Сайт тест режимида ишламоқда

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Кўриниш:

Шрифт ҳажми:

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ РАИСИ ЗАЙНИДДИН НИЗАМХОДЖАЕВНИНГ БРИФИНГДАГИ НУТҚИ

09.07.2023

450

msk_yangiliklari_in

МСК Матбуот маркази.

2023 йил 9 июль 

соат 9:00 

Азиз Ватандошлар!

Ҳурматли брифинг иштирокчилари!

Хонимлар ва жаноблар! 

 

Бугун, яъни 9 июль куни соат 8:00 да муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида сайловчиларнинг овоз бериши бошланди.

 

Эрталаб соат 8:00 да мамлакатимизда ташкил этилган 10 минг 784 та сайлов участкасида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради ва сайловчилар овоз беришга киришди.

 

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 39 та хорижий давлатдаги ваколатхоналари ҳузурида тузилган 56 та сайлов участкаси, хусусан, Шарқ мамлакатларида ташкил этилган сайлов участкалари иш бошлади.

 

Жорий йилнинг 28 июндан 5 июлгача ўтказилган муддатидан олдин овоз бериш имкониятидан 815 минг 313 нафар сайловчи фойдаланди, жумладан, 180 минг 729 нафари хорижда, 634 минг 584 нафари республика ичида иштирок этишди.

 

Айни пайтда Марказий сайлов комиссияси билан барча сайлов округлари ва сайлов участкалари ўртасида мунтазам алоқа йўлга қўйилган.

 

Овоз бериш биринчи бўлиб Ўзбекистон Республикасининг Япония, Жанубий Корея, Хитой, Малайзия, Сингапур, Индонезия, Таиланд, Ҳиндистон ва Россиянинг Узоқ Шарқдаги ваколатхоналари ҳузурида ташкил этилган сайлов участкаларида бошланди.

 

Жорий йилдаги сайловда сайловчилар рўйхатига жами 19,5 миллиондан ортиқ сайловчи киритилган.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида тўртта сиёсий партиядан номзодлар иштирок этмоқда:

 

– Халқ демократик партиясидан кўрсатилган номзод Улуғбек Илёсович Иноятов;

 

– Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан Шавкат Миромонович Мирзиёев;

 

– Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Робахон Анваровна Махмудова;

 

– Ўзбекистон Экологик партиясидан Абдушукур Худойқулович Хамзаев.

 

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Президент сайловида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватлашга қарор қилганлиги Сизларга маълум.

 

Ҳурматли брифинг иштирокчилари!

 

Видеокамералар сайловчиларнинг овоз бериш жараёни, кўриб турганингиздек, Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот марказида катта экранда, saylov.uz веб-сайтида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Миллий телерадиокомпаниясининг “Ўзбекистон24” ва бошқа телеканалларда онлайн тарзда кузатиш имконияти яратилди.

 

Ҳозирга қадар олинган маълумотларга кўра, Президент сайлови халқаро меъёрлар ва стандартларга мос миллий сайлов қонунчилигимизга, унда белгиланган очиқлик, ошкоралик ва адолат каби халқаро демократик принципларга тўла мос ҳолда, кўтаринки руҳда ўтказилмоқда.

 

Сайлов кодексига биноан, Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир сайловчи тенг сайлов ҳуқуқига эга. Сайловда эркин ва яширин овоз берилади. Овоз берувчиларнинг хоҳиш-иродаси назорат қилинишига йўл қўйилмайди.

 

Сайлов қонунчилигига мувофиқ, соғлиғининг ҳолати ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмайдиган сайловчилар учун участка сайлов комиссиялари томонидан имкониятидан келиб чиқиб овоз бериш ўша сайловчилар турган жойда ташкил этилади.

 

Сайловни ўн бешта халқаро ташкилот, 47 та хорижий давлатдан ташриф буюрган жами саккиз юз нафарга яқин халқаро кузатувчи бевосита кузатиб бормоқда.

 

Президентликка номзод кўрсатган сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан эса 53 минг нафардан зиёд маҳаллий кузатувчи сайловни бевосита кузатмоқда.

 

Сайловни жами 1 400 нафар маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари ёритиб бормоқда.

 

Ҳозирга қадар Марказий сайлов комиссиясига сайловда овоз бериш жараёни давомида сайлов қонунчилиги бузилиши ҳақида маълумотлар келиб тушмади.

 

Агар сайловчилар, кузатувчилар ёки оммавий ахборот воситалари вакиллари сайлов қонунчилиги бузилиши ҳолатларини аниқлагудек бўлса, улар суд, прокуратура органлари ёки сайлов комиссияларига мурожаат қилишлари мумкин.

 

Бунинг учун барча сайлов участкаларида маъмурий судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг телефон рақамлари ҳақида маълумотлар мавжуд.

 

Матбуот марказининг мажлислар залидаги экранда соат 11:00 ҳолатига сайловда қатнашганлар сонига доир дастлабки маълумотларни эълон қилиш режалаштирилган.

 

Эътиборингиз учун раҳмат!

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур