2025 йил 25–28 июнь кунлари Қирғиз Республикасининг Чўлпон-Ота шаҳрида «Замонавий сайлов иштирокининг ёндашувлари: назариядан амалиётга» мавзусида электорал форум бўлиб ўтди.
Иссиқ-кўл форуми Қирғиз Республикаси Сайловлар ва референдумлар ўтказиш бўйича Марказий комиссияси томонидан ташкил этилди. Форумда Озарбайжон, Беларусь, Грузия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Мўғулистон, Тожикистон, Туркия, Россия ва Эстония давлатларининг сайлов органлари раҳбарлари ва вакиллари, шунингдек, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси , Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ), Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ), Туркий давлатлар Парламент ассамблеяси (ТуркПА), МДҲ (Ижроия қўмита, Парламентлараро ассамблея, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти парламент ассамблеяси, МДҲ ПА Демократияни ривожлантиришни мониторинг қилиш халқаро институти) каби халқаро ташкилотлар делегациялари, сайлов ҳуқуқи ва жараёни бўйича экспертлар иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси З.Низамходжаев бошчилигидаги делегация иштирок этди.
Форум иштирокчиларига табрик сўзлари билан Қирғиз Республикаси Президенти, Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари, МДҲ, ШҲТ, ТДТ, МДҲ Межпарламент Ассамблеяси, ТуркПА Бош котиблари ва бошқалар мурожаат қилдилар.
Электорал форум дастурининг доирасида «Халқаро сайлов амалиётларини миллий контекстга адаптацияси» мавзусида панел сессияси ҳамда «Сайлов ташкилотчиларини ўқитиш бўйича энг яхши услублар» мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Ушбу тадбирлар жараёнида сайлов тизимларини ривожлантириш ва фуқароларнинг барча тоифалари учун сайловларда тенг иштирок этиш имкониятларини таъминлаш бўйича долзарб масалалари, сайлов қонунчилигини такомиллаштириш ва қўллаш, шунингдек, сайловлар ва референдумларнинг ишончлилиги ва ошкоралигини таъминлаш технологияларини ривожлантириш юзасидан профессионал мулоқот ташкил этилди.
Панел сессиясидаги кириш сўзида МСК Раиси З.Низамходжаев халқаро сайлов амалиётларининг миллий қонунчилик ва амалиётларга таъсири борасида сўз юритиб, бугунги кунда бундай таъсир анча сезиларли ва муқаррар ҳисобланишига эътибор қаратди. «Давлатнинг халқаро мажбуриятлари ва халқаро сайлов стандартларини имплементация қилиш асосида сайловларни ўтказиш ва уларда халқаро кузатувни ташкил этиш борасида ҳуқуқий тартибга солиш амалга оширилмоқда. Бу амалиёт мамлакатимиз томонидан сайлов кампанияларини ташкил этиш ва ўтказишда қабул қилинган халқаро мажбуриятларга тўлиқ мос келади», – деб таъкидлади З. Низамходжаев.
З.Низамходжаев Ўзбекистондаги сайлов ва референдумлар тўғрисидаги миллий қонунчилик доирасида халқаро-ҳуқуқий асосларни қўллаш тажрибаси ҳақида сўз юритди. У сўнгги ўн йилликда бу соҳада юз берган туб ўзгаришлар мамлакатдаги демократик ислоҳотлар жараёни билан боғлиқ эканлигини таъкидлади.
Чет эллик мутахассислар ва экспертлар фикрига ҳавола қилган ҳолда, сўнгги йилларда сайлов соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда эркин ва адолатли сайловлар стандартларини ўзида мужассам этган илғор сайлов қонунчилиги шаклланганлигини қайд этди. Бунинг яққол исботи сифатида у Сайлов кодексининг қабул қилиниши, ахборот ва коммуникация технологияларининг сайлов жараёнига жорий этилиши ва бошқа бир қатор янгиликлар борасида тўхталиб ўтди.
Халқаро электорал форумнинг иккинчи кунида МДҲга аъзо давлатлар сайлов органлари раҳбарлари Маслаҳат кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Маслаҳат кенгаши ҳузуридаги Ёшлар сиёсати бўйича ишчи гуруҳ тўғрисидаги Низом тасдиқланди ва унинг таркиби шакллантирилди.
Ўз нутқида МСК Раиси З. Низамходжаев: “Маслаҳат Кенгаши ҳузурида ушбу ишчи гуруҳнинг ташкил этилиши МДҲга аъзо давлатларда ёшларнинг сиёсий маданияти ва сайлов фаоллигини янада ошириш, пировардида ёшларни жамият ҳаётидаги ижтимоий–иқтисодий, сиёсий ва сайлов соҳаларига жалб этиш учун шароит яратиш бўйича маслаҳат Кенгаши олдида турган вазифаларни ҳал этиш йўлидаги муҳим қадамдир” дея таъкидлади. Маслаҳат кенгаши ҳузуридаги Ишчи гуруҳ тўғрисидаги Низомда ушбу гуруҳнинг тузилиши, мақсад ва вазифалари ҳамда иш тартиби аниқ белгилаб берилган.
Кенгашда раислик қилиш ваколати Қозоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига ўтди.
Форум доирасида Ўзбекистон МСК делегацияси сайлов органлари вакиллари ва халқаро ташкилотлар делегациялари билан қатор икки томонлама учрашувлар ўтказди.
Марказий сайлов комиссияси