Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси ташкил қилинганлигининг 10 йиллиги нишонланди

12.10.2023

1640

msk_yangiliklari_in

Бугун, 12 октябрь куни Бутунжаҳон Сайлов Органлари Ассоциацияси (БСОА) томонидан Ассоциация ташкил топганлигининг 10 йиллиги муносабати билан юбилей тадбир ва онлайн конференция ташкил қилинди.

 

Маълумот ўрнида, БСОА 2013 йил 14 октябрда 97 та давлатнинг аъзолигида ташкил қилиниб, ҳозирги кунда эса 111 та давлатдан 121 та сайлов органларини бирлаштирган нуфузли халқаро ташкилот ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ташкилот аъзолигига 2013 йилда қабул қилинган. БСОА штаб-квартираси Корея Республикаси Инчхон шаҳрида жойлашган.

 

БСОА бутун дунё бўйлаб сайлов органлари ўртасида доимий ҳамкорлик ва тажриба алмашинувини таъминлаб келмоқда. Унинг ўз олдига қўйган вазифалари бутун дунё бўйлаб демократияни ривожлантириш ва сайлов жараёнларини очиқ, адолатли ва шаффоф ўтказилишида муҳим роль ўйнайди. Ассоциация турли тадбирлар, жумладан, ўқув дастурлари, сайловни кузатиш миссиялари, нашрлар ва конференциялар орқали глобал сайлов муҳитини яхшиланишида ўз ҳиссасини қўшмоқда.

 

 

Масофавий (онлайн) ташкил қилинган тадбирда дастлаб Ассоциация Бош котиби Ин-сик Жанг, ташкилот раиси – Жанубий Африка Республикаси сайлов органи раиси Мосото Моэпалар табрик сўзлари билан чиқиш қилдилар.

 

Конференция давомида тадбир иштирокчилари бир қатор муҳим мавзуларда тақдимот қилишди. Жумладан:

 

– сайлов органи ходимлари учун ўқув машғулотлари, тренинглар ва семинарларни ташкил этиш;

 

– хорижий мамлакатларда ўтказиладиган сайлов ва референдумларни кузатиш ва мониторинг қилиш жараёнларини самарали олиб бориш;

 

– сайлов жараёнларида АКТдан фойдаланиш ва ташвиқот тадбирларини тўғри ташкил қилиш ва ҳ.к.

 

БСОАнинг умумий иш фаолиятини яхшилаш бўйича муҳокама сессиясида Ассоциация фаолиятини янада ривожлантириш ва аъзо мамлакатларга сайлов соҳасида кўмак бериш амалиётини янада такомиллаштириш масалалари бўйича иштирокчилар ўртасида қизғин муҳокама бўлиб ўтди.

 

Тадбирда 40 дан ортиқ сайлов органларидан 80 нафарга яқин иштирокчилар, шу билан биргаликда, Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Б. Кучкаров ва Котибиятининг Халқаро ҳамкорлик бўлими ходимлари иштирок этишди.

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур