Ўзбекистон МСК вакиллари Грузияда Сайловларни бошқариш органларининг йиллик 12-йиғилишида иштирок этди

08.06.2025

536

msk_yangiliklari_in

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Б. Кучкаров бошчилигидаги делегация жорий йилнинг 5-6 июнь кунлари Грузияда бўлиб ўтган Сайловларни бошқариш органларининг йиллик 12-йиғилишида иштирок этди.

 

Мазкур йиғилиш 2011 йилдан буён Грузия МСК ташаббуси билан конференция шаклида ўтказиб келинаётган халқаро форумларнинг давоми бўлиб, сайлов жараёнларини рақамлаштириш шароитида тажриба алмашиш, муаммоларни муҳокама қилиш ва биргаликдаги ечимларни ишлаб чиқиш учун платформа вазифасини ўтайди.

 

 

Навбатдаги йиғилиш сайловларда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш тажрибаси ва дезинформациянинг сайлов жараёнларига бўлган ишончга салбий таъсирига бағишланди. Технологиялар ривожланишда давом этар экан ва дезинформациянинг таъсири кучаяр экан, сайловлар ҳалоллиги ва уларга бўлган жамоатчилик ишончини ҳимоя қилиш учун бу муаммоларни ҳал қилиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ бўлиб бормоқда.

 

Тадбирда Европa, Осиё, Африка ва Американинг 25 та давлатидан сайлов органлари, эксперт ҳамжамиятининг 60 дан ортиқ вакиллари иштирок этишди.

 

 

 

Конференция дастури учта тематик сессиядан иборат бўлди.

 

Биринчи сессияда сайлов соҳасида биометрик идентификациядан тортиб, электрон овоз бериш ва натижаларни чиқаришгача бўлган технологиялардан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди. Конференция иштирокчилари ана шундай инновацион ечимларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича ўз тажрибалари ва уларнинг сайлов жараёнларида самарадорлик, ошкоралик ва ишончни оширишга таъсири билан ўртоқлашди. Сессияда турли сайлов контекстларининг қиёсий истиқболлари, олинган сабоқлар ва келгусида сайловларда бундай технологиялардан фойдаланиш бўйича тавсиялар тақдим қилинди.

 

Иккинчи сессияда замонавий сайлов жараёнларида электрон хизматларнинг ўрни ортиб бораётгани, жумладан, сайловчилар фаоллигини ошириш, электрон хизматлар кўламини кенгайтириш ва сайловни бошқариш тизимини модернизация қилишга қаратилган рақамли ечимлар муҳокама қилинди. Сайловчиларни онлайн рўйхатга олиш, электрон маслаҳат платформалари, рақамли шикоят тизимлари, сайлов натижалари порталлари ва сайловни бошқариш органлари томонидан тақдим этиладиган АКТга асосланган бошқа хизматлар кўриб чиқилди. Иштирокчилар инклюзивлик, фойдаланиш имконияти ва киберхавфсизликни таъминлаган ҳолда ушбу хизматларни режалаштириш, амалга ошириш ва кенгайтириш билан боғлиқ тажриба, қийинчиликлар ва муваффақиятлар билан ўртоқлашдилар. Сессияда, шунингдек, рақамли воситалар сайлов жараёнлари шаффофлигини таъминлаши ва уларга жамоатчилик ишончини ошириши масалалари ҳам кўриб чиқилди.

 

 

 

Ушбу сессия доирасида Ўзбекистон Республикаси МСК раисининг ўринбосари Б.Қўчқоров Ўзбекистонда сайлов бошқарувини рақамли трансформация тажрибаси, жумладан, иккита асосий платформа – 2017 йилдан бери амалда бўлган Сайловни бошқаришнинг ахборот тизими (СЖБАТ) ва 2024 йилда муваффақиятли жорий этилган янги “E-saylov” тизимини жорий этиш тажрибасини тақдим қилди.

 

Якуний сессияда дезинформация таҳдидининг кучайиши ва унинг сайлов тизими ва институционал легитимликка бўлган ишончга таъсири муҳокама қилинди. Экспертлар ва сайлов органлари вакиллари ахборотни манипуляция қилиш тенденциялари, ёлғон ахборотга қарши самарали стратегиялар, жумладан, медиасаводхонлик, реал вақт режимида фактларни текшириш, идоралараро мувофиқлаштириш, фуқаролик жамияти ва технологик платформалар билан ҳамкорликни муҳокама қилдилар. Жамият барқарорлигини ошириш ва демократик жараёнларга ишончни мустаҳкамлаш борасидаги истиқболли ёндашувларга алоҳида эътибор қаратилди.

 

Ана шундай мазмунли муҳокамалар туфайли бундай халқаро анжуманлар сайловлар соҳасидаги долзарб муаммоларни чуқур таҳлил қилиш ва аниқ ечимларни ишлаб чиқиш, шунингдек, демократик сайлов жараёнларини илгари сурувчи ҳамкорликни давом эттириш майдонига айланиб бормоқда.

 

Тадбир давомида Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси делегацияси сайлов органлари вакиллари билан бир қатор учрашувлар ўтказди, унда икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

 

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссияси

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур