Муҳтарама онахонлар! Қадрли опа-сингиллар!
Сизларни гўзал ва бетакрор Ватанимизга баҳор нафаси кириб келган ушбу фараҳли кунларда эзгулик, гўзаллик ва оилавий қадриятлар байрами 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни билан чин дилдан, самимий муборакбод этишдан ғоят мамнунмиз!
Бу байрам бувиларимизга, оналаримизга, опа-сингилларимизга, қизларимизга меҳр-мурувватимизни янада оширадиган, уларнинг шаънига энг самимий ва эзгу тилакларимизни, чуқур ҳурмат-эҳтиромимизни изҳор этадиган қувончли айёмдир.
Ушбу байрамнинг Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йилида рамазон ойига тўғри келгани унинг қадрини янада оширади. Ана шу муқаддас ой — Рамазони шариф ҳам барчамизга муборак бўлсин.
Бугунги кунда ҳурматли аёлларимиз барча соҳа ва тармоқларда, жумладан, миллий сайлов тизимда Ватанимизнинг жадал тараққиёти учун муносиб ҳисса қўшаётганини миннатдорлик билан таъкидлаймиз.
Янги Ўзбекистонда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини, хусусан сайлов ҳуқуқини таъминлаш борасида олиб борилаётган изчил ишлар халқаро ҳамжамият томонидан кенг эътироф этилган.
Жумладан, Парламентлараро иттифоқнинг яқинда Женевада бўлиб ўтган 151-сессиясида Ўзбекистон парламентларнинг қуйи палаталарида хотин-қизлар фаоллиги бўйича дунёда 15-ўринни эгаллагани қайд этилди.
Ушбу рақамлар замирида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш аввало азиз ва мукаррама аёлларимизни улуғлашдан бошланади деган эзгу тамойил асосида хотин-қизларнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, гендер тенгликни қарор топтириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли буюк ислоҳотларнинг улкан самаралари мужассамдир.
Муҳтарама онахонлар, қадрли опа-сингиллар!
Барчангизга аввало, мустаҳкам сиҳат-саломатлик, оилавий бахт ва узоқ умр тилаймиз. Ҳаётингиздан, хонадонингиздан ҳеч қачон файз-у барака аримасин. Гўзал Ватанимизнинг равнақи йўлидаги хайрли ишларингизда ҳамиша юксак муваффақиятлар ёр бўлсин!
Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссияси жамоаси