Сайт тест режимида ишламоқда

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Кўриниш:

Шрифт ҳажми:

11.07.2023

485

msk_yangiliklari_in

Жорий йилнинг 9 июль куни бўлиб ўтган муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни юксак ташкилий даражада ўтказиш ишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган барча округ ва участка сайлов комиссиялари аъзоларига, шунингдек, ҳокимликлар, вазирликлар, идоралар, ташкилотлар, бошқа мутасаддиларга, айниқса, оммавий ахборот воситалари вакилларига самимий миннатдорлик билдирамиз.

 

Бу галги Президент сайлови жорий йилнинг 30 апрель куни умумхалқ референдумида қабул қилинган янгиланган Конституция талаблари асосида ўтди.

 

Демократик тамойилларга мувофиқ, очиқ-ошкора ўтказилган Президент сайловида 15,6 миллиондан зиёд ёки қарийб 80 фоиз сайловчи ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиб, овоз берди.

 

Бу, энг аввало, мамлакатимизда собитқадамлик билан амалга оширилаётган дадил демократик ислоҳотларнинг халқимиз томонидан кенг қўллаб- қувватланаётгани, Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида белгилаб берилган вазифаларнинг амалдаги рўёбидир.

 

Айни пайтда, яратилган ана шундай кенг шароит ва улкан имкониятлардан фойдаланиб, ўз билими, куч-ғайрати, шижоатини сайловни юксак савияда ташкил этишга сафарбар этган ўн минглаб юртдошларимизнинг заҳмати билан эришилган улкан муваффақиятдир. Бу ғоят шарафли ва масъулиятли жараённинг асосий юки сайлов комиссиялари зиммасига тушгани табиий.

 

Президент сайловини катта қизиқиш билан кузатиб ва ўрганиб борган халқаро ташкилотларнинг миссиялари, хорижий давлатларнинг жами 800 га яқин кузатувчилари, 1 400 нафарга яқин маҳаллий ва чет эллик журналистлар мамлакатимиз сайлов қонунчилиги ва амалиётида қисқа муддат ичида амалга оширилган муҳим ўзгаришни алоҳида эътироф этдилар: Ўзбекистонда эркин демократик сайловларни ўтказишга қодир замонавий ва барқарор миллий сайлов тизими яратилган!

 

Барча сайлов ташкилотчиларининг бир ёқадан бош чиқариб, халқимизга хос донишмандлик, аҳиллик, ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат ва садоқат билан қилган меҳнати самарасида ватандошларимиз ўзларининг хоҳиш-иродасини эркин амалга оширишлари, ўзлари танлаган номзодга овоз беришлари учун кенг шароит яратилди.

 

Муқобиллик асосида ўтган Президент сайлови – кўп миллатли Ўзбекистон аҳли улуғ ишларга қодир, буюк халқ эканлигининг яна бир ёрқин намоёнидир!

 

Барчангизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, она Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлидаги ишларингизда юксак муваффақиятлар, оилавий бахт, тинчлик-хотиржамлик тилаймиз!

 

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссияси

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур