Ҳудудий сайлов комиссиялари аъзоларининг касбий салоҳиятини оширишга қаратилган ўқув платформаси

22.10.2025

222

msk_yangiliklari_in

Жорий йилнинг 20-21 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида ҳудудий сайлов комиссияларининг доимий аъзолари учун “Халқаро сайлов стандартлари ва Ўзбекистонда сайловларни ўтказиш амалиёти” мавзусида ўқув машғулотлари бўлиб ўтди.

Ўқув машғулотлари Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Ўзбекистон сайлов тизимини янада такомиллаштириш” лойиҳаси доирасида, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси иштирокида ташкил этилди.

 

Тадбир иштирокчиларини Марказий сайлов комиссияси Раиси З. Низамходжаев, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, элчи Антти Карттунен ҳамда ЕХҲТ ДИИҲБнинг сайлов бўйича маслаҳатчиси Каха Инашвилилар қутладилар.

З.Низамходжаев ўқув тадбирининг мақсад ва вазифаларига тўхталар экан, унинг маорифий ва касбий аҳамиятига алоҳида урғу қаратди. “Мазкур ўқув курси ҳудудий сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини оширишда муҳим мезон бўлиб хизмат қилади, бу эса миллий даражада сайлов жараёнининг қонунийлиги, сифати ва шаффофлигини ошириш имконини яратади», – деди Марказий сайлов комиссияси Раиси.

 

Таъкидланганидек, Ўзбекистоннинг сайлов қонунчилигидаги янгиликларига мувофиқ, 2024 йилги сайловлар олдидан илк бор мамлакат тарихида барча ҳудудларда ва Тошкент шаҳрида доимий фаолият юритувчи Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ва ҳудудий сайлов комиссиялари ташкил этилди ва ўз фаолиятини бошлади. Бўлиб ўтган сайлов кампанияси мобайнида мазкур комиссиялар ўз ҳудудларида Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича бир қатор муҳим вазифаларни амалга оширдилар. Шунингдек, уларнинг ваколатига Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ва Республика миқёсида референдумларни тегишли ҳудудларда ташкил этиш ва ўтказиш ҳам киради.

 

 

Шунингдек, сайловдан кейинги даврда сайлов комиссиялари аъзоларининг касбий салоҳиятини ошириш, уларни сайлов жараёнларида ўз вазифаларини самарали бажаришлари учун зарур билим ва амалий кўникмалар билан таъминлашга қаратилган бугунгидек тренинг машғулотлар ташкил қилиш – Марказий сайлов комиссиясининг устувор вазифасидир.

 

Икки кунлик ўқув курси доирасида иштирокчилар халқаро сайлов стандартлари, уларнинг манбалари ва асосий қоидалари билан бевосита танишдилар.

Шунингдек, хорижий экспертлар томонидан Ўзбекистонда 2024 йилда бўлиб ўтган парламент сайловларини ўтказиш амалиёти юзасидан шарҳ ва таҳлиллар тақдим этилди, соҳадаги муаммолар ва тенденциялар муҳокама қилинди. Шу билан бирга, ҳудудий сайлов комиссияларининг халқаро кузатувчилар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш кўникмаларини ривожлантириш имконияти яратилди.

 

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур