Марказий сайлов комиссияси Раиси Таиланд Қироллиги Конституциявий суди Президенти билан учрашув ўтказди

10.11.2025

192

msk_yangiliklari_in

Тошкент шаҳрида ўтказиладиган “Конституциявий ислоҳотлар ва конституциявий назорат институтини ривожлантиришнинг долзарб масалалари” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этиш ва Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлар ассоциацияси раислигини Таиланд Қироллиги Конституциявий судидан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига топшириш тадбирлари доирасида Таиланд Қироллиги Конституциявий суди делегацияси Ўзбекистонда бўлиб турибди.

 

Ташриф дастури доирасида, бугун, 10 ноябрь куни Марказий сайлов комиссиясида Таиланд Қироллиги Конституциявий суди Президенти Н. Мектраират бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

 

Марказий сайлов комиссияси Раиси З. Низамходжаев делегация вакилларини қутлаб, мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, жумладан, сайлов тизимини такомиллаштириш ва фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқларини кафолатлаш борасидаги ишлар ҳақида маълумот берди. Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистонда сайлов жараёнларини шаффоф, очиқ ва адолатли ўтказишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

 

Шунингдек, З. Низамходжаев мамлакатимизда Конституцияга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг аҳамияти, уларнинг сайлов тизими ва давлат бошқаруви органлари фаолиятига ижобий таъсири ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

 

Ўз навбатида, Таиланд Қироллиги Конституциявий суди Президенти Н. Мектраират Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, демократик институтларни мустаҳкамлаш ва қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни юқори баҳолади. У конституциявий судлар ва сайлов органлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимлигини, чунки уларни бир мақсад – сайлов жараёнларида конституциявий нормалар ва тамойилларга риоя этилишини таъминлаш вазифаси бирлаштирганини қайд этди.

 

Н. Мектраират Марказий сайлов комиссияси билан конструктив ҳамкорликка тайёрлигини билдирди ва келгусидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқишини таъкидлаб ўтди.

Учрашувда Марказий сайлов комиссияси аъзолари ҳам иштирок этишди.

 

Марказий сайлов комиссияси

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур