МУСТАҚИЛ ДАВЛАТЛАР ҲАМДЎСТЛИГИГА АЪЗО МАМЛАКАТЛАРДА САЙЛОВЧИЛАРНИНГ РЎЙХАТЛАРИНИ ТУЗИШ ВА УНДАН ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ

20.03.2023

3580

msk_yangiliklari_in

Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига иштирокчи давлатларнинг “Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига иштирокчи давлатларда демократик сайловлар, сайловга доир ҳуқуқлар ва эркинликлар стандартлари тўғрисидаги конвенция”сида (Кишинев, 2002 йил 7 октябрь) “Демократик сайловлар халқ ҳокимияти ва иродасининг бевосита юксак ифодаларидан бири, сайланадиган давлат ҳокимияти ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа халқ (миллий) вакиллик органлари, сайлов йўли билан тайинланадиган мансабдор шахсларнинг пойдевори” эканлиги белгилаб қўйилган.

 

Конвенцияда шунингдек, “ҳар бир фуқаронинг сайловчилар рўйхатига ўзининг киритилиши тўғрисида ахборот олишга, бу ахборотнинг тўлиқлиги ва ишончлилигини таъминлаш мақсадида уни аниқлаштиришга, ўзининг сайловчилар рўйхатига киритилишининг рад этилиши устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилишга бўлган ҳуқуқи кафолатланади” деб таъкидланган.

 

Мустақил Давлатлар ҳамдўстлигига кирувчи Арманистон, Белоруссия, Молдова, Озарбайжон, Россияда, Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистонда 18 ёшга тўлган фуқаролар сайлаш ҳуқуқига эга ҳисобланади.

 

Aрманистон Республикасида сайловчилар реестри юритилади ва у доимий юритиладиган ҳужжат ҳисобланади, бу рўйхатга аҳолининг давлат реестрига киритилган ҳамда муниципалитетларидан бирида рўйхатга олинган сайлов ҳуқуқига эга бўлган Aрманистон Республикаси фуқаролари киритилади.

 

Ваколатли орган йилига икки марта, июнь ва ноябрь ойларида (биринчи ҳафтада) Марказий сайлов комиссиясига Aрманистон Республикаси сайловчилар реестрини муниципалитетлар бўйича электрон шаклда тақдим этади.

 

Сайловчиларнинг рўйхатлари журнал шаклида тузилади ва 1000 нафаргача сайловчи рўйхати тузилади, лекин 1000 нафардан ортиқ сайловчиси бўлган сайлов участкасига бериладиган ҳар бир сайловчилар рўйхати журналига тахминан тенг миқдордаги сайловчилар тўғрисидаги маълумотлар киритилиши керак. Сайловчилар рўйхатининг ҳар бир саҳифасида кўпи билан 20 нафар сайловчига оид маълумотлар бўлиши мумкин. Стационар даволаш муассасаларидаги сайловчиларнинг қўшимча рўйхатлари электрон шаклда шакллантирилмайди ва участка сайлов комиссияларига тақдим етиладиган техник жиҳозларга киритилмайди.

 

Участка сайлов комиссиясининг раиси овоз бериш кунига 2 кун қолганда сайловчилар рўйхатининг нусхасини, шу жумладан стационар даволанаётган шахсларнинг қўшимча рўйхатининг нусхасини участка марказига ҳамма учун кўринадиган жойга осиб қўяди. Ушбу рўйхатлар овоз беришдан кейинги еттинчи кунгача участка марказида сақланади.

 

Белоруссияда сайловчилар рўйхатидаги фуқароларнинг фамилиялари овоз бериш учун қулай тартибда кўрсатилади. Яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган фуқаролар рўйхатга фақат турган жойидаги сайлов участкасида киритилади.

 

Сайловчи фақат битта сайлов участкасида рўйхатга киритилиши мумкин. Aгар фуқаро ушбу сайлов участкаси ҳудудида рўйхатдан ўтмаган бўлса, у Беларус Республикаси фуқаросининг паспорти ва сайлов участкаси ҳудудида яшашини тасдиқловчи ҳужжат асосида рўйхатга киритилади. Бунда ушбу участка комиссияси сайловчини яшаш жойи ёки турган жойи бўйича рўйхатга олинган участка сайлов комиссиясига сайловчилар рўйхатига киритилганлиги тўғрисида хабар юборади.

 

Молдова Республикасида Сайловчиларнинг давлат реестри — сайловчиларни рўйхатга олишнинг ягона интеграциялашган ахборот тизими бўлиб, 18 ёшга тўлган ва сайлаш ҳуқуқидан маҳрум бўлмаган Молдова Республикаси фуқаролари тўғрисидаги маълумотларни тўплаш, сақлаш, янгилаш ва таҳлил қилиш учун мўлжаллангандир.

 

Сайловчилар рўйхатларини шакллантириш масъул органнинг аҳоли рўйхатининг давлат реестри маълумотлари асосида Марказий сайлов комиссияси томонидан амалга оширилади. Масъул орган комиссияга ҳар йили 31 январдан кечиктирмай ва ундан кейин мунтазам равишда, сайловлар ўтказилганда эса — сайлов куни аниқлангандан кейин сайловчиларнинг давлат реестрини тузиш ва янгилаш учун зарур маълумот ва ахборотларни тақдим этади.

 

Сайловчиларнинг давлат рўйхати асосида тузилган сайловчилар рўйхатига сайлов ҳуқуқига эга бўлган, яшаш жойи ёки жойлашган жойи исталган сайлов участкаси ҳудудида бўлган барча фуқаролар киритилади. Сайловчи фақат битта сайловчилар рўйхатига ва фақат битта сайлов участкасига киритилиши мумкин.

 

Турган жойини ўзгартирган сайлов ҳуқуқига эга бўлган шахслар сайловчилар рўйхатига киритиш учун навбатдаги сайлов кунига камида 30 кун қолганда маҳаллий давлат ҳокимияти органига янги турган жойи тўғрисида маълум қилиши шарт.

 

Озарбайжонда сайловчиларнинг ягона рўйхати Марказий сайлов комиссияси томонидан юритилади. Ҳар йили сайловчилар рўйхатини аниқлаштириш билан боғлиқ маълумотлар участка сайлов комиссиялари томонидан округ сайлов комиссиялари орқали Марказий сайлов комиссиясига тақдим етилади. Сайловчиларнинг ягона рўйхати сайлов участкаларида, сайлов округларида ва умуман Озарбайжон Республикасида юритилади. Вақтинчалик сайловчилар рўйхати ягона сайловчилар рўйхатига киритилади.

 

Сайловчиларнинг доимий рўйхати ҳар йили 30 майга қадар ҳар бир сайлов участкаси бўйича участка сайлов комиссияси томонидан Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланган шаклда тасдиқланади ва овоз бериш кунига камида 25 кун қолганида янгиланади.

 

Сайлов куни сайловчилар рўйхатига ҳеч қандай қўшимча ёки ўзгартириш киритилиши ва босма нашрда эълон қилиш таъқиқланган бўлиб, сайловчиларнинг рўйхати белгиланган тартибда Марказий сайлов комиссиясининг тегишли веб-сайтига жойлаштирилади. Бунда сайловчиларнинг яшаш манзиллари кўрсатилмайди.

 

Сайловчиларнинг сайловчилар рўйхатига киритилганлигини тасдиқловчи ҳужжат сайловчи гувоҳномаси ҳисобланади.

 

Агар сайловчи қасддан бир нечта сайловчилар рўйхатига киритилган бўлса, у Озарбайжон Республикасининг Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексига мувофиқ маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.

 

Россия Федерацияси фуқаросини маълум бир сайлов участкаси бўйича сайловчилар рўйхатига киритиш учун унинг яшаш жойи тўғрисида Россия Федерацияси фуқароларини рўйхатга олиш органлари томонидан сайловчининг ушбу сайлов участкаси ҳудудида белгиланган тартибда қайд этилганлиги ҳақидаги маълумоти асос бўлади.

 

Россия Федерациясида яшаш жойига эга бўлмаган сайловчилар Давлат Думаси депутатлари сайловида Федерал сайлов округида овоз бериш учун Мобил сайловчи механизмидан фойдаланишлари мумкин. Яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган сайловчилар эса, агар яшаш жойи шу сайлов округи ҳудудида бўлса, бир мандатли сайлов округи бўйича ҳам овоз беради.

 

“Мобил сайловчилар” механизми сайловчиларга овоз бериш куни унинг турган жойи рўйхатга олинган жойига тўғри келмасада ва сайлов округи ҳудудида жойлашган бўлса сайловда овоз бериш имконини беради.

 

Овоз бериш куни(лар)ида вақтинчалик яшаш жойида бўлган сайловчилар белгиланган Тартибга мувофиқ сайловчилар рўйхатига киритиш ҳақида ариза бериш ҳуқуқига эга. Сайловчи турган жойидаги сайловчилар рўйхатига киритиш учун “Давлат хизматлари” портали орқали ёки ҳудудий сайлов комиссиясига ёхуд давлат ва коммунал хизматлар кўрсатишнинг кўп функционал маркази орқали ариза бериши мумкин.

 

Тожикистонда эса сайловчиларнинг рўйхатлари участка сайлов комиссиялари томонидан ҳар бир сайлов участкаси бўйича тузилади ҳамда участка сайлов комиссиясининг раиси ва котиби томонидан имзоланади ҳамда муҳр билан тасдиқланади. Сайловчиларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатлари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тақдим этилган сайловчилар тўғрисидаги маълумотлар асосида тузилади.

 

Сайловчиларнинг рўйхатларини тузиш учун участка сайлов комиссиялари давлат органларининг, мулкчилик шаклидан қатъи назар, давлат муассасалари ва ташкилотларининг, шунингдек жамоат бирлашмаларининг вакилларини жалб этадилар.

 

Сайловчиларнинг рўйхатлари участка сайлов комиссиялари тузилганидан кейин камида 15 кун ўтгач тузилади, унда сайловчиларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили ва манзили кўрсатилади.

 

Қирғизистонда сайловчиларнинг ҳуқуқларини амалга ошириш, сайловчиларни ўзлари ҳақидаги маълумотлар билан таништириш, шунингдек, овоз беришни ўтказиш мақсадида ҳар бир сайлов участкаси бўйича сайловчилар рўйхати тузилади. Ягона сайлов округи бўйича Президент ва Жогорку Кенеш депутатлари сайлови бўйича сайловчилар рўйхатига сайлов куни актив сайлов ҳуқуқига эга бўлган ва қонун ҳужжатларига мувофиқ биометрик рўйхатдан ўтган сайловчилар киритилади.

 

Бир мандатли сайлов округлари бўйича Жогорку Кенеш депутатлари сайлови бўйича сайловчилар рўйхатига овоз бериш куни актив сайлов ҳуқуқига эга бўлган, маҳаллий ҳамжамият аъзолари бўлган ва биометрик рўйхатдан ўтган Қирғизистон Республикасининг барча фуқаролари киритилади.

 

Сайловчилар рўйхати сайлов участкаларининг чегараларини ҳисобга олган ҳолда Aҳоли ягона давлат реестрига киритилган шахсий маълумотлар (шу жумладан биометрик маълумотлар) асосида тузилади. Aҳолининг ягона давлат реестрини шакллантириш, сақлаш ва янгилаш ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.

 

Ҳар бир сайловчи сайловчиларнинг дастлабки рўйхатида хато ёки ноаниқлик аниқланган тақдирда, овоз бериш кунига камида 15 календарь кун қолганда тегишли участка сайлов комиссиясига тасдиқловчи ҳужжатлар нусхасини илова қилган ҳолда ариза билан мурожаат қилишга ҳақли, бунда сайловчи биометрик идентификациядан ўтади.

 

Участка сайлов комиссияси мазкур аризани рўйхатга киритиш, йўл қўйилган хато ёки ноаниқликларни тузатиш бўйича тегишли чоралар кўриш учун дарҳол тегишли ҳудудий сайлов комиссиясидаги Марказий сайлов комиссиясининг тизим администраторига юборади.

 

Марказий сайлов комиссияси овоз бериш кунига 7 календарь кун қолганида сайловчиларнинг рақамланган, боғланган ва муҳрланган якуний рўйхатини икки нусхада чоп этади ва тегишли участка сайлов комиссияларига тақдим этади. Бунда ҳар бир сайлов участкаси бўйича сайловчиларнинг қоғоздаги якуний рўйхатининг осиб қўйиш учун мўлжалланган иккинчи нусхасида якуний рўйхатга киритилган сайловчиларнинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар бўлмаслиги керак.

 

Сайловчиларнинг якуний рўйхатларида мавжуд бўлган шахсий маълумотларга тегишли маълумотларни тузатиш, нусха кўчириш, эълон қилиш йўли билан ошкор қилиш қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлади.

 

Қозоғистон Республикасида фуқаронинг сайловчилар рўйхатига киритилиши учун сайловчиларнинг сайлов участкаси ҳудудидаги яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлиги асос бўлади, фуқароларини яшаш жойи бўйича рўйхатга олишни амалга оширишга ваколатли органлар адлия органлари ҳисобланади.

 

Сайловда иштирок этишнинг асосий шарти сайловчиларнинг сайловчилар рўйхатига киритилиши ҳисобланади. Сайловчиларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатлари тегишли ҳокимлик томонидан тузилади. Сайлов тайинланган пайтдан бошлаб ҳар бир сайловчи тегишли ҳокимликда сайловчи сифатида рўйхатдан ўтиш ҳуқуқига эга.

 

Овоз бериш бошланишига йигирма кун қолганида тегишли ҳокимлик далолатнома асосида сайловчилар рўйхатини участка сайлов комиссияларига тақдим этади. Овоз бериш кунига 15 кун қолганида сайловчиларнинг рўйхатлари сайлов участкаларида танишиш учун сайловчиларга тақдим этилади.

 

Сайлов куни маҳаллий вақт билан соат ўн иккидан кечиктирмай, агар сайловчи овоз бериш учун кела олмаса: соғлиғига кўра; касал оила аъзосига ғамхўрлик қилиш туфайли; сайлов участкалари тузилмаган чекка ва бориш қийин бўлган ҳудудларда бўлса, сайловчи ўзи турган жойда овоз беришни ташкил етиш учун участка сайлов комиссиясига ёзма ариза билан мурожаат қилишга ҳақли. Участка сайлов комиссияси овоз беришни сайловчининг яшаш жойида ташкил қилиши шарт.

 

Мамлакатимизда сайловчилар Ягона электрон рўйхатидан фойдаланиш тажрибасини Мустақил Давлат ҳамдўстлигига кирувчи давлатлар тажрибаси билан қиёслаганда, ўзаро тажриба алмашишга молик бўлган жиҳатларини кўришимиз мумкин.

 

Биринчидан, Аҳолининг давлат реестри ёки Сайловчилар ягона электрон рўйхати бир йилда камида икки марта янгиланиши зарур;

 

Иккинчидан, сайловчилар ўзлари сайловчилар рўйхатида бор-йўқлигини аниқлаштириш талабларини йўлга қўйиш зарур;

 

Учинчидан, сайловчи ҳақида сайловчилар рўйхатида хато ёки ноаниқлик аниқланган тақдирда зудлик билан ҳал қилиш учун тегишли ҳудудий сайлов комиссияларида Марказий сайлов комиссиясининг тизим администратори фаолиятини йўлга қўйиш зарур бўлади.

 

Тўртинчидан, ҳаммага таништириш мақсадида осиб қўйиш учун мўлжалланган якуний рўйхатга киритилган сайловчиларнинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар бўлмаслиги керак.

 

Бешинчидан, рақамли технологияларни сайлов жараёнига янада кенг татбиқ этилиши сайловчи сайлов куни яшаб турган жойида бўлмаган тақдирда ҳам уни тезкорлик билан сайловчилар рўйхатига киритиш имконини беради.

 

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда сайловчилар Ягона электрон рўйхатидан фойдаланиш тизимининг янада такомиллаштирилиши сайловчиларнинг сайлов ҳуқуқини рўёбга чиқариш, фуқароларнинг шахсга оид маълумотларини сақланишини таъминлаш ҳамда сайловларни демократик принциплар асосида ўтказишда муҳим роль ўйнайди.

 

Шу аснода сайловчилар ўртасида сайловчилар рўйхатини тузиш тартиблари ҳамда сайловда иштирок этиш билан боғлиқ жараёнлар ҳақида тушунтириш-тарғибот ишларини йўлга қўйилиши сайлов жараёнларида ўз самарасини беради.

 

Баҳодиржон Юнусов

Марказий сайлов комиссияси аъзоси

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур