Ҳиндистон Сайлов комиссиясининг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Б. Кучкаров бошчилигидаги делегация жорий йилнинг 21-23 январь кунлари Ҳиндистоннинг Нью-Деҳли шаҳрида бўлиб ўтган Демократия ва сайловларни бошқариш масалаларига бағишланган халқаро конференцияда иштирок этди.

Ушбу тадбир Ҳиндистон Сайлов комиссияси томонидан Ҳиндистон Демократия ва сайловларни бошқариш халқаро институти ҳамда Демократия ва сайловларга кўмаклашиш халқаро институти билан ҳамкорликда ташкил этилди. Конференциянинг ташкил этилиши 2026 йилда Ҳиндистон Сайлов комиссиясининг Демократия ва сайловларга кўмаклашиш халқаро институтига аъзо давлатлар Кенгашига раисликни қабул қилиши муносабати билан ташкил этилди.

Тадбирда 42 та мамлакатнинг сайловларни бошқариш органлари вакилларини ўз ичига олган қарийб 1 000 нафар миллий ва халқаро делегатлар иштирок этишди.
Конференция демократик ва сайлов инновациялари соҳасида тажриба алмашиш, биргаликда ечимлар ишлаб чиқиш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун кенг кўламли платформани тақдим этди. Иштирокчилар сайлов жараёнларини бошқариш билан боғлиқ глобал муаммоларни муҳокама қилиб, намунавий стандартларни ишлаб чиқиш ва илғор амалиётларни жорий этиш бўйича умумий ёндашувларни шакллантириш имкониятига эга бўлдилар.
Делегация аъзолари конференциянинг ишида фаол иштирок этдилар.
Конференциянинг очилиш маросимида МСК раиси ўринбосари Б. Кучкаров сўзга чиқиб, жадал рақамлаштириш, сунъий интеллект ролининг ортиб бориши ва ахборот маконининг трансформацияси шароитида сайловларни бошқариш масалалари бўйича халқаро мулоқотнинг долзарблигини таъкидлаб ўтди. У ўз нутқида барқарор рақамли ривожланиш, дезинформацияга қарши курашиш, шунингдек, инстуционал салоҳиятни мустаҳкамлаш муҳимлигини алоҳида қайд этди.

Cайловларни бошқариш учун интеграциялашган технологик платформалар масалаларига бағишланган сессия доирасида МСК раиси ўринбосари Б. Кучкаров Ўзбекистон сайлов тизимининг рақамли трансформацияси бўйича стратегик йўли ҳақида тақдимот ўтказди. Ушбу жараённинг асосий элементи сифатида “Е-saylov” платформаси эътироф этилди. Таъкидланганидек, “Е-saylov” оддий маълумотлар базаси эмас, балки МСК, сиёсий партиялар, номзодлар, кузатувчилар ва ОАВни бирлаштирувчи, сайлов жараёнининг барча босқичларида ахборотнинг қонуний ва шаффоф алмашинувини таъминлайдиган яхлит рақамли экотизим саналади. Шунингдек, тизимнинг ривожланиш босқичлари – 2017 йилдаги пилот лойиҳадан бошлаб Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини яратишгача ҳамда 2023-2024 йилларда рақамли инновацияларни тўлиқ жорий этиш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилган зарур қонунчилик ўзгартишлари қабул қилингунига қадар бўлган жараёнлар ёритиб берилди.

Ўзбекистоннинг сайлов жараёнини рақамлаштириш ва “Е-saylov” ахборот тизимини жорий этиш бўйича тақдим этилган тажрибаси конференция иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди ва халқаро экспертлар томонидан юқори баҳоланди.
Конференция доирасида МСК раиси ўринбосари ва Ҳиндистоннинг Бош сайлов комиссари Г. Кумар ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди. Томонлар икки мамлакат сайлов органлари ўртасидаги ҳамкорликнинг ижобий ривожланиш динамикасини мамнуният билан қайд этиб, уни янада чуқурлаштириш истиқболларини, жумладан рақамлаштириш ва кадрлар тайёрлаш соҳасида тажриба алмашиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон МСК делегациясининг Ҳиндистонда ўтказилган халқаро конференциядаги иштироки халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, илғор амалиётлар алмашинуви ҳамда демократик ислоҳотлар ва сайловларни бошқариш соҳасидаги миллий тажрибани илгари суришда муҳим ҳисса бўлди.
Марказий сайлов комиссияси