Сайт тест режимида ишламоқда

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Кўриниш:

Шрифт ҳажми:

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси вакилларининг Жанубий Кореяда бўлиб ўтган умумий сайловлар кузатувида иштироки тўғрисида

12.04.2024

664

msk_yangiliklari_in

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси З. Низамходжаев бошчилигидаги делегация Жанубий Корея Халқ Ассамблеяси (парламенти)га жорий йилнинг 10 апрель куни бўлиб ўтган умумий сайловларнинг халқаро кузатувида иштирок этди.

 

Аввал хабар қилинганидек, Корея Республикаси Миллий сайлов комиссияси томонидан сайловларни кузатиш бўйича халқаро дастур ташкил этилган бўлиб, унда 27 та давлатлардан сайлов органлари, шунингдек, сайлов масалалари билан шуғулланувчи халқаро ташкилотларнинг жами 58 нафар вакиллари иштирок этди.

 

9 апрель куни сайловни кузатиш бўйича халқаро дастур иштирокчилари Корея Миллий сайлов комиссияси ҳузуридаги Демократия учун Корея фуқаролик таълими институти фаолияти билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлишди.

 

 

Институт 1996 йилда ташкил этилганидан буён сайлов бўйича масъул ходимлар, мутахассислар ва сайлов бўйича экспертларни тайёрлаш ва малакасини ошириш, аҳолининг сиёсий онгини ва сайловолди фаоллигини юксалтиришга хизмат қилиб келмоқда.

 

 

 

Шу куннинг ўзида Дастур доирасида иштирокчилар Корея Миллий сайлов комиссиясида бўлиб, унинг самарали фаолият юритиши учун яратилган шарт-шароитлар, муддатидан олдин овоз бериш, хорижда овоз бериш, сайлов куни овоз бериш жараёнларини мониторинг қилиш бўйича вазият марказлари фаолияти билан танишишди. Бу ерда Дастур иштирокчиларига дастлабки овоз бериш жараёнида ва овоз бериш куни сайлов участкаларининг фаолияти, сайлов органлари томонидан қўлланиладиган техник воситалар намойиш этилди. МСК мутахассислари Дастур иштирокчиларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб беришди.

 

 

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси вакиллари 10 апрель куни, яъни овоз бериш кунида Сеул шаҳридаги бир қатор сайлов участкаларида бўлиб, у ерда сайлов участкаларининг очилиши, овоз беришни ташкил этиш, шунингдек, овозларни санаб чиқиш жараёнларини бевосита кузатишга муваффақ бўлдилар.

 

Корея Республикаси қонунчилигига мувофиқ сайлов участкалари фақат овоз беришни ташкил этади, сайлов қутиларини очиш, бюллетенларни саралаш ва овозларни санаб чиқиш эса сайлов участкалари бириктирилган овозларни санаш марказларида амалга оширилади. Ушбу овозларни санаш марказларига ўз округидан ташқарида муддатидан олдин овоз бериш пайтида овоз берган сайловчиларнинг бюллетенлари ҳам саноқ учун келтирилади. 

 

 

 

 

Миллий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, сайловчиларнинг фаоллиги 67 фоизни (29,7 млн. сайловчи) ташкил этди, бу парламент сайловларида сўнгги 32 йилдаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Мамлакат парламенти аралаш сайлов тизими бўйича – 300 ўриндан 254 таси мажоритар тартибда, 46 таси эса пропорционал вакиллик тизими бўйича шаклланади.

 

 

   

 

11 апрель куни МСК овоз бериш натижаларини эълон қилди. Шу куннинг ўзида МСК томонидан халқаро кузатувчилар учун конференция ташкил этилди, унда ҳар бир иштирокчи дастур натижалари бўйича ўз фикр ва хулосаларини билдириш имкониятига эга бўлди.

 

 

 

Марказий сайлов комиссияси

 

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур