Ўзбекистон ва Туркиянинг сайлов соҳасидаги ҳамкорлиги мустаҳкамланмоқда

26.08.2026

175

msk_yangiliklari_in

2026 йил 26 август куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясида МСК Раиси З. Низамходжаевнинг Туркия Республикаси Олий сайлов кенгаши Раиси С. Мутта бошчилигидаги делегацияси билан учрашуви бўлиб ўтди.

 

 

Учрашув аввалида З. Низамходжаев меҳмонларни қутлаб, Туркия делегациясининг ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги яқин дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларининг ёрқин ифодаси эканлигини, шунингдек, икки мамлакат сайлов органлари ўртасидаги алоқаларни изчил ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.

 

МСК Раиси С. Муттани лавозимга тайинлангани билан табриклаб, унинг раҳбарлигида сайловларни ташкил этиш соҳасидаги конструктив ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик янги суръат касб этишига ишонч билдирди.

 

Учрашув давомида томонлар сайлов соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиб, уни янада чуқурлаштириш истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар. Шунингдек, мунтазам касбий мулоқот ва амалий алоқаларни йўлга қўйиш муҳимлиги қайд этилди.

 

 

Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо давлатлар марказий сайлов органларининг Маслаҳат платформаси доирасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур платформа сайловларни ташкил этиш, замонавий технологияларни жорий этиш, сайлов жараёнининг очиқлиги ва унга бўлган ишончни таъминлаш масалаларида билим ва тажриба алмашиш учун кенг имкониятлар яратиши таъкидланди.

 

Шунингдек, томонлар сайлов кампаниялари даврида юзага келаётган замонавий чақириқларни биргаликда муҳокама қилиш, жумладан, сунъий интеллект технологиялари ва дипфейклардан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш масалаларининг долзарблигини таъкидладилар.

 

Ўз навбатида, Олий сайлов кенгаши вакиллари самимий қабул ва мазмунли фикр алмашув учун миннатдорчилик билдириб, сайлов органлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда биргаликдаги ишларни ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини айтиб ўтдилар.

 

Учрашув давомида Марказий сайлов комиссияси ва Олий сайлов кенгаши ўртасида икки томонлама алоқаларни тизимли ва узоқ муддатли асосда ривожлантириш мақсадида ҳамкорлик меморандумини имзолаш тўғрисида келишувга эришилди. Келгусидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишлари идоралараро шериклик учун мустаҳкам институционал асос яратиш, делегацияларнинг ўзаро ташрифларини ташкил этиш ва сайлов жараёнларини кузатиш, экспертлар ўртасида тажриба алмашиш, шунингдек, икки томонлама тадбирлар, маслаҳатлашувлар ва форумлар ўтказишни назарда тутади. 

 

 

Учрашув конструктив ва дўстона руҳда ўтди.

 

Марказий сайлов комиссияси 
Матбуот хизмати

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур