Сайт тест режимида ишламоқда

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Кўриниш:

Шрифт ҳажми:

САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИДАГИ ЯНГИЛИКЛАР – ДАВР ТАҚОЗОСИ, ЗАМОН ТАЛАБИ

18.10.2023

508

msk_yangiliklari_in

МУНОСАБАТ

 

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасида мамлакатимиз сайлов тизимига аралаш (мажоритар, пропорционал) сайлов тизимини жорий этиш ва шу орқали Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини янги тизим асосида ўтказиш, бир мандатли сайлов округлари бўйича овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг ярмидан кўпининг (мутлақ кўпчилик) эмас, балки бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ (нисбий кўпчилик) овозини олган номзод депутат этиб сайланган деб ҳисобланишини назарда тутувчи муҳим ва долзарб янгиликлар таклиф этилган.

 

Амалдаги Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг  67-моддасида  Олий Мажлис Қонунчилик палатаси беш йил муддатга сайланадиган бир юз эллик нафар депутатдан иборат эканлиги, 9-моддасида Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш учун бир юз элликта ҳудудий сайлов округи тузилиши ҳамда ҳар бир сайлов округидан битта депутат сайланиши белгиланган.

 

Ушбу нормадан кўриниб турибдики, Қонунчилик палатаси депутатлари сайлови тўлиғича можаритар сайлов тизимига мувофиқ ўтказилган, яъни муқобиллик асосида ўтган бир мандатли сайлов округларининг ҳар биридан сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодлардан бир нафари депутат этиб сайланган.

 

Эндиликда, Сайлов кодексига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ, Қонунчилик палатаси депутатларининг 50 фоизи, яъни 75 нафари одатдагидек можаритар сайлов тизимига мувофиқ бир мандатли сайлов округларидан сайланиши, қолган 50 фоизи, яъни 75 нафари пропорционал сайлов тизими асосида ягона сайлов округида партиялар томонидан кўрсатилган депутатликка номзодлар рўйхати (партия рўйхати) бўйича сайланиши таклиф этилмоқда.

 

Шунга асосан Сайлов кодексининг 9-моддасида – Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш учун етмиш бешта ҳудудий бир мандатли сайлов округи тузилиши,  сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодлар рўйхати асосида Қонунчилик палатасига сайловни ўтказиш учун Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудуди ягона сайлов округи ҳисобланиши, бир мандатли сайлов округидан Қонунчилик палатасига бўлиб ўтадиган сайловда сайлов округларининг ҳар биридан битта депутат сайланиши белгиланмоқда.

 

Хорижий давлатлар сайлов қонунчилиги ва амалиётига эътибор қаратилса, Жанубий Корея, Япония, Германия, Мексика, Россия, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатлар парламентлари аралаш сайлов тизими бўйича шаклланишини кўриш мумкин.

 

Амалдаги, Сайлов кодексининг 96-моддасига асосан  сайловда овоз беришда иштирок этган сайловчилар ярмидан кўпининг овозини олган номзод сайланган деб ҳисобланиши белгиланган эди. Бунинг учун амалий бир мисол келтириб ўтамиз. Сайлов кампаниясида иштирок этишига ижозат берилган бешта сиёсий партиянинг ҳар бири бир мандатли сайлов округидан биттадан номзод кўрсатган. Ушбу сайлов округида беш нафар номзод муқобиллик асосида депутатликка сайланиш учун рақобатга киришган. Овоз беришда иштирок этган сайловчилар ярмидан кўпининг (эллик фоиз +1 ёки ундан кўп) овозини олган номзод сайланган деб ҳисобланган. Агарда, мазкур номзодларнинг бирортаси ҳам овоз беришда иштирок этган сайловчилар ярмидан кўпининг овозини тўплай олмаган бўлса, икки нафар энг кўп овоз тўплаган номзодлар ўртасида такрорий овоз бериш ўтказилган.

 

2019 йил 22-декабрда бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловининг биринчи турида 150 та сайлов округларининг 125 тасида овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг ярмидан кўпининг овозини олган номзод депутат этиб сайланган бўлса, 25 та сайлов округи бўйича номзодларнинг бирортаси ҳам овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг ярмидан кўпининг овозини тўплай олмаганлиги сабабли, ушбу сайлов округларининг ҳар бирида сайловчиларнинг энг кўп овозини тўплаган икки нафар номзод ўртасида 2020 йил 5-январь куни такрорий овоз бериш ўтказилган. Эътиборли жиҳати шундаки, такрорий овоз бериш ўтказилган ушбу 25 та сайлов округидан 17 тасида рақобатлашган номзодлардан, айнан биринчи турда овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг нисбатан кўпроқ овозини олган номзодлар, иккинчи турда ҳам кўпроқ овозга эга бўлган ва ғалаба қозонган.

 

Такрорий овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш учун ушбу 25 та округ сайлов комиссиясининг 259 нафар аъзоси, 25 та сайлов округидаги 1730 та участка сайлов комиссиясининг 19030 нафар аъзоси икки ҳафталик қўшимча ишга жалб қилинган. Бу жараёнда ушбу сайлов округларидаги сайловчилар, сиёсий партиялар, улар томонидан кўрсатилган номзодлар, номзодларнинг ишончли вакиллари, ваколатли вакиллар, кузатувчилар ва бошқа бир қатор сайлов ташкилотчиларининг ҳам иштироки инобатга олинса, сарфланган меҳнат ресурслари ва молиявий харажатлар кўлами янада яққолроқ намоён бўлади. Бундан ташқари, халқ депутатлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловида ўтказилган такрорий овоз бериш жараёнларига сарфланган меҳнат ва молиявий ресурслар ҳам таҳлил қилинса, бундай сарф-харажатларнинг миқдори янада юқори эканлигини кўриш мумкин. 

 

Сайлов кодексига таклиф этилаётган нормага мувофиқ эндиликда бир мандатли сайлов округлари бўйича овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овозини (нисбий кўпчилик) олган номзод сайланган деб ҳисобланади. Натижада такрорий овоз бериш ўтказилишига ҳожат қолмайди. Cайловда иштирок этган кўпчилик сайловчининг хоҳиш-иродаси, танлови инобатга олинади. Шунингдек, такрорий овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш учун сарфланиши мумкин бўлган меҳнат ва молиявий ресурслар тежалишига эришилади.

 

Бундай амалиёт хорижий давлатлар Парламент депутатлари сайловида кенг қўлланиб келмоқда. Масалан, Америка Қўшма Штатлари, Англия, Канада, Ҳиндистон, Туркманистон, Озарбайжон, Япония, Россия каби давлатлар сайлов тизимида овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг нисбий ёки оддий кўпчилигининг овозини тўплашга муваффақ бўлган номзоднинг депутат этиб сайланишини кўриш мумкин.

 

Амалдаги Сайлов кодексининг 70-моддасига асосан, аёлларнинг сони сиёсий партиядан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида ўттиз фоизини ташкил этиши кераклиги белгиланган. Эндиликда, Пропорционал сайлов тизими бўйича сиёсий партиялар томонидан партия рўйхатига киритилган номзодларнинг камида ўттиз фоизини аёллар ташкил этиши белгиланмоқда. Бу ерда эътиборли жиҳати шундаки, сиёсий партиялар рўйхатидаги номзодларнинг ҳар уч нафардан биттаси айнан аёл киши бўлиши керак. Агарда қонун ташаббускорлари сиёсий партиялар рўйхатидаги номзодларнинг камида ўттиз фоизи аёллардан иборат бўлиши керак деган норма билан чекланганида, бу амалиётда сиёсий партия рўйхатининг қуйи қисмига киритилган аёлларнинг Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланиш имкониятини чеклаши мумкин эди. Қонун ташаббускорлари “партия рўйхатидаги кетма-кетликда камида ҳар учта номзоднинг бир нафари аёл киши бўлиши лозим” деган нормани киритиш орқали, юқоридаги чекловни бартараф этишнинг энг мақбул усулини таклиф қилган. 

 

Сайлов кодексида партия рўйхатига киритиладиган номзодлар рўйхатини шакллантиришда аёллар учун камида ўттиз фоизлик квотанинг белгиланиши, мамлакатимизда амалга оширилаётган гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизлар учун қўшимча шароит ва имкониятлар яратиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мақсадига тўла мос келади.

 

Албания, Бельгия, Греция, Грузия, Ирландия, Италия, Қозоғистон, Молдова, Монголия, Португалия ва Франция каби хорижий давлатлар сайлов қонунчилигида ҳам хотин-қизлар учун депутатлик рўйхатларини шакллантиришда муайян квоталар белгиланганлиги кўриш мумкин.

 

Сайлов кодексининг 96-моддасига таклиф этилаётган қўшимча нормага мувофиқ, Қонунчилик палатасига сайловда ягона сайлов округи бўйича овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг камида етти фоиз овозини олган сиёсий партиялар белгиланган тартибда мандатга эга бўлади. Агарда, сиёсий партия овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг камида етти фоиз овозини тўплай олмаса, ягона сайлов округи бўйича ёки пропорционал сайлов тизими бўйича ушбу сиёсий партияга Қонунчилик палатасидаги депутатлик ўринлари тақсимланмайди.

 

Ушбу нормадан кўриниб турибдики, пропорционал сайлов тизимининг жорий этилиши, сиёсий партияларнинг сайловчилар олдидаги масъулиятини камида икки ҳисса орттиради. Яъни, биринчидан, ҳар бир сиёсий партия мамлакат бутун ҳудуди бўйлаб тузиладиган Қонунчилик палатасининг етмиш бешта бир мандатли округлари бўйича можаритар сайлов тизими бўйича ўтказиладиган сайловларда имкон қадар кўпроқ депутатлик ўринларини қўлга киритиш учун рақобатга киришади. Бунда сайловчилар бевосита номзодга овоз берадилар. Иккинчидан, пропорционал тизим бўйича ўтказиладиган сайловда Қонунчилик палатасининг қолган етмиш бешта депутатлик ўрни учун ҳам рақобатга киришадилар. Бунда сайловчилар бевосита номзодга эмас, балки депутатликка номзодларнинг рўйхатини тақдим этган сиёсий партияга овоз беради. Юқорида қайд этилганидек, ўз навбатида ушбу сайловда иштирок этган сайловчиларнинг етти фоизи ва ундан кўпроқ овозни тўплаган сиёсий партиялар, ўзлари тўплаган овозлар фоизига мутаносиб равишда депутатлик ўринларини қўлга киритадилар.

 

Пропорционал сайлов тизими асосида ўтказиладиган сайловда сиёсий партия Парламентда депутатлик ўрнини қўлга киритиши учун етти фоизлик тўсиқ ёки барьернинг белгиланиши, хорижий давлатлар амалиётида самарали қўлланиб келинаётган бўлиб, бундай тизимдаги сайловда имкон қадар кўпроқ депутатлик ўринларини эгаллашга ҳаракат қилаётган сиёсий партия аҳоли билан муносабатларини таъсирчан ва натижадор бўлишига ҳаракат қилиши лозим. Партия ўз дастури орқали халқни ишонтира олсагина муайян овозга эга бўлади. Бу эса Қонунчилик палатасини шакллантиришнинг янги замонавий тизимини яратади ҳамда жамиятимизда сиёсий плюрализм ривожланиши таъминлайди.

 

Албатта, сиёсий партиялар ўртасида сиёсий рақобатнинг ортиши, сайловчилар олдида сиёсий партиялар масъулиятининг ошишига, шу билан бирга жамиятда сиёсий онг ва сиёсий маданиятнинг юксалишига ҳамда аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллиги янада юксалишига хизмат қилади.

 

Худоёр Маматов,

Марказий сайлов комиссиясининг котиби,

Юридик фанлар доктори, профессор. 

 

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур