СПОРТ — БИРДАМЛИК ВА САЛОМАТЛИК РАМЗИ
2026 йил 26 август куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясида давлат мустақиллигимизнинг 35 йиллигига бағишланган спорт мусобақаларининг якуний учрашувлари бўлиб ўтди.
Мусобақалар Марказий сайлов комиссияси бошланғич касаба уюшмаси томонидан «Спорт — бирдамлик ва саломатлик рамзи» шиори остида ташкил этилди. Тадбирдан кўзланган мақсад — мамлакатимиз давлат мустақиллигининг 35 йиллигини муносиб, кенг ва кўтаринки руҳда нишонлаш, шунингдек, ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, спортга бўлган қизиқишни янада ошириш ҳамда уларнинг саломатлигини мустаҳкамлашдан иборат бўлди.

Мусобақалар спортнинг стол тенниси, шахмат ва шашка (аёллар ўртасида) турлари бўйича ўтказилди. Мусобақа давомида барча иштирокчилар уюшқоқлик ва ғалабага бўлган интилишларини намоён этдилар. Учрашувлар қизғин ва муросасиз баҳсларга бой тарзда ўтиб, барча ўйинлар натижаларига кўра мусобақа ғолиблари ва совриндорлари аниқланди.

Спортнинг ҳар бир тури бўйича ғолиб ва совриндорларга 1-, 2- ва 3-даражали дипломлар ҳамда Комиссия бошланғич касаба уюшмаси томонидан қимматбаҳо совғалар топширилди. Мукофотлаш маросими Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали йиғилиш доирасида бўлиб ўтди.

Мусобақада фаол ва муносиб иштирок этган барча ходимларга самимий миннатдорлик билдирилди. Ғолиб ва совриндорлар эришган натижалари билан қизғин муборакбод этилди.
Бундай тадбирлар жамоада бирдамлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, ходимларнинг соғлом турмуш тарзига бўлган қизиқишини ошириш ҳамда иш самарадорлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати