ЗАМОНАВИЙ АХБОРОТ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ: МАМЛАКАТИМИЗДА ФУҚАРОЛАР ЎЗ КОНСТИТУЦИЯВИЙ ҲУҚУҚЛАРИДАН КЕНГ ФОЙДАЛАНИШИ УЧУН ЯНГИ ҚУЛАЙЛИКЛАР ЯРАТМОҚДА

16.09.2025

44

msk_yangiliklari_in

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига асосан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга эгадирлар.  Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади.

 

Сайловчиларнинг рўйхатга олиниши овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган фуқаронинг сайловда шахсан ўзи иштирок этишини таъминловчи ҳамда сайловчини рўйхатга олиш имконини берадиган асосий восита ҳисобланади.

 

Ўзбекистон Республикаси Сайлов Кодексининг 4-моддасига кўра: “Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловлари умумийдир. Сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадир. Фуқаролар жинси, ирқий ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқига эгадир”.

 

Сайлов кунига қадар ёки сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган, рўйхат тузилаётган пайтда мазкур сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилаётган фуқаролар сайловчилар рўйхатига киритилади.

 

Миллий сайлов қонунчилигимизда акс этган ушбу тамойиллар халқаро сайлов стандартларига тўла мос келади ва ушбу талабларнинг бажарилиши юртимизда ўтказилаётган сайловларни халқаро миқёсда эътироф этилишида муҳим аҳамият касб этади.

 

Сайловчилар рўйхати сайлов кампаниясида иккита муҳим вазифани бажаради: биринчидан, рўйхатга олинган ҳар бир фуқаронинг сайловда иштирок этиш ҳуқуқини кафолатлайди, иккинчидан, овоз бериш жараёнида қонунийлик тамойилларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш имконини беради, бу биринчи навбатда бир сайловчининг бир неча марта овоз беришига йўл қўймаслик билан боғлиқ.

 

Сайловчилар рўйхатига ҳар бир сайловчининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва яшаш жойи манзили киритилади.

 

Ҳар бир сайловчи фақат битта сайловчилар рўйхатига киритилиши мумкин. Сайловчининг иккинчи сайловчилар рўйхатига киритилиши сайловда тенглик принципини бузилишига сабаб бўлади. Ушбу ҳолатнинг сайлов участкасида бор-йўқлиги биринчи навбатда округ ва участка сайлов комиссияси аъзолари томонидан, шунингдек кузатувчилар томонидан сайлов жараёнида синчиклаб ўрганилади.

 

Мамлакатимизда Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими ёрдамида сайлов участкаларига тақсимланиши белгилаб қўйилган.

 

Мазкур тизимга Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Сайлов жараёнида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 4 октябрдаги қарори билан асос солинганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

 

Йилдан-йилга такомиллашиб бораётган ушбу тизим сайлов жараёнига «Бир сайловчи — бир овоз» тамойилини жорий этишдаги қулайлиги, аниқлиги, қамровининг кенглиги ва замонавийлиги билан нафақат сайловчилар, балки сайлов ташкилотчилари ва сайловни кузатувчиларнинг ҳам кенг эътирофига сазовор бўлди.

 

Ушбу амалиёт ҳақида қисқача баён этадиган бўлсак, дастлаб  Республика бўйича сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган сайловчиларнинг биометрик паспорти маълумотлари асосида барча сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати давлат персоналлаштириш агентлигида жамланади,  бундан ҳарбий қисмларда, санаторийларда ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойлари мустасно.

 

Ҳарбий қисмлардаги ҳарбий хизматчиларнинг, шунингдек ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг ва бошқа сайловчиларнинг рўйхатлари, агар улар ҳарбий қисмлар жойлашган ҳудудларда яшаса, ҳарбий қисмларнинг командирлари тақдим этадиган маълумотлар асосида тузилади. Ҳарбий қисмлардан ташқарида истиқомат қилувчи ҳарбий хизматчилар яшаш жойлари бўйича умумий асосларда сайловчилар рўйхатига киритилади. Санаторийларда ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган участкалар бўйича сайловчилар рўйхатлари мазкур муассасалар раҳбарлари томонидан тақдим этиладиган маълумотлар асосида тузилади.

 

Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимига киритилган сайлов участкалари чегараларининг жойлашуви бўйича электрон харита тайёрланади. Унда сайлов участкаси чегараларини ташкил этувчи тегишли вилоят, шаҳар ёки тумандаги маҳаллалар, кўчалар, кўп қаватли уйлар – бир сўз билан айтганда фуқаролар яшаб турган турар жой бинолари сайлов участкаси электрон харитасида қамраб олинади.

 

Марказий сайлов комиссияси томонидан қабул қилинадиган сайловларни ўтказишнинг Календарь режасида белгиланган муддатларда Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ва сайлов участкаларининг электрон харитаси интеграция қилинади, яъни сайловчилар рўйхатлари сайлов участкалари бўйича тақсимланади.

 

Бу жараёнда сайловчининг паспорт маълумотлари ва яшаб турган жойининг кадастр рақамлари асосида тегишли сайлов участкасидаги сайловчилар рўйхатига автоматик равишда алифбо тарзида тақсимланади, яъни рўйхат янгиланади.

 

Тасаввур қиладиган бўлсак, ушбу ҳаракатларни эски амалиётдаги каби қўлда қоғоз усулида бажарилганида бир сайловчини бир рўйхатда бўлишини таъминлаш учун  инсон ресурси ва қоғоз сарфига катта эҳтиёж юзага келган бўлар эди. Шу сабабли сайловчилар рўйхатининг автоматик тақсимланиши сайлов тизимида  энг муҳим янгиликлардан бири ҳисобланади.

 

Хорижий амалиётда ҳам ваколатли давлат органлари одатда сайловчилар рўйхатини автоматик равишда янгилаш йўли билан сайловчиларнинг рўйхатларини аниқлаштириб боришини тақозо этади. Бунинг боиси, аҳолининг фаол ҳаракати (ички миграция, иммиграция, эмиграция) туфайли аҳолини рўйхатга олишдаги маълумотларнинг юқори аниқлигини таъминлашдан иборат. Буларнинг барчаси сайловчилар рўйхатини доимий ёки даврий равишда янгилаб боришни назарда тутади. 

 

Дунёнинг  элликдан ортиқ мамлакатида сайловчилар рўйхати мунтазам янгиланади.

 

Буюк Британияда сайловчилар йилнинг исталган вақтида маҳаллий ҳокимият органларида рўйхатга олинади ва сайловчилар рўйхатлари ҳудудга янги келганларни киритиш ёки ундан чиқиб кетаётганларни ҳисобга олиш учун йилига икки марта янгиланади.

 

Исландия, Италия, Норвегия, Финляндия, Японияда сайловчилар рўйхатини даврий ва сайловгача янгилаш амалга оширилади.

 

Миллий тажрибамизга кўра, участка сайлов комиссиялари сайловга қирқ кун қолганида ўз фаолиятини бошлагач, узоғи билан уч кун ичида ўзига ажратилган хонадаги компьютердан сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимига махсус пароль орқали кириш йўли билан сайлов участкасидаги сайловчилар рўйхатини электрон вариантини олади.

 

Бу жараёнда сайловчининг иштироки ёки унинг бирон бир муассасага мурожаат қилишига умуман эҳтиёж бўлмайди. Инсон қадри устувор бўлган мамлакатимизда сайлов соҳасида яратилган бу имкониятлар сайловчининг ўз Конституциявий ҳуқуқидан фойдаланиши учун яратилган қулайлик бўлиб, ушбу муҳим сиёсий масаланинг  ҳал этилишида тегишли ваколатли органлар зиммасига катта масъулият юклайди.

 

Участка сайлов комиссияси сайловчилар рўйхатининг электрон вариантини юклаб олганидан сўнг сайлов участкаси ҳудуди бўйича ушбу рўйхатга аниқлик киритади.

 

Башарти, шу давр ичида бирон бир сайловчи бошқа ҳудудга кўчиб ўтган бўлса, сайловчининг  мурожаатига кўра уни  тегишли сайлов участкасидаги сайловчилар рўйхатига киритилади. Бу жараёнда сайловчининг маълумотлари тизим ичида бир сайлов участкасидаги рўйхатдан иккинчи сайлов участкасидаги рўйхатга автоматик равишда ўтказилади ва уни иккита рўйхатда бўлиб қолишининг олди олинади.

 

Сайловчиларнинг дастлабки рўйхати чоп этилган кундан бошлаб ҳар бир сайловчига ўзининг қайси сайловчилар рўйхатида эканлигини аниқлашга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлиги ва ушбу масалада сайловчи томонидан участка сайлов комиссияларига берилаётган мурожаатлар  сайловчиларнинг электорал маданияти юксалганлигини кўрсатувчи омиллардан бири дейиш мумкин.

 

Мамлакатимизда сайловчиларнинг рўйхатларига ўзгартиришлар киритиш сайловга беш кун қолганида тўхтатилади. Сайловчилар ягона электрон рўйхатига ўзгартиришлар киритишни сайловга бир неча кун қолганида тўхтатиш тажрибаси хорижий мамлакатлар қонунчилигида кенг қўлланилади. Жумладан, Литвада сайловчилар рўйхати сайловга 7 кун қолганида ёпилади, Францияда  –  5 кун қолганида, Жанубий Корея ва Швецияда – 12 кун қолганида, Данияда – 15 кун қолганида, Германияда – 16 кун қолганида, Латвияда – 18 кун қолганида ёпилади. Шуни таъкидлаш жоизки, сайловга яқин муддат қолганида ушбу рўйхатга ўзгартиришлар киритишнинг давом эттирилиши сайловчилар рўйхатининг ҳаққонийлигига шубҳа туғдиради.

 

Сайловчилар рўйхатининг электрон тарзда юритилиши сайловчилар учун сайлов жараёнида ўз сайлов участкасини аниқлаш, ўз сайлов участкасини ўзгартириш каби интерактив электрон хизматларни йўлга қўйиш имконини берди. Бу ўз навбатида сайловчилар рўйхатларининг шаффофлигини ҳамда бир сайловчи бир сайловчилар рўйхатида бўлишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

 

Ўтган 2024 йилда ўтказилган сайлов жараёнида Марказий сайлов комиссияси рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган “E-saylov”  ахборот тизими сайловчилар рўйхатининг шаффофлигини таъминлашда яна бир янги сайлов технологияси сифатида эътироф этилди.  Ушбу ахборот тизими орқали сайловчилар сони ҳақидаги кўплаб маълумотларни олиш имконияти яратилди. Бунинг учун хоҳлаган компьютер ёрдамида тизимга кириб асосий саҳифадан мамлакат бўйича сайловчилар сони, уни ҳудудлар бўйича, сайлов округлари бўйича тақсимланиши, сайловчиларнинг гендер тақсимоти, эркаклар ва аёллар сони ҳақидаги маълумотлар билан реал вақт давомида танишиш имконияти яратилди.

 

“E-saylov”  ахборот тизимидаги сайлов жараёни ҳақидаги бошқа ахборот ва маълумотлар билан танишишда нафақат мамлакатимиздаги сайловчилар, балки хориждаги ватандошларимиз ҳамда сайлов соҳаси мутахассислари  учун катта қулайлик яратилди.

 

Сайловчиларни рўйхатга олиш қоидаларининг ҳаётга татбиқ этилишини ўрганиш натижалари шуни кўрсатадики, сайловчиларни рўйхатга олиш сайловчининг  мурожаатига кўра амалга ошириладиган мамлакатларда сайловда сайловчилар фаоллигининг анча паст даражада бўлиши кузатилмоқда. Аксинча, сайловчиларни рўйхатга олиш давлат органлари  томонидан амалга ошириладиган ва мажбурий бўлган мамлакатларда сайлов куни сайлов участкаларида сайловчиларнинг фаоллиги юқори бўлиши кузатилади.

 

Сайловчиларни рўйхатга олиш тизимини янада ривожлантиришда жаҳон тажрибасидан фойдаланиш бу борада сайловларни бошқариш органлари, ижро органлари ҳамда сайловчилар ўртасидаги ҳамкорликнинг янги шаклларини яратиш имконини беради. Бу аввало, сайловчиларни рўйхатга олиш жараёнини, жумладан, интернет тармоғи орқали ташкил этишда янги технологиялар ва ғояларни жорий этиш устида доимий изланиш олиб боришни тақозо этади.

 

Ушбу таҳлиллар мамлакатимизда сайловчилар ягона электрон рўйхатидан фойдаланишдаги яратилган кенг имкониятларни сайловчилар ўртасида янада оммалаштириш ҳамда сайловчилар рўйхатини янгилаб боришда ваколатли органлар вазифаларини замон талабларига мувофиқ такомиллаштириб бориш лозимлигини кўрсатади.

 

Баҳодиржон ЮНУСОВ,

Марказий сайлов

комиссияси аъзоси

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур