Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси делегацияси Грузиядаги маҳаллий сайловлар халқаро кузатувида иштирок этди

06.10.2025

154

msk_yangiliklari_in

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси делегацияси Раиси З. Низамходжаев бошчилигидаги делегация 2025 йил 4 октябрь куни Грузияда бўлиб ўтган навбатдаги маҳаллий (муниципал) сайловлар халқаро кузатувида иштирок этди.

 

Сайловчилар жами 64 та муниципал кенгашларнинг 2 058 нафар аъзосини ва 64 нафар шаҳар ҳокимларини сайлаш имконига эга бўлишди. Овоз бериш аралаш сайлов тизими – пропорционал ва мажоритар тизимлар асосида ташкил этилди.

 

Грузия Марказий сайлов комиссияси сайлов жараёнида иштирок этиш учун 28 та ташкилотдан 81 нафар халқаро кузатувчини аккредитациядан ўтказди. Сайловларни кузатишда 20 та хорижий мамлакатларнинг сайлов органидан 38 нафар вакиллари иштирок этди. Сайлов жараёнини 73 та ОАВнинг қарийб минг нафар вакили ёритиб борди.

 

 

 

3 октябрь куни Грузия Марказий сайлов комиссиясида халқаро кузатувчилар билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда МСК раиси Г. Каландаришвили сайловларга тайёргарлик жараёни ҳамда бу галги сайловларда амалга оширилган муҳим янгиликлари ҳақида маълумот берди. Шунингдек, у овоз бериш жараёнида электрон технологиялардан фойдаланиш бўйича батафсил ахборотни тақдим этди.

 

Маълум қилинишича, мамлакат бўйлаб жами 3 061 та сайлов участкаси ташкил этилган бўлиб, шуларнинг 2 284 тасида электрон овоз бериш, 767 тасида эса анъанавий тарзда овоз бериш кўзда тутилган. Шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларида алоҳида тартибда 10 та сайлов участкаси ташкил этилди.

 

 

 

Сайловларда иштирок этиш учун 12 та сиёсий партия рўйхатдан ўтди.

 

Г. Каландаришвили дезинформациянинг сайлов жараёнига таъсири ҳақида ҳам маълумот берди ҳамда овоз бериш жараёнида қўлланиладиган технология воситаларининг мувофиқлигини баҳолаш мақсадида ўтказилган аудит натижалари билан иштирокчиларни таништириб ўтди.

 

4 октябрь куни Ўзбекистон МСК раиси З. Низамходжаев ва Комиссия аъзоси А. Фарманов Тбилиси шаҳридаги бир қатор сайлов участкаларда овоз бериш участкалари очилиши, овоз бериш жараёни ва унинг якунланишини бевосита кузатиб бордилар. Овоз бериш соат 9:00 дан 19:00 гача бўлган вақт оралиғида ўтказилди.

 

 

Кузатувчилар сайлов жараёнининг барча босқичларида иштирок этдилар. МСК доимий матбуот-брифингларини ўтказди, ОАВ ходимларига сайлов участкаларига ҳамда расмий маълумотларга эга бўлиш имконияти яратилди. Репортажлар, жонли эфирлар ва онлайн-трансляциялар орқали фуқаролар овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнини реал вақтда кузатиб бориш имкониятига эга бўлдилар.

Грузия Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, маҳаллий сайловларда умумий сайловчилар сони 3 513 818 нафарни ташкил этган бўлиб, уларнинг 1 438 116 нафари (40,9%) сайловда иштирок этган.

 

  Марказий сайлов комиссияси

 

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур