Марказий сайлов комиссияси Раиси халқаро давра суҳбатида иштирок этди

30.05.2025

159

msk_yangiliklari_in

Жорий йилнинг 29 май куни МДҲ ПА Демократияни ривожлантиришни мониторинг қилиш халқаро институти томонидан “Сайлов ва референдум институтларига сайловчилар ишончини шакллантиришда сайловларни бошқариш органларининг профессионал даражаси”га бағишланган анъанавий ва онлайн форматдаги халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир МДҲга аъзо давлатлар сайлов органлари раҳбарларининг Маслаҳат кенгаши, Россиянинг Ленинград вилояти ва Санкт-Петербург шаҳар сайлов комиссиялари, шунингдек, Гатчин давлат университети ҳамкорлигида ташкил этилди.

 

 

Давра суҳбатида МДҲга аъзо давлатлар сайлов комиссиялари раҳбарлари ва вакиллари, сайловлар соҳасидаги мутахассислар иштирок этди.

 

Мавзулар бўйича сессиялар шаклида ўтган тадбир доирасида сайлов комиссияси аъзолари профессионал даражасининг сайловчилар ишончига таъсири, сиёсий партиялар ҳамда сайловларни бошқариш органлари ўртасидаги ҳамкорлик, электрон овоз беришни ташкил этиш, МДҲга аъзо давлатларда жамоатчилик (миллий) кузатув, ҳудудий сайлов комиссиялари вакилларининг халқаро сайлов ва референдумларни кузатишдаги иштироки, сайлов низолари бўйича суд қарорлари тўғрисидаги маълумотларни тизимлаштириш ва умумлаштиришнинг янги шаклларини амалиётга жорий этиш каби масалалар муҳокама қилинди.

 

 

Давра суҳбатининг биринчи сессиясида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси З. Низамходжаев “Сайлов жараёни ташкилотчиларининг малакасини оширишнинг долзарб масалалари” мавзусида батафсил маъруза қилди.

 

Нотиқ ўз маърузасида  2024 йилги сайлов кампанияси мисолида Ўзбекистонда сайлов ташкилотчиларини тизимли ва босқичма-босқич ўқитиш тажрибасини тақдим этди. Ушбу тажриба доирасида МСК томонидан тасдиқланган малака ошириш концепциясини амалиётга жорий этиш, ўқув-услубий материалларни ишлаб чиқиш, тренерлар жамоасини шакллантириш, “Saylov” мобил иловаси ва онлайн таълим платформаси каби рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш, шунингдек, ўқув жараёнини мониторинг қилишга доир масалалар қамраб олинди. Жумладан, сайловдан сайловгача бўлган даврда аниқланган муаммо ва камчиликлар таҳлили асосида турли соҳалардаги мутахассис ва экспертлар жалб этилган ҳолда ташкил этилган ўқув машғулотларининг муҳим аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.

 

Таъкидлаш лозимки, тадбир иштирокчилари Ўзбекистонда 2024 йили ўтган сайлов кампаниясининг кўплаб ибратли жиҳатларини алоҳида қайд этдилар. Жумладан, сайлов ташкилотчилари ва сиёсий партиялар ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим намунаси сифатида, Марказий сайлов комиссияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган, сайловолди ташвиқотини ўтказишга оид одоб-ахлоқ қоидаларининг имзоланиши анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

 

Шунингдек, МДҲ ПА халқаро кузатуви доирасида Ўзбекистонда сайлов комиссиялари аъзоларини юқори савияда тайёрлаш, электрон сайловчилар рўйхатини жорий қилиш, Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими фаолияти каби кўплаб йўналишларда ибратли тажриба тўплангани  алоҳида таъкидланди.

 

 

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоси Г.Раҳимова, МСК Сайлов қонунчилиги ва замонавий технологиялар бўйича ўқув маркази директори Ш.Ҳасанов, Котибияти бўлим бошлиқлари А.Адҳамов ва О.Толибжонов иштирок этди.

 

Марказий сайлов комиссияси

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур