Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг янги сайланган депутатлари рўйхатга олинди

31.10.2024

6143

msk_yangiliklari_in

2024 йил 27 октябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига депутатлар сайловининг ўзига хос жиҳатларидан бири – сайловчиларнинг фуқаролик масъулияти ва дахлдорлик туйғусининг янада ошганлиги билан боғлиқ.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар кенгашларига сайловларда жами 15 млн 27 минг 529 нафар сайловчи овоз берди. Бу сайловчилар умумий сонининг 74,72 фоизини ташкил этади.

 

 

Фуқароларимизнинг Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар сайловлари жараёнига қизиқишининг сезиларли даражада ошгани барча босқичлари очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик асосида ўтказилган сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда яққол сезилди.

 

Шунингдек, парламент сайловларида аралаш сайлов тизимининг жорий этилиши сиёсий партиялар ўртасидаги рақобатни кучайтириб, жамиятимиздаги демократик муҳитга янги қувват бағишлагани сайловолди ташвиқоти давомида яққол намоён бўлди.

 

 

Марказий сайлов комиссиясининг жорий йил 31 октябрь куни бўлиб ўтган мажлисида Сайлов кодексига мувофиқ, парламент қуйи палатасига сайлов якунлари кўриб чиқилди ва бир мандатли сайлов округларидан сайланган 75 нафар ҳамда ягона сайлов округидан партия рўйхати асосида сайланган 75 нафар, жами 150 нафар депутатлар рўйхатга олинди.

 

Ягона сайлов округи бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутатлар сайлови натижалари бўйича:

 

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси – 26 та;

 

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси – 14 та;

 

Ўзбекистон Экологик партияси – 10 та;

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси – 13 та;

 

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси – 12 та депутатлик ўрнига эга бўлди.

 

 

Бир мандатли сайлов округлари бўйича Қонунчилик палатасига сайланган 75 нафар депутатлар таркибининг партиявий мансублиги қуйидагича:

 

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси – 38 нафар;

 

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси – 15 нафар;

 

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси – 9 нафар;

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси – 7 нафар;

 

Ўзбекистон Экологик партияси – 6 нафар депутат этиб сайланди. 

 

 

Депутатликка номзодларга ва партияларга берилган овозлар бўйича Қонунчилик палатасига сайланган жами 150 нафар депутатлар таркибининг партиявий мансублиги қуйидагича:

 

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан – 64 та ўрин ёки 42,7 фоиз;

 

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан – 29 та ўрин ёки 19,3 фоиз;

 

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан – 21 та ўрин ёки 14 фоиз; 

 

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан – 20 та ўрин ёки 13,3 фоиз;

 

Ўзбекистон Экологик партиясидан – 16 та ёки 10,7 фоиз ўрин эгаллади.

 

 

Мажлисда қайд этилганидек, Қонунчилик палатасига сайлов натижаларига кўра, парламент қуйи палатаси таркиби қарийб 60 фоизга янгиланди.

 

Қонунчилик палатасига янгидан сайланган депутатларнинг сифат таркиби қуйидагича:

 

Сайланган депутатларнинг 38 фоизини хотин-қизлар ташкил этиб, бу Ўзбекистон тарихида энг юқори кўрсаткич бўлди.

 

Депутатларнинг 2 нафари – 30 ёшгача, 38,6 фоизи – 30 ёшдан 45 ёшгача, 46,6 фоизи – 45 ёшдан 60 ёшгача, 13,3 фоизи – 60 ёшдан катталарни ташкил этади.

 

Мамлакатимизда яшаётган бошқа миллат вакиллари сайланган депутатларнинг 12,7 фоизини ташкил қилади. Шу жумладан, улардан 5 нафари рус, 3 нафардан қозоқ ва тожик, 2 нафари корейс, 1 нафардан туркман ва қирғиз миллатига мансуб.

 

Депутатларнинг барчаси олий маълумотли бўлиб, уларнинг 15 фоизи хорижий давлатларда таҳсил олган.

 

Уларнинг 30 фоизи – иқтисодчилар, 22 фоизи – ҳуқуқшунослар, 18,7 фоизи – педагоглар, 12 фоизи – муҳандислар, 9,3 фоизи – тиббиёт соҳаси вакиллари, 8 фоизини эса – маданият соҳаси вакиллари, тадбиркор ва фермерлар ташкил этади.

 

Депутатларнинг 35 фоизи илмий даражага эга.

 

Илк бор 3 нафар ногиронлиги бор шахслар депутат этиб сайланди.

 

Ҳудудий, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари томонидан ҳам маҳаллий Кенгашлар сайловларининг якунлари чиқарилди.

 

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар)лар Кенгашларига сайлов натижаларига кўра, маҳаллий Кенгашлар таркиби 59,2 фоизга янгиланди.

 

Янги сайланган депутатларнинг 32,6 фоизи хотин-қизларни ташкил қилди.

 

Депутатларнинг 4 фоизи – 30 ёшгача, 39,5 фоизи – 30 ёшдан 45 ёшгача, 40,8 фоизи – 45 ёшдан 60 ёшгача, 15,7 фоизи – 60 ёшдан катталарни ташкил этади.

 

Мамлакатимизда яшаётган бошқа миллат вакиллари сайланган номзодларнинг 11,2 фоизини ташкил қилади. Шу жумладан, улардан 175 нафари тожик, 111 нафари қозоқ, 33 нафари туркман, 29 нафари рус, 21 нафари қирғиз ва бошқа миллатга мансуб.

 

 

Депутатларнинг 93,3 фоизи олий маълумотли бўлиб, уларнинг 36,2 фоизи – педагоглар, 18,2 фоизи – иқтисодчилар, 13 фоизи –муҳандислар, 7,6 фоизи – шифокорлар, 5 фоизи – ҳуқуқшунослар, 20 фоизини – маданият соҳаси вакиллари, тадбиркор ва фермерлар ташкил этади.

 

Номзодларнинг 4,4 фоизи илмий даражага эга.

 

138 нафар ногиронлиги бор шахслар маҳаллий Кенгашлар депутати этиб сайланди.

 

Шунингдек, мажлисда Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг гувоҳномаси ва кўкрак нишони тўғрисидаги низомни тасдиқлашга оид масалалар кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.

 

 

Марказий сайлов комиссиясининг

Матбуот хизмати

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур

  • AMINJONOV DOSTON AMINJON O‘G‘LI

    Deputatlarning ro‘yxatini elon qilingizlar

  • ABDULLAYEVA ROZA ISAKJANOVNA

    Список зарегистрированных новоизбранных депутатов