2026 йил 17-22 июнь кунлари Россия Федерациясининг Саратов шаҳрида Халқаро ёшлар сайлов мактаби (ХЁСМ) доирасида қатор тадбирлар ўтказилмоқда. Тадбирлар МДҲ давлатлари Парламентлараро ассамблеясининг Демократияни ривожлантириш халқаро институти ҳамда Саратов давлат юридик академияси томонидан ташкил этилди.

2026 йил 20 июнь куни ХЁСМ доирасида “Ёшлар ва сайловлар” мавзусида очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Тадбирда МДҲ иштирокчи давлатлари сайлов органлари раҳбарлари Маслаҳат кенгаши ҳузуридаги Сайлов соҳасида ёшлар сиёсати бўйича ишчи гуруҳ вакиллари, ёшлар ташкилотлари ҳамда Ҳамдўстлик давлатларидан экспертлар иштирок этишди. Ўзбекистон томонидан Ишчи гуруҳнинг доимий аъзолари - МСК Котибияти ходимлари С. Абдихоликов ва С. Олимжоновлар қатнашдилар.

Мулоқот давомида иштирокчилар ёш сайловчилар ўртасида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, ёшларнинг сайловдаги фаоллигини рағбатлантириш ҳамда уларни сайлов жараёнларига кенг жалб этиш масалаларини муҳокама қилдилар. Ўзбекистон МСК вакиллари мамлакатимизда ёшлар билан ишлаш соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, хусусан, сайлов саводхонлигини ошириш ва ёш сайловчиларнинг сайлов кампанияларида фаол иштирокини таъминлашга қаратилган ташаббуслар ҳақида ахборот беришди.
Тадбир МДҲ иштирокчи давлатлари ўртасида ёшлар сиёсати ва сайлов соҳасида ҳуқуқий маърифатни ривожлантириш борасида тажриба алмашиш ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилди.
Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати