Сайт тест режимида ишламоқда

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Кўриниш:

Шрифт ҳажми:

МАЛЬДИВ РЕСПУБЛИКАСИ: САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИ ВА АМАЛИЁТИ

25.09.2023

1661

msk_yangiliklari_in

Бахром Кучкаров,

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси

раиснинг ўринбосари

 

Малдив Республикасида 2023 йил 9 сентябрь куни бўлиб ўтган овоз бериш якунлари бўйича республика президенти лавозимига номзодларнинг ҳеч бири 50 фоиздан кўп овоз тўплай олмагани сабабли сайловнинг иккинчи тури 30 сентябрь куни бўлиб ўтиши белгиланди.

 

Малдив – ороллар мамлакати. Ҳинд океанида, Ҳиндистон ва Шри-Ланканинг жануби-ғарбий қисмида жойлашган. Бу тахминан 1 190 коралл оролларидан иборат 21 маъмурий атоллар тизимидир. Маъмурий атоллар саккизта туманга бирлаштирилган. Малдив оролларида аҳоли атоллардаги бир юз тўқсонга яқин оролда яшайди. 164 орол сайёҳлик-курорт жойлар сифатида ривожланган. Қолган оролларда одам яшамайди, улар қишлоқ хўжалиги ёки бошқа мақсадларда фойдаланилади. Малдив Республикасининг аҳолиси 520 621 кишини ташкил этади.

 

Малдив Республикасида президентлик бошқаруви жорий этилган ва Президент бир вақтнинг ўзида давлат ва ҳукумат бошлиғи, шунингдек, мамлакат қуролли кучларининг бош қўмондони ҳисобланади.

 

Қонун чиқарувчи ҳокимият бир палатали парламент – Халқ Мажлисига тегишли. Парламентнинг ваколат муддати беш йил. Парламент аъзолари бир мандатлик сайлов округлари бўйича мажоритар тизим асосида сайланади. Парламент аъзоларининг сони атоллар аҳолисига қараб белгиланади. Охирги парламент сайловларида (2019 йил) 87 депутат сайланган, улардан 65 нафар депутатлик ўрнини Малдив Демократик партияси эгаллаган. Депутатликка номзодлар сиёсий партиялар томонидан кўрсатилиши ёки мустақил бўлиши мумкин.

 

Президент сайлови мамлакат Конституцияси, Умумий сайловга оид қонун, Президент сайловига доир қонун, Малдив Республикаси сайлов комиссиясининг низомлари ва бошқа қарорлари билан тартибга солинади. Овоз беришни ташкил этиш ва ўтказишнинг процессуал масалалари сайлов комиссиясининг қарорларида батафсил баён этилган.

 

Малдив Республикаси Конституциясига кўра, Президент тўғридан-тўғри, умумий ва яширин овоз бериш йўли билан беш йил муддатга сайланади. Айнан бир шахс кетма-кет ёки бошқача тарзда икки муддатдан ортиқ Президент лавозимини эгаллаши мумкин эмас. Ушбу қоидалар 2008 йилги Конституция билан қабул қилинган.

 

Овоз бериш ҳуқуқига эга сайловчиларнинг кўпчилиги, яъни 50 фоиздан кўпроқ, овозини олган номзод сайланган ҳисобланади. Агар ҳеч бир номзод мутлақ кўпчилик овозга эга бўлмаса, сайлов иккинчи турга ўтади ва бу икки етакчи номзод ўртасида сайловдан кейин 21 кун ичида ўтказилиши керак. Кўпчилик овоз олган номзод Президент этиб сайланади.

 

Президентликка номзод бўлажак вице-президентни ҳам белгилайди, президентликка номзод сайланган тақдирда, вице-президентни ҳам сайланган ҳисобланади.

 

Биринчи турда президентлик учун саккиз нафар номзод кураш олиб борди. Улардан беш нафари, жумладан, амалдаги давлат раҳбари сиёсий партиялар томонидан, уч нафари эса мустақил номзод сифатида кўрсатилди. Мамлакатнинг амалдаги президенти Иброҳим Муҳаммад Солиҳ номзоди Малдив Демократик партияси томонидан илгари сурилган.

 

Ушбу президентлик сайловида 2008 йилда бўлиб ўтган биринчи демократик сайловлардан бери энг кўп номзод рўйхатга олинган.

Номзодларни рўйхатга олиш Сайлов комиссияси томонидан амалга оширилади. Ариза берувчилар ариза ва керакли ҳужжатларни топширишдан ташқари 40 000 руфия (тахминан 2 600 АҚШ доллари) миқдорида депозит тўлашлари керак.

 

Мустақил номзодлар, қўшимча равишда камида 1 500 нафар ёши ўн саккиздан ошган фуқароларнинг имзоси билан номзодни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги аризани ҳам тақдим этишлари керак.

 

Президент этиб сайланган шахс Малдив Республикаси фуқароси бўлиши, ота-онаси Малдив Республикаси фуқароси бўлган, бир вақтнинг ўзида бошқа давлат фуқароси бўлмаган, сунний мусулмон, камида ўттиз беш ёшга тўлган, муомалага лаёқатли (ақли расо) бўлиши зарур. Бундай шахснинг аниқланган ва ундирилмаган қарзи бўлмаслиги керак. Шунингдек, у жиноят содир этганликда айбланиб, ўн икки ойдан ортиқ муддатга ҳукм қилинмаган бўлиши керак, бу ҳолатда у озод қилинган ёки жазоланган жинояти учун афв этилганидан кейин уч йил ўтган бўлиши лозим. Бундан ташқари, у Қуръон ва Суннатда кўрсатилган ахлоқ ва жамоат тартибига қарши жиноятлар, фирибгарлик, алдаш ёки жиноий ишончни суиистеъмол қилишда айбланмаган бўлиши керак.

 

Президентлик сайловида иштирок этаётган номзодлар сайлов жараёни билан боғлиқ операцияларни амалга ошириш учун ўз номига банкда махсус ҳисоб рақами очиши шарт. Депутатликка номзоднинг сайлов фонди маблағлари харажатларининг энг кўп чегараси сайловчилар сонини икки минг руфияга кўпайтириш йўли билан белгиланади. 2023 йилдаги сайловда ҳар бир президентликка номзод сайловолди кампанияси доирасида максимал 564 миллион руфия сарфлаши мумкин.

 

Жисмоний шахслар учун хайрия миқдори харажатлар максимал миқдорининг 0,5 фоизидан, юридик шахслар учун – харажатлар максимал миқдорининг 2 фоизидан ошмаслиги керак. Хорижий фуқаролар ва ташкилотларнинг, халқаро ташкилотларнинг, давлат органлари ва ташкилотларининг (муассасаларининг) хайриялари, шунингдек аноним хайриялар тақиқланади.

 

Сайловолди ташвиқоти тадбирларига митинглар, учрашувлар ва сайловчилар билан мулоқотлар ўтказиш, материалларни оммавий ахборот воситаларида жойлаштириш, сайловчиларга хатлар юбориш, фотосуратлар, стикерлар, варақалар тарқатиш ва ҳоказолар киради. Сайлов комиссияси сайловда иштирок этаётган номзодларни расман эълон қилган пайтдан бошлаб сайлов кунидан бир кун олдин соат 18:00 га қадар Малдив оролларидаги телерадиокомпаниялар номзодларга сайловолди ташвиқоти учун эфир вақтини тақдим этишлари шарт. Шу билан бирга, Малдив оролларидан ташқарида фаолият юритувчи радиоэшиттириш станцияларидан ташвиқот мақсадида фойдаланиш тақиқланади. Овоз бериш кунидан бир кун олдин соат 18:00 дан бошлаб сайловолди ташвиқотини олиб бориш тақиқланади.

 

Малдив ороллари Конституцияси ва қонунчилигига мувофиқ сайлов куни 18 ёшга тўлган фуқароларга овоз бериш ҳуқуқига эга.

 

Жиноят содир этганликда айбдор деб топилган, беш йилдан ортиқ қамоқ жазосига ҳукм қилинган ҳамда жазони ўтаётган Малдив ороллари фуқаролари сайловда қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум этиладилар.

 

Жорий йилдаги президентлик сайловида 282 395 нафар фуқаро овоз бериш ҳуқуқига эга, улардан 20 270 нафари биринчи марта овоз берувчилардир. Сайловчиларнинг қарийб 56 фоизи сиёсий партиялар аъзосидир.

 

Сайлов комиссияси сайловчилар рўйхатини юритади, унга сайловчининг исм фамилияси, туғилган санаси, жинси, доимий яшаш манзили (шу жумладан, орол ва атолл номи) ҳамда миллий гувоҳнома рақамини киритилади.

 

Сайловчилар рўйхатини шакллантириш пассив ва актив шаклдадир. Сайлов комиссияси аҳоли рўйхатига асосланиб, сайлов участкалари бўйича рўйхатларни тузади ва уларни ҳукумат газетаси ва ўз веб-сайтида эълон қилади. Сайловчиларнинг дастлабки рўйхати тузатишлар учун эълон қилинади. Сайлов куни доимий яшаш жойида бўла олмайдиган сайловчиларга ўзларининг жорий яшаш манзилларидаги сайлов участкалари бўйича қайта рўйхатдан ўтиш учун вақт ажратилди.

 

Ҳар бир участка бўйича якуний рўйхатлар Сайлов комиссиясининг ваколатли шахси томонидан тасдиқланади, шунингдек, номзодлар вакиллари томонидан имзоланади. Сайловчиларнинг якуний рўйхатига ўзгартиришлар фақат суд қарори билан киритилиши мумкин.

 

Сайловлар доимий орган бўлган ва беш аъзодан иборат Малдив Республикаси Сайлов комиссияси томонидан ташкил этилади ва ўтказилади.

Малдив Республикаси Сайлов комиссияси 2008 йил 7 августда барча сайловлар ва референдумларни ўтказиш ва назорат қилиш ҳамда сиёсий партияларни тартибга солувчи қонунчиликка риоя этилишини назорат қилиш мақсадида мустақил ва холис институт сифатида ташкил этилган.

Сайлов комиссиясига оид қонунга мувофиқ, Комиссия аъзолари Президент томонидан Парламент билан келишилган ҳолда 5 йил муддатга тайинланади. Комиссия раис, раис ўринбосари ва уч нафар аъзодан иборат.

 

Президент сайловини ўтказиш учун 574 та сайлов участкаси (сайлов пункти) ташкил этилган. Уларнинг энг катта қисми – 176 таси пойтахт Мале минтақасида, 319 таси атолларда, олтмиш бештаси алоҳида курортларда, бештаси қамоқхоналарда ва биттаси халқаро аэропорт ҳудудида жойлашган. Малдивлик сайловчилар сони 150 нафардан ошган бешта давлатда ҳам саккизта хориждаги сайлов участкалари очилган.

 

Сайлов участкаларида (сайлов пунктларида) ишлашга давлат хизматчилари ёки хусусий секторнинг кўнгиллилари жалб этилади. Бундай ишларга сиёсий партиялар фаоллари ёки аъзолари жалб этилмайди. Сайлов ходимларини танлаш имконияти чекланган ороллар истисно ҳисобланади. Бу оролларда Сайлов комиссияси сиёсий партияларнинг рўйхатдан ўтган аъзоларидан фойдаланган ҳолда, ҳеч бир сиёсий партия сайлов участкасида устунлик қилмаслигини таъминлашга ҳаракат қилади. Жорий сайловлар жараёнида Сайлов комиссияси томонидан 4 969 нафар сайлов участкаси ходимлари, жумладан захирадагилар, тайёрланган.

 

Сайлов участкаларида (сайлов пунктларида) ходимлар сони сайловчилар сонига боғлиқ. Сайловчилар сони 500 нафаргача бўлса, ходимлар сони 7 нафар, 501 нафардан 750 нафаргача сайловчига – 8 нафар ходимга, 750 нафардан ортиқ сайловчига – 11 нафарга тенг бўлади.

 

Малдив оролларида рўйхатга олинган сиёсий партиялар, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан тайинланган фуқаролар, халқаро ташкилотлар томонидан белгиланган шахслар, шунингдек, кузатувчи сифатида қатнашиш истагини билдирган фуқаролар сайловда кузатувчилар бўлиши мумкин. Кузатувчилар аккредитациядан ўтиши ёки Сайлов комиссияси томонидан маъқулланиши лозим.

 

Сайлов мониторинги миллий ёки хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан амалга оширилиши мумкин. Оммавий ахборот воситалари вакиллари аккредитациядан ўтиши ёки сайлов комиссияси томонидан маъқулланиши шарт.

 

Сайлов комиссияси томонидан овоз бериш жараёнини кузатиш ва мониторинг қилиш учун 3 027 нафар миллий кузатувчи, 3 799 нафар миллий оммавий ахборот воситалари вакили ва 1 490 нафар номзод вакиллари аккредитациядан ўтказилди. Шунингдек, сайловда 143 нафар халқаро кузатувчи ва 22 нафар хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

 

Малдив Республикаси қонунчилиги сайловларда кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг фаолиятини, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, овоз бериш пунктларида ўзини тутиш қоидаларини алоҳида тартибга солади.

 

Сайлов куни овоз бериш вақти сайлов комиссияси томонидан белгиланади. Овоз бериш 8:00 дан 16:00 гача овоз бериш пунктларида ўтказилади.

 

Ҳар бир овоз бериш пункти иккита сайёр кабина, сайлов қутиси, бино ичида ва ташқарисида жойлаштириладиган зарур ахборот материаллари, сайловчиларнинг овоз бериш биноси ичида ҳаракатланишини кўрсатувчи кўрсаткичлар ва бошқа жиҳозлар билан таъминланган.

 

Овоз бериш пунктининг ҳар бир ходими овоз бериш жараёнида ўзининг олдиндан белгиланган функционал мажбуриятларига эга.

 

Овоз бериш пункти ходимлари соат 7:00 да иш бошлайдилар ва овоз беришни бошлашга тайёргарлик кўрадилар. Яъни ходимлар ўртасида вазифаларни тақсимланиб, кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва номзодлар вакилларининг аккредитация маълумотлари текширилади, олинган сайлов бюллетенлари ва сайлов участкасида сайловчилар сони эълон қилинади ва бошқа вазифалар амалга оширилади.

 

Овоз бериш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

 

- сайловчи кириш жойидаги сайлов участкаси ходимига шахсини тасдиқловчи гувоҳномасини кўрсатади, у бино ичида кутиш жойи мавжуд бўлса, уни ичкарига киритади;

 

- шундан сўнг кириш жойида бир ёки икки нафар ходим сайловчини сайловчиларнинг электрон рўйхатида, шунингдек сайловчиларнинг босма рўйхатида бор-йўқлигини текширади, сайловчилар рўйхатида унинг тартиб рақами ёзилган навбат рақамини беради;

 

- сайловчи махсус ажратилган жойда ўз навбатини кутади;

 

- сайлов бюллетенларини бериш учун масъул ходимлар сайловчиларни навбатдаги тартиб рақамларига мувофиқ чақириб, уларни сайловчилар рўйхатидан текшириб, тегишли белги қўяди. Кузатувчилар учун сайловчилар рўйхатидаги сайловчининг исми, фамилияси ва тартиб рақами эълон қилинади. Унинг кўрсаткич бармоғига махсус маркер билан белги қўйилади, шундан сўнг сайловчига бюллетень берилади;

 

- сайловчи овоз бериш кабинасига боради ва сайлов бюллетенига ўзи лозим топган тегишли белгини қўяди;

 

- сайловчи белгиланган сайлов бюллетенини сайлов қутисига ташлайди, у ерда тегишли ходим бу жараённи кузатиб боради ва сайловчиларнинг ҳисобини юритади.

 

Овоз бериш хонасига мобил телефонлар, видео, фото ва аудио ёзувчи ускуналар, қоғоз солинган папкалар, рюкзак ва сумкалар олиб кириш мумкин эмас. Фото ва видео суратга олиш фақат аккредитациядан ўтган ОАВ вакилларига рухсат этилади.

 

Соат 16:00 да сайлов қутиси пломбаланади. Агар соат 16:00 да сайловчилар овоз бериш жойида ҳозир бўлса ёки улар навбатда турган бўлса, уларга овоз бериш имконияти берилади. Бунда навбатда турган барча сайловчилар овоз берганидан кейин сайлов қутиси муҳрланади.

 

Овозларни санаш жараёнлари сайлов қутиси муҳрланганидан кейин 30 дақиқа ўтгач бошланади. Бу вақт саноққа тайёргарлик кўриш учун ажратилади.

 

Сайлов қутисини очиш ва овозларни санаб чиқиш умумеътироф этилган стандартлар тартибларига мувофиқ бажарилади. Ҳисоблаш учта ходим томонидан амалга оширилади.

 

Саноқ натижалари участка раҳбари, кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, номзодлар вакиллари томонидан имзоланган ҳисоботга киритилади. Сайлов участкасида овоз бериш натижаларининг бир нусхаси ҳамма танишиб чиқиши учун овоз бериш биносининг кириш қисмига осиб қўйилади. Иккинчи нусха ва тўлдирилган сайлов бюллетенлари махсус пакетларга муҳрланади ва Сайлов комиссиясига етказилади.

 

Сайлов куни сайловчилар рўйхатига киритилган 282 295 нафар сайловчидан 225 486 нафари ёки 79,87 фоизи овоз берди, бу эса аввалги президент сайловлари билан солиштирганда сайловчиларнинг энг паст иштироки ҳисобланади. 4 835 та (2,14%) бюллетень ҳақиқий эмас деб топилди.

 

Сайловнинг иккинчи турида президентлик учун биринчи турда 46,06 фоиз овоз олган “Халқ миллий конгресси” партиясидан номзод Муҳаммад Муиззу ва 39,05 фоиз овоз олган амалдаги Президент Иброҳим Муҳаммад Солиҳ кураш олиб борадилар.

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур