01.10.2023

1891

msk_yangiliklari_in

Азиз юртдошлар!

 

Муҳтарам устозлар ва мураббийлар!

 

Марказий сайлов комиссияси жамоаси номидан барчангизни халқимизнинг севимли байрами – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин дилдан, самимий табриклайман.

 

Давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлаганларидек, ҳар бир инсон ҳаётда эришган барча ютуқларининг замирида қадрдон ўқитувчи ва устозларининг беқиёс ҳиссаси борлигини умрбод миннатдорлик билан эслайди. Шу боис ушбу қутлуғ айёмда ҳаммамиз бизга илм ўргатган, ҳаёт сабоғини берган жонкуяр, фидойи ўқитувчи ва мураббийларимизга чуқур ҳурмат бажо келтириб, чин дилдан таъзим қиламиз.

 

Янги Ўзбекистонда ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни ва таъсирини кучайтириш, таълим тизимини замон талаблари асосида ташкил этиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. 

 

Жорий йилнинг 30 апрель куни юксак муваффақият билан ўтказилган Ўзбекистон Республикасининг референдумида халқимиз томонидан қабул қилинган янгиланган миллий Конститутциямизда бундай юксак эътибор ва улкан ғамхўрлик янада ёрқин ифодасини топди. 

 

Асосий қонунимизнинг 52-моддасида Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади.

 

Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиши, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиши Бош қонунимизда қатъий мустаҳкамлаб қўйилди. 

 

Ушбу умумхалқ байрами кунларида ўқитувчилар, мураббийлар, тарбиячилар – бир сўз билан айтганда - педагоглар мамлакатимиз миллий сайлов тизимининг энг жонкуяр  фаоллари эканини яна бир бор миннатдорлик билан  таъкидлашдан мамнунмиз.

 

Жумладан, 2023 йили ўтган Ўзбекистон Республикасининг референдумида округ комиссияларининг таркибида педагоглар қарийб 39  фоизни, участка комиссиялари сафида эса 52,7 фоизни ташкил этгани бунинг яққол далилидир.

 

Мамлакатимиздаги фидоий ўқитувчилар ва мураббийларни, барча юртдошларимизни ушбу шодиёна кун – 1 октябрь  байрами билан  чин дилдан муборакбод этиш бизга алоҳида мамнуният бағишлайди.

 

Энг аввало, она Ўзбекистонимиздан тинчлик-хотиржамлик, осойишталик ва фаровонлик, устозларимизнинг, барча юртдошларимизнинг ҳаётидан, хонадонидан ҳеч қачон файзу барака, қувонч аримасин.  Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги, ёшлар таълим-тарбияси йўлида олиб бораётган ибратли фаолиятингизда юксак муваффақиятлар ва омадлар ёр бўлишини тилаймиз.

 

Зайниддин НИЗАМХОДЖАЕВ, 
Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссияси 
Раиси

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур