МСК делегациясининг халқаро кузатув дастуридаги иштироки

15.04.2026

256

msk_yangiliklari_in

12 апрель куни Венгрияда мамлакатнинг Давлат мажлиси – бир палатали парламентига сайловлар бўлиб ўтди.

 

Ўзбекистон МСК делегацияси раис ўринбосари Б. Кучкаров бошчилигида парламент сайловлари халқаро кузатув дастурида иштирок этди.

 

Венгрия Миллий сайлов бюроси 879 нафар халқаро кузатувчини аккредитациядан ўтказди. Улар қаторига ЕХҲТ ДИИҲБ (253 нафар), ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси (134 нафар), Европа Кенгаши Парламент Ассамблеяси (37 нафар) ҳамда сайловларни кузатиш билан шуғулланувчи қатор халқаро нодавлат ташкилотлар вакиллари кирди. Шунингдек, халқаро кузатув дастурида Австрия, АҚШ, Ҳиндистон, Косово, Озарбайжон, Молдова, Латвия, Литва, Қозоғистон, Қирғизистон, Руминия, Словакия, Туркия, Ўзбекистон, Украина, Хорватия ва Эстония сайлов органлари вакиллари ҳам иштирок этишди.

 

Қонунчиликка мувофиқ, парламент сайловларини ташкил этиш ва ўтказиш Венгрия Миллий сайлов комиссияси зиммасига юклатилган. 106 та округ сайлов комиссияси ва 10 048 та участка сайлов комиссияси, жумладан 149 та хорижий участка комиссиялари ташкил этилди. Уч босқичли сайлов комиссиялари тизимининг ҳар бир бўғини тегишли комиссиялар фаолиятини таъминловчи маъмурий аппаратга эга: Венгрия Миллий сайлов бюроси, округ (97 та) ва участка (1 250 та) сайлов бюролари.

 

Миллий сайлов бюросига ташрифлар чоғида халқаро кузатувчиларга сайловларга тайёргарлик ва уларни ўтказишга оид барча йўналишлар бўйича батафсил маълумот тақдим этилди.

 

 

Миллий сайлов бюроси президенти Аттила Надь, шунингдек, Маълумотларни ҳимоя қилиш ва ахборот эркинлиги бўйича миллий идора ҳамда Оммавий ахборот воситалари ва инфокоммуникациялар бўйича миллий идора вакилларининг тақдимотларида сайлов жараёнини маъмурий бошқариш, халқаро кузатувчиларни аккредитация қилиш, сайлов ҳуқуқи ва сайлов жараёни бўйича ахборот тушунтириш ишларини ташкил этиш, сайлов ташкилотчиларини ўқитиш ва сайлов ахборот тизими фаолиятини назорат қилиш масалалари ёритилди.

 

   

 

Овоз бериш куни арафасида Ўзбекистон МСК делегацияси навбатдаги брифингда Венгрия Миллий сайлов комиссияси фаолияти билан танишиш имкониятига эга бўлди. Бу ерда комиссия Президенти Роберт Шашвари ҳамда халқаро алоқалар ва матбуот бўлимлари раҳбарлари тақдимотлари тингланди. Шунингдек, сайловчиларни рўйхатга олиш масалалари бўйича ҳам маълумот берилди. Жумладан, сиёсий партиялар ва сиёсий коалициялар томонидан номзодлар рўйхатини ягона сайлов округи бўйича рўйхатга олиш тартиби, округ сайлов комиссиялари қарорлари ва ҳаракатлари устидан тушган шикоятларни кўриб чиқиш, овоз бериш натижаларини аниқлаш ҳамда парламент сайловлари якунларини белгилаш жараёнлари ҳақида ахборот тақдим этилди.

 

Қайд этилганидек, Венгрияда парламент сайловларида мажоритар ва пропорционал қисмлар мустақил амал қиладиган аралаш сайлов тизими қўлланилади. Ушбу тизимга кўра, 106 та депутатлик мандати бир мандатли сайлов округлари бўйича нисбий кўпчилик асосида, яна 93 та мандат эса ягона сайлов округи бўйича пропорционал тизим асосида тақсимланади, бунда компенсацион мандатлар қисман билвосита тақсимланади.

 

Сайланиш ҳуқуқи 18 ёшдан бошлаб берилади. Никоҳдан ўтган шахсларга эса сайловларда иштирок этиш ҳуқуқи 16 ёшдан берилади. Марказлаштирилган сайловчилар рўйхатига 8 114 688 нафар сайловчи киритилган бўлиб, улардан 90 730 нафари хориждаги сайловчилар ва 496 286 нафар сиртдан (почта орқали) овоз берган сайловчиларни ташкил этди.

 

Номзодлар сиёсий партиялар, сиёсий коалициялар ва мустақил номзодлар томонидан бир мандатли ҳамда ягона сайлов округлари бўйича кўрсатилади.

 

   

 

Халқаро кузатув дастури доирасида Ўзбекистон делегацияси аъзолари сайлов участкаларига сайлов ҳужжатлари ва инвентарларни тақсимлаш марказига ташриф буюрдилар. Жами Будапешт шаҳри бўйича 16 та бир мандатли округ ва 1 500 та сайлов участкалари ташкил этилган.

 

Овоз бериш куни (маҳаллий вақт билан соат 06:00 дан 19:00 гача) делегация аъзолари сайлов участкаларининг очилиши, кун давомида овоз бериш жараёни ва овозларни санашни кузатдилар. Шунингдек, Марказий сайлов комиссияси делегацияси сайловчиларнинг оралиқ иштирокини эълон қилиш тадбирларида ҳам иштирок этди.

 

   

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси вакилларининг хорижий давлатлардаги сайловларни халқаро кузатиш дастурларида иштирок этиши халқаро сайлов стандартлари ва демократик қадриятларни мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга.

 

Марказий сайлов комиссияси

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур