31.10.2024

846

msk_yangiliklari_in

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни  миллий сайлов қонунчилигимиз ҳамда умумэътироф этилган халқаро стандартларга мос, юксак ташкилий даражада ўтказиш ишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган  барча ҳудудий, округ ва участка сайлов комиссиялари аъзоларига, шунингдек, вазирликлар, идоралар, ташкилотлар, бошқа мутасаддиларга, ёшларимизга, волонтёрларга, оммавий ахборот воситалари вакилларига самимий миннатдорлик билдирамиз.

 

Жорий йилнинг 27 октябрида янгиланган Конституциямиз ва янада такомиллаштирилган сайлов қонунчилиги асосида, демократик тамойилларга мувофиқ, очиқ-ошкора, кучли рақобат муҳитида ўтказилган сайловда 15 миллиондан кўп ёки сайловчилар рўйхатига киритилган 74,72 фоиз сайловчи ўз хоҳиш-иродасини  эркин ифода этди.

 

Бу,  энг аввало, мамлакатимизда собитқадамлик билан амалга оширилаётган дадил демократик ислоҳотлар амалда рўёбга чиқаётгани ва юксак самаралар бераётганининг ёрқин далилидир.

 

Айни пайтда, яратилган ана шундай кенг шароит ва улкан имкониятлардан фойдаланиб, ўз билими, куч-ғайрати, шижоатини сайловни юксак савияда ташкил этишга сафарбар этган  ўн минглаб юртдошларимизнинг заҳмати билан  эришилган улкан муваффақиятдир. Бу ғоят шарафли ва масъулиятли жараённинг  асосий юки сайлов комиссиялари зиммасига тушгани табиий.

 

Сайловни  катта қизиқиш билан кузатиб ва ўрганиб борган халқаро ташкилотларнинг миссиялари, хорижий давлатларнинг кузатувчилари, журналистлар  мамлакатимиз сайлов қонунчилиги ва амалиётида қисқа муддат ичида амалга оширилган муҳим ўзгаришларни алоҳида эътироф этдилар.       

 

Барча сайлов ташкилотчиларининг бир ёқадан бош чиқариб, халқимизга хос аҳиллик, ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат ва садоқат билан қилган меҳнати самарасида ватандошларимиз ўзларининг сайлаш ҳуқуқини эркин амалга оширишлари, ўзлари танлаган номзодга эркин овоз беришлари учун кенг шароит яратилди.

 

Барчангизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, она Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлидаги ишларингизда юксак муваффақиятлар, оилавий бахт, тинчлик-хотиржамлик тилаймиз!

 

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссияси

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур