Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловлари аралаш сайлов тизими асосида ўтказилади

19.10.2023

1289

msk_yangiliklari_in

2023 йил 19 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан Ёшлар масалалари бўйича комиссияси билан ҳамкорликда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

 

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, олимлар, экспертлар, Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этдилар.

 

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилиш мақсадида парламент ҳамда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилиб, биринчи ўқишда қабул қилинган Конституциявий қонун лойиҳаси билан Сайлов кодекси ҳамда 7 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. Сайловларнинг мажоритар ва пропорционал тизимини назарда тутувчи қоидалар Сайлов кодексига киритилмоқда.

 

Жумладан, сайлов округлари етмиш бешта ҳудудий бир мандатли ҳамда ягона сайлов округига бўлинмоқда. Бунда партия рўйхати асосида Қонунчилик палатасига сайловни ўтказиш учун Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудуди ягона сайлов округи ҳисобланмоқда. Яъни, Қонунчилик палатасининг 75 нафар депутати амалдагидек мажоритар тизим асосида бир мандатли сайлов округларидан, қолган 75 нафари эса партия рўйхати бўйича янги таклиф этилаётган пропорционал тизим асосида ягона сайлов округидан сайланиши кўзда тутилмоқда.

 

Шунингдек, партия рўйхатидаги кетма-кетликда камида ҳар учта номзоднинг бир нафари аёл киши бўлиши белгиланмоқда. Ягона сайлов округи бўйича овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг камида етти фоиз овозини олган партия белгиланган тартибда депутатлик ўринларига эга бўлиши ўрнатилмоқда. Агар ҳеч қайси партия камида етти фоиз овозни тўпламаган бўлса, сайлов ўтмаган, деб топилиши назарда тутилмоқда.

 

— Конституциявий қонун лойиҳаси билан сайлов ва референдум ўтказиш тартибини такомиллаштиришга қаратилган нормалар белгиланмоқда, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Муҳаммаджон Валиев. — Хусусан, бир мандатли сайлов округларида бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овоз олган депутатликка номзод сайланган деб ҳисобланиши назарда тутилмоқда. Эндиликда, мутлақ кўпчилик эмас, балки нисбий кўпчилик овози билан депутатлар сайланади.

 

— Бугунги давра суҳбати жуда мазмунли, натижадор бўлди. Чунки Конституциявий қонун лойиҳасидаги ҳар бир нормани олимлар, экспертлар иштирокида атрофлича муҳокама қилдик, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилмурод Исмоилов. — Эътиборлиси, қонун лойиҳасини такомиллаштиришга қаратилган бир қатор таклиф ва тавсиялар берилди. Мазкур таклифлар асосида қонун лойиҳасидаги нормаларни маромига етказиб, янада такомиллаштирамиз.

Киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар сайлов ва референдум тўғрисидаги қонунчиликни янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштиради, парламентни шакллантиришнинг янги замонавий тизимини йўлга қўяди, ушбу жараёнда сиёсий партияларнинг иштироки ва ролини янада оширади.

 

Давра суҳбатида Конституциявий қонун лойиҳасини такомилига етказишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилди.

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур