий-амалий конференциянинг ялпи мажлисида сўзга чиқиб, Ўзбекистон томонидан демократик сайловларни ўтказиш соҳасида халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва меъёрларига қатъий риоя этилишига, шунингдек сайлов жараёни иштирокчиларининг сайлов ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Таъкидланганидек, сайлов тизимини такомиллаштириш доирасида давлат фуқаролар ва сайлов иштирокчиларининг конституциявий сайлов ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилишга интилмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистон миллий сайловлар ва референдумлар ўтказилиши устидан халқаро кузатув учун очиқдир.

 

 

Миллий сайловларда халқаро кузатувчилар иштирокининг ўсиш динамикаси ҳақида тўхталар экан, З. Низамходжаев мазкур жараён Ўзбекистонда сайловлар туб ўзгаришлар ва демократик ислоҳотлар шароитида ўтказилаётгани билан изоҳланишини қайд этди. Натижада янги сиёсий муҳит шаклланмоқда, бу эса мазкур ўзгаришларга халқаро ҳамжамият эътиборининг тобора ортишига сабаб бўлмоқда.

 

   

 

 

“Сунъий интеллект ва унинг сайлов жараёнида қўлланилиши: комплекс ёндашув ва қонунчилик билан тартибга солиш” мавзусидаги давра суҳбатида МСК аъзоси Г. Рахимова сайлов жараёнида сунъий интеллектдан фойдаланишнинг сайлов ташкилотчилари учун бирламчи аҳамият касб этаётган унинг замонавий жиҳатларига, хусусан, рақамли маконни тартибга солиш масалаларига тўхталди.

 

Г. Рахимова сайлов кампаниялари доирасида сайлов ташкилотчилари олдида турган асосий вазифалар ҳақида гапириб, 2024 йилда Ўзбекистонда давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига бўлиб ўтган сайловлар даврида сунъий интеллектни қўллаш билан боғлиқ ишлар натижалари асосида ахборот манипуляцияларига қарши самарали усулларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш, шунингдек, электоратни дезинформациядан ҳимоя қилишни таъминлаш борасидаги тажриба билан ўртоқлашди.

 

   

 

Конференция доирасида бўлиб ўтган МДҲга аъзо давлатлар сайлов органлари раҳбарлари Маслаҳатлашув кенгашининг еттинчи мажлисида ўтказилган электорал муҳокамалар давомида Ўзбекистон МСК раиси З. Низамходжаев мажлис иштирокчиларига янгиланган сайлов тизими асосида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ўтказилган сайловлар шарҳини тақдим этди.

 

З. Низамходжаев миллий сайлов тизимидаги ўзгаришларнинг аҳамиятига тўхталиб, энг аввало бошқарувни марказлашганлигини  алоҳида таъкидлади. МСК ваколатларининг кенгайтирилиши барча даражаларда сайлов жараёнини янада самарали мувофиқлаштириш, ягона стандарт ва тартиб-таомилларни таъминлаш имконини берди. Шунингдек, ўзгаришларга тезкор муносабат билдириш шароити қайд этилди, яъни бўшаб қолган депутатлар ўрнига қўшимча сайловларни тезкор ўтказиш имкониятининг яратилгани маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг узлуксизлигини таъминлашга хизмат қилиб келмоқда.

 

Миллий сайлов тизимидаги ўзгаришларнинг аҳамияти ҳақида фикр билдирар экан, МСКнинг масъулияти ошганини алоҳида қайд этиб, З. Низамходжаев қуйидагиларни таъкидлаб ўтди: “Сайловларни ташкил этишда МСК ролининг кучайтирилиши сайлов жараёнининг барча иштирокчилари масъулиятини оширишга хизмат қилади. Албатта, бу ўзгаришлар Ўзбекистоннинг ўз сайлов тизимини модернизация қилиш, унинг самарадорлиги ва шаффофлигини янада оширишга интилишини акс эттиради”.

 

 

 

 

Мажлис ишида Маслаҳатлашув кенгаши аъзолари — МДҲ давлатлари Марказий сайлов комиссиялари раҳбарлари ва вакиллари, шунингдек маслаҳат овози ҳуқуқи билан иштирок этган Маслаҳатлашув кенгаши аъзолари — МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси Кенгаши Бош котиби Д. Кобицкий ҳамда МДҲ Бош котибининг биринчи ўринбосари И. Петришенколар, шунингдек хорижий давлатлар сайлов органлари вакиллари ҳам қатнашдилар.

 

Шунингдек, Маслаҳатлашув кенгаш ҳузуридаги сайлов соҳасида ёшлар сиёсати бўйича Ишчи гуруҳнинг “МДҲга аъзо давлатлар ёшларининг сайлов ва референдум институтига ишончини шакллантириш омили сифатида электорат маданиятни ривожлантиришдаги роли” мавзусида навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. МСК Котибияти бош маслаҳатчиси С. Олимжонов 2024 йилги сайлов кампанияси мисолида ёшларни сайлов жараёнларига жалб этишнинг амалий механизмлари билан иштирокчиларни таништириб ўтди. Ёшлар штаблари, сайлов участкаларига экскурсиялар, биринчи бор овоз бераётган сайловчилар учун тантанали маросимлар каби ташаббуслар алоҳида қайд этилди.

 

   

 

 

Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссияси

 

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур