ЕХҲТ Миллий озчиликлар масалалари бўйича Олий комиссари идораси вакили билан учрашув тўғрисида

01.05.2025

195

msk_yangiliklari_in

Жорий йилнинг 30 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясида ЕХҲТнинг Миллий озчиликлар масалалари бўйича Олий комиссари идорасининг (МОБК) сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчиси Ануар Аязбеков билан учрашув бўлиб ўтди.

 

Учрашув давомида А.Аязбеков Марказий сайлов комиссиясининг халқаро сайлов стандартларини амалга ошириш ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш борасидаги фаолияти билан бевосита танишди. Жумладан, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси билан конструктив ҳамкорлик алоҳида қайд этиб ўтилди.

 

МОБК идорасининг маслаҳатчисига миллий сайлов жараёнида тенг ҳуқуқлиликни таъминлаш масалалари бўйича батафсил маълумот тақдим этилди. Энг аввало, Ўзбекистонда фуқароларнинг давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқи, жумладан, овоз бериш ва ўз номзодини қўйиш ҳуқуқи кафолатлангани ва бунда ҳеч қандай камситиш(ажратиш)га йўл қўйилмаслиги алоҳида таъкидланди.

               

 

Барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган. Асосий Қонунга мувофиқ, фуқаролар жамият ва давлат бошқарувида бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга. Бундай иштирок маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократия асосида шакллантириш, шунингдек, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш ва такомиллаштириш орқали амалга оширилади.

 

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қоидаларининг мантиқий давоми сифатида мазкур принциплар сайлов қонунчилигида ҳам ўз ифодасини топган.

 

Жумладан, Сайлов кодекси ва “Ўзбекистон Республикаси референдуми тўғрисида”ги Қонунда умумий сайлов ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилган. Унга кўра, овоз бериш кунига қадар ёки овоз бериш куни 18 ёшга тўлган Ўзбекистон фуқароси қонун ҳужжатларида назарда тутилган ва ўтказиладиган бошқа сайлов жараёнларида иштирок этиш ҳуқуқига эга. Қонун билан Ўзбекистон фуқароси ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеи, ирқи, миллати, жинси, маълумоти, тили, дини, шунингдек, шуғулланадиган фаолияти ва унинг хусусиятидан қатъи назар, овоз бериш ва референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.

 

Учрашувда Марказий сайлов комиссиясининг сайлов жараёнини инклюзивлигини таъминлаш, хусусан, Ўзбекистон ҳудудида яшовчи барча миллат ва элат вакилларининг сайловда қатнашиш имкониятларини таъминлаш борасидаги фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди. Бу фуқароларга сайлов ташкилотчилари, номзодлар, сайловчилар, кузатувчилар ва сайлов жараёнининг бошқа иштирокчилари сифатида қатнашиш имкониятини беради.

 

 

Таъкидланганидек, Марказий сайлов комиссияси томонидан миллий озчиликлар вакилларининг сайлов жараёнида иштирокини акс эттирувчи индикаторлар ишлаб чиқилган ва амалиётга жорий этилган. 2024 йилдаги сайлов кампанияси мисолида ушбу индикаторлар бўйича таҳлилий маълумот тақдим этилди.

 

Ўз навбатида, А.Аязбеков тақдим этилган бой ва мазмунли маълумотлардан мамнунлигини билдирди. У учрашувнинг натижадорлиги учун миннатдорлик изҳор этиб, Марказий сайлов комиссиясининг сайлов жараёнида тенг ҳуқуқлиликни таъминлаш борасидаги фаолиятига ижобий баҳо берди.

 

Учрашув конструктив ва дўстона руҳда ўтди.

 

Марказий сайлов комиссиясининг

Матбуот хизмати

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур