Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатларнинг Марказий сайлов органлари маслаҳат платформасининг ишчи мажлисида иштирок этди

03.12.2025

171

msk_yangiliklari_in

Ўзбекистон делегациясининг Қирғизистонга ташрифи доирасида муддатидан илгари парламент сайловларини халқаро кузатиш дастурида иштироки жараёнида, Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси Раиси ТДТга аъзо давлатларнинг Марказий сайлов органлари маслаҳат платформасининг (ТДТ МСОМП) ишчи мажлисида иштирок этди.

 

Маслаҳат платформаси йиғилишида ТДТ Бош котибининг ўринбосари М.Азимов ҳамда ТДТга аъзо давлатларнинг марказий сайлов органлари раҳбарлари иштирок этдилар.

 

 

 

Мажлис давомида жорий йилнинг 14 май куни Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида бўлиб ўтган Маслаҳат платформасининг биринчи мажлиси материаллари, шунингдек Туркий дунё: сайлов тизимларининг анъаналари, тажрибаси ва ривожланиш истиқболлари мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция иштирокчиларининг маърузаларини ўз ичига олган Turkistan Electoral Forum – 2025 тўпламининг тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу тўпламда ТДТга аъзо давлатларнинг сайлов тизимлари тарихи, уларнинг ҳуқуқий хусусиятлари, сайлов ўтказиш тажрибаси, замонавий электорал чақириқлар ва ривожланишнинг эҳтимолий йўналишларини қамраб олган комплекс тадқиқот жой олган. Шунингдек, тўпламда конференция доирасида ишлаб чиқилган натижалар ва тавсиялар акс эттирилган.

 

 

 

Мажлисда Қозоғистон Республикасининг 2025-2027 йилларда ТДТга аъзо давлатларнинг МСОМПдаги раислиги доирасида амалга ошириладиган вазифалар ва тадбирлар режаси, шунингдек “ТДТга аъзо давлатларнинг сайлов тизимлари номли қўшма монография тайёрлаш масаласи муҳокама қилинди.

 

Шу билан бирга, сайлов жараёнига дипфейк технологиялари таъсирини камайтириш мақсадида Ишчи гуруҳ тузиш масаласи кўриб чиқилди. Ушбу гуруҳнинг асосий вазифалари дипфейкларнинг сайлов даврида тарқалишини мониторинг қилиш, хавфларни баҳолаш, уларга жавоб қайтариш алгоритмларини ишлаб чиқиш ва ТДТга аъзо давлатларнинг сайлов органлари ўртасида тезкор ахборот алмашинувини таъминлашдан иборат.

 

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси ўз нутқида мазкур ташаббусни тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди. Унинг таъкидлашича, дипфейклар ва сунъий интеллект асосидаги бошқа манипулятив технологияларнинг оммалашуви электорал жараёнларга жиддий таҳдид солмоқда ва янги чақириқларни келтириб чиқармоқда. Бундай усуллар сайловчиларни чалғитиш ёки демократик институтларга бўлган ишончни пасайтириш мақсадида сайловолди кампанияларида қўлланилиши мумкин.

 

 

 

Шунингдек, у Ўзбекистондаги сўнгги сайлов кампаниясида мазкур технологиялардан самарали фойдаланиш бўйича амалга оширилган тадбирлар ҳақида ҳам маълумот берди. З.Низамходжаев дезинформацияга қарши курашиш, аҳолида рақамли саводхонликни ошириш ва сайлов институтларига ишончни мустаҳкамлаш юзасидан аниқ ташаббусларни билдирди, Маслаҳат платформасининг сунъий интеллектдан фойдаланиш тартибини, айниқса ташвиқот жараёнлари ва Ташкилот доирасида бошқа халқ иродасини билдириш шаклларидаги қоидаларни белгилаб берувчи норматив ҳужжат ишлаб чиқишни таклиф этди. Ушбу ҳужжат Қоидалар, Тушунтиришлар шаклида бўлиши мумкин. Келгусида демократик тамойилларни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида ТДТ доирасида дипфейк технологияларидан фойдаланишга қарши ягона халқаро стандартлар ишлаб чиқиш масаласини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ экани таъкидланди.

 

Маслаҳат платформасининг ишчи мажлиси якунида Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси Маслаҳат платформаси аъзолари бўлган Туркия ва Озарбайжон Марказий сайлов комиссиялари раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказди. Учрашувларда хорижий сайлов органларини мамлакатимиз сайлов амалиёти ва қонунчилиги билан таништириш мақсадида уларга «Юксалаётган Ўзбекистон. Сайловлар – 2024» номли 2024 йилги сайловларнинг тайёргарлик жараёни, ўтказилиши ва натижаларига оид таҳлилий маълумотларни ўз ичига олган махсус Тўплам тақдим этилди.

 

   

 

Маълумот учун: ушбу махсус Тўплам 2024 йилги сайлов кампанияси натижалари асосида тайёрланиб, нашр этилган (ўзбек, қорақалпоқ, рус ва инглиз тилларида). Унда 2024 йилги сайловларнинг тайёргарлик, ўтказилиш ва натижаларини таҳлил қилувчи комплекс тадқиқот жамланган.

 

Ўзбекистоннинг қатор халқаро ташкилотлар фаолиятида фаол иштирок этиши ва халқаро сайлов стандартларини амалга татбиқ этишдаги ҳамкорлигини инобатга олган ҳолда, мазкур тўплам ЕХҲТ ДИИҲБ, МДҲ Ижроия қўмитаси, МДҲ ПА, ШҲТ, ТДТ каби халқаро ташкилотларга, шунингдек мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва Ўзбекистондаги хорижий давлатлар элчихоналарига тақдим этилган.

 

Марказий сайлов комиссияси

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур