Сайт тест режимида ишламоқда

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Кўриниш:

Шрифт ҳажми:

Ўзбекистон Республикаси делегацияси Индонезия Республикаси умумий сайловлар кузатишда иштирок этди

14.02.2024

1122

msk_yangiliklari_in

Индонезия Республикаси Умумий сайлов комиссиясининг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Б. Кучкаров бошчилигидаги делегация Индонезия Республикасининг умумий сайловларини кузатишда иштирок этди.

 

       

 

Кузатувчилар “Индонезия сайловларига ташриф дастури” доирасида жорий йилнинг 13 февраль куни Сайлов тизимлари халқаро жамғармаси (IFES), Эркин сайловлар учун Осиё тармоғи (ANFREL) ва Индонезия Умумий сайлов комиссияси ҳамкорлигида ташкил этилган “Ўзаро боғлиқлик: демократия, технология ва сайловлар ҳаққонийлигини” мавзусидаги конференцияда ҳамда халқаро кузатувчилар учун сайлов участкасида овоз бериш жараёнини ёритиб берувчи брифингда иштирок этишди.

 

     

 

Конференциянинг мавзуси бугунги кунда технологияларнинг инсон ҳаётидан, шу жумладан сайловларни ташкил этишда инкор этиб бўлмас даражада катта аҳамият касб этаётганининг яна бир исботи. Конференцияда “Жадал технологик ўзгаришлар даврида сайловлар ҳаққонийлигини таъминлаш”, “Сайловларга оид дезинформацияга қарши курашиш ташаббуслари”, “Технологиялар ва сайловлар ҳаққонийлиги” ҳамда “Рақамли соҳада демократияни ҳимоя қилиш” каби мавзуларда фикр алмашилди.

 

   

 

Ташриф дастури давомида хорижий кузатувчилар Умумий сайлов комиссиясининг биносига ташриф буюрдилар. У ерда Комиссия раиси Х.Асяри кузатувчиларни Комиссиянинг фаолияти билан яқиндан таништирди ҳамда жорий сайловларга тайёргарлик кўриш жараёнлари тўғрисида батафсил маълумот берди.

 

 

 

Шу куннинг ўзида сайлов участкасида овоз бериш жараёнини ёритиб берувчи брифинг ташкил этилди ва унда участка сайлов комиссиясининг сайловчилар билан ишлаш тартиби Умумий сайлов комиссияси котибияти ходимлари томонидан босқичма-босқич намойиш этилди. Сўнг, мутасаддилар иштирок этувчиларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди. Хусусан, участка сайлов комиссияларининг иш вақти иштирокчиларни эътиборини тортди. Таъкидланишича, участка сайлов комиссиялари соат 07:00 да фаолиятини қасамёд қилишдан бошлаб, соат 13:00 да овоз беришни якунлайди. Шу вақт агар сайлов участкасида навбатини кутаётган сайловчи бўлса унга овоз бериш имконияти яратилиб, сўнг сайлов участкаси ёпилади ва овозларни санаш жараёни бошланади. Эътиборлиси, тадбирда сайлов участкаларидаги тақсимотга кўра улардаги сайловчилар рўйхатида 300 нафаргача сайловчи киритилганлиги таъкидланди.

 

   

 

Сайлов куни маҳаллий қонунчиликка кўра умуммилий байрам куни ташкил этилиши ёки шу кунни дам олиш куни этиб эълон қилиниши белгиланган. Бу сафар мамлакат президентининг алоҳида қарори билан 14 февраль 2024 йил мамлакат бўйлаб дам олиш куни этиб белгиланди.

 

14 февраль – овоз бериш куни ўзбекистонлик кузатувчилар Жакарта шаҳрида жойлашган бир қатор сайлов участкаларида бўлиб, овоз бериш ҳамда овозларни санаб чиқиш жараёни билан бевосита танишдилар. Кузатув жараёнида сайлов органлари масъуллари ва овоз беришга келган фуқаролар билан сайлов жараёнлари, номзодлар, сиёсий партиялар ва сайловнинг ташкилий жиҳатларига боғлиқ масалалар ҳақида суҳбатлашиб, уларнинг фикрларини ўргандилар. Ўз навбатида, сайловда сайловчилар фаол иштирок этгани таъкидлаш лозим.

 

 

Мазкур сайловларнинг яна бир ўзига хос жиҳати бу сайлов участкаларида хар бир овоз берувчига 4 тадан 5 тагача сайлов бюллетенлари берилиб, улар орқали президент ва вице-президент жуфтлиги, миллий қонун чиқарувчи органнинг икки палатаси ҳамда маъмурий бирликдан келиб чиққан ҳолда маҳаллий вакиллик органларига ўтказилаётган сайловларда овоз берилади.

 

Номзодларнинг ва сиёсий партияларнинг гувоҳлари (кузатувчилари) сайлов участкасида овоз беришнинг барча босқичларини диққат билан кузатиб, сайловда иштирок этган сайловчилар сонини ва овозлар санаб чиқиш жараёнида ўз номзодлари тўплаган овозларни белгилаб боришди.

 

   

 

 

Кузатув якунида делегация аъзолари хорижий кузатувчилар билан сайловлар ўтказилиш борасида фикр алмашиш мақсадида ташкил этилган якуний брифингда иштирок этишди. Индонезиядаги умумий сайловларнинг ўтказилиши юзасидан хорижий кузатувчилар ижобий фикрларини билдириб, сайловларни юқори ташкилий даражада ўтгани таъкидладилар.

 

     

 

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур