Сайт тест режимида ишламоқда

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Кўриниш:

Шрифт ҳажми:

08.09.2023

482

msk_yangiliklari_in

2023 йил 9 сентябрь куни Мальдив Респуликасида Президентлик сайлови бўлиб ўтади.

 

Мальдив Респуликаси Конституциясига кўра, Президент тўғридан-тўғри, умумий ва яширин овоз бериш йўли билан беш йил муддатга сайланади. Президент бир вақтнинг ўзида давлат раҳбари, ҳукумат раҳбари ва мамлакат қуролли кучларининг бошқўмондони ҳисобланади. Ушбу шахс кетма-кет ёки икки муддатдан ортиқ Президент лавозимини эгаллаши мумкин эмас.

 

Сайловда кўпчиликнинг (50 фоиздан ортиқ) ҳақиқий овозига эга бўлган номзод сайланган ҳисобланади. Агар ҳеч бир номзод мутлақ кўпчилик овозга эга бўлмаса, сайлов иккинчи турга ўтади, бу икки етакчи номзод ўртасида сайловдан камида 21 кун ўтгач ўтказилиши керак. Кўпчиликнинг овоз беришига эришган номзод Президент этиб сайланади.

 

Бу галги сайловда президентлик лавозими учун саккиз нафар номзод кураш олиб бормоқда. Улардан беш нафари сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган, уч нафари - мустақил номзодлар. Мамлакатнинг амалдаги президенти, Мальдив Демократик партиясидан Иброҳим Муҳаммад Солиҳ номзодлардан бири сифатида сайловда иштирок этмоқда.

 

2008 йилги биринчи сайловлардан буён мазкур президентлик сайловларида энг кўп номзод рўйхатга олинган.

 

Мальдив Республикаси Конституцияси ва қонунчилигига кўра сайлов куни 18 ёшга тўлган фуқароларга овоз бериш ҳуқуқига эгадирлар. Ушбу сайловларда 282 395 фуқаро овоз бериш ҳуқуқига эга (Мальдив оролларининг умумий аҳолиси 520 621 киши), улардан 21 мингдан ортиғи биринчи марта овоз беради. Сайловчиларнинг қарийб 56 фоизи сиёсий партиялар аъзосидир. 

 

Мамлакатда 11 та партия рўйхатга олинган. Сайловлар беш аъзодан иборат доимий орган бўлган Мальдив Республикаси сайлов комиссияси томонидан ташкил этилади ва ўтказилади.

 

Президент сайловини ўтказиш учун 574 та сайлов участкаси ташкил этилди. Уларнинг энг кўпи, яъни 176 таси Мале ҳудудида, 319 таси атоллар, 65 таси махсус курортлар, 5 таси қамоқхоналар ва 1 таси халқаро аэропорт ҳудудида жойлашган. Мальдивлик сайловчилар сони 150 нафардан ошганхориж мамлакатларида ҳам 8 та сайлов участкаси ташкил этилган.

 

Мальдив Республикаси сайлов комиссияси томонидан 4969 нафар сайлов участкалари вакиллари, жумладан, заҳирадаги сайлов иштирокчилари ўқитилди.

 

Овоз бериш жараёнлари 9 сентябрь куни соат 8:00 дан 16:00 гача бўлиб ўтади.

 

Миллий қонунчиликка мувофиқ, овоз бериш биносига мобил телефонлар, видео, фото ва аудио ёзувлар, қоғозлар солинган папкалар, рюкзак васумкалар олиб кириш мумкин эмас.

 

Мальдив Республикаси сайлов комиссияси овоз бериш жараёнларини кузатиш ва мониторинг олиб боришлари учун 3 027 нафар маҳаллий кузатувчи, 3799 нафар маҳаллий ОАВ вакилларини, шунингдек, 1 490 нафар номзодларнинг вакилларини аккредитациядан ўтказди. Бундан ташқари, сайловда 143 нафар халқаро кузатувчи ва 22 нафар хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари фаолият олиб боради.

 

Мальдив Республикаси сайлов комиссияси ва Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Б. Кучкаров халқаро кузатувчи сифатида сайловда иштирок этмоқда.