Бугун мамлакатимизда 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни кенг нишонланмоқда. Мамлакатимизнинг янгиланган Конституциясида оммавий ахборот воситаларининг эркин фаолият юритишини таъминлаш бўйича муҳим қоида ва тамойиллар мустаҳкамлаб қўйилгани, соҳага доир ҳуқуқий асослар тобора такомиллаштириб борилаётгани бу қутлуғ байрамга алоҳида руҳ ва мазмун бағишламоқда.
Янги Ўзбекистонни барпо этишга йўналтирилган демократик ислоҳотлар жараёнида ўз ишининг устаси бўлган заҳматкаш журналист ва блогерлар, ношир ва муҳаррирлар, таржимон ва рассомлар, режиссёр ва операторлар, барча техник ходимларнинг машаққатли меҳнати юксак қадр топмоқда. Давлатимиз раҳбарининг фармонига биноан байрам муносабати билан ушбу касб эгаларидан бир гуруҳининг юксак давлат мукофотлари билан тақдирлангани бунинг ёрқин тасдиғидир.
Шу муносабат билан мамлакатимиз миллий сайлов тизимида фаолият юритаётган журналистларни, сайлов ва референдумларни кенг ва холис ёритишда аввало сайловчиларга ҳамда сайлов комиссияларига камарбаста бўлиб келаётган оммавий ахборот воситалари ходимларини, юртимиздаги барча ижод аҳлини ушбу ажойиб байрам билан самимий табриклаймиз.
Уларнинг эл-юртимиз равнақи йўлида олиб бораётган самарали фаолияти ва ижодий изланишларида улкан муваффақиятлар, ўзларига мустаҳкам сиҳат-саломатлик, оилавий бахт ва омадлар тилаймиз.
Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссияси