Ўзбекистон Республикаси МСК делегацияси Бангладеш Халқ Республикасида ўтказилган парламент сайловлари ва референдумда кузатувчи сифатида иштирок этди

13.02.2026

180

msk_yangiliklari_in

Бангладеш Халқ Республикаси Сайлов комиссиясининг таклифига кўра, МСК раиси ўринбосари Б. Кучкаров бошчилигидаги делегацияси 2026 йилнинг 12 февраль куни бўлиб ўтган муддатидан илгари парламент сайловлари ҳамда конституциявий референдумида халқаро кузатувида иштирок этди.

 

Халқаро кузатув дастури доирасида МСК делегацияси Бангладеш Сайлов комиссияси томонидан миллий ва халқаро кузатувчилар, шунингдек ОАВ вакиллари учун ташкил этилган брифингда иштирок этди. Унда овоз беришга тайёргарлик жараёни, сайлов ва референдумнинг ҳуқуқий асослари, уларни ташкил этиш ҳамда техник жиҳатлари, шунингдек овоз бериш натижаларининг шаффофлиги, хавфсизлиги ва ишончлилигини таъминлаш бўйича кўрилган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди. Қайд этилганидек, 300 та бир мандатли сайлов округида 2 000 нафар номзод кўрсатилган ва аксарият номзодлар 51 та сиёсий партия томонидан кўрсатилган. Тахминан 250 нафар мустақил номзодлар сайловларда иштирок этди.

 

 

 

Бангладеш Конституциясининг 1972 йилдаги таҳририга ўзгартишлар киритиш бўйича референдум масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, референдум илк бор парламент сайловлари билан бир вақтда ўтказилмоқда. Таклиф этилаётган конституциявий ўзгартишлар президент ва бош вазир ўртасидаги ваколатларни қайта тақсимлашни, шунингдек давлат бошқарувида мувозанатли тийиб туриш ва қарши таъсир механизмларини шакллантиришни назарда тутади. Мазкур ўзгаришлар эҳтимолий сиёсий суиистеъмолларнинг олдини олиш ҳамда демократик институтларни мустаҳкамлашга қаратилган.

 

Ташриф доирасида МСК раиси ўринбосари Б. Кучкаровнинг Бангладеш Сайлов комиссияси Бош сайлов комиссари A.M.M. Насир Уддин билан учрашуви бўлиб ўтди. Томонлар икки давлат сайлов органлари ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдилар ҳамда сайлов бошқаруви соҳасида тажриба алмашиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва сайлов жараёнларини рақамлаштириш, шунингдек кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.

 

   

 

A.M.M. Насир Уддин халқаро кузатувда ўзбек делегациясининг иштироки учун миннатдорлик билдириб, унинг сайловларга бўлган ишонч ва шаффофликни оширишдаги ҳиссасини алоҳида таъкидлади. Учрашув якунлари бўйича экспертлар алмашинуви, қўшма тадбирлар ўтказиш ҳамда сайловларни ўзаро кузатишга таклиф этиш юзасидан келишувга эришилди.

 

Овоз бериш куни делегация аъзолари Дакка шаҳридаги қатор сайлов участкаларида кузатув олиб бордилар.

 

 

 

 

 

Бангладеш қонунчилигига мувофиқ, 18 ёшга тўлган фуқаролар сайлов ҳуқуқига эга бўлиб, сайловчилар рўйхатига қарийб 127,6 миллион нафар шахс киритилган. Овоз беришни ўтказиш учун мамлакат бўйлаб 42 950 та сайлов участкалари ташкил этилди.

 

Сайловлар аралаш тизим асосида ўтказилди: 300 нафар депутат бир мандатли округларда мажоритар тамойил асосида сайланди, 50 та ўрин эса аёллар учун ажратилди ҳамда сайланган депутатлар орасида пропорционал вакиллик асосида тақсимланди.

 

   

 

Делегация аъзолари пойтахтнинг турли туманларидаги бир нечта участкаларга ташриф буюриб, уларнинг очилиш жараёни, участка сайлов комиссияларининг ишини ташкил этиш, сайловчиларни қабул қилиш тартиби, идентификация ва бюллетенларни бериш жараёнлари билан танишдилар. Шунингдек, айрим участкаларда овоз бериш якунланиши жараёни, жумладан сайлов қутиларини муҳрлаш, ҳужжатларни расмийлаштириш ва материалларни юқори турувчи сайлов органларига топшириш тартибини кузатдилар.

 

 

Марказий сайлов комиссияси

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур