• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси
28.06.2022
600
28 июнь куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда давлатимиз раҳбарининг таклифига биноан жорий йилда мамлакатимиз Конституциясини ислоҳ қилиш бўйича ўтказиладиган референдумга пухта тайёргарлик кўришга доир масалалар муҳокама қилинди.

МСК аъзолари, Котибият масъул ходимлари, ОАВ вакиллари иштирок этган мажлис кун тартибидан Ўзбекистон Республикаси референдум округлари ҳамда референдум ўтказувчи округ комиссиялари тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикаси Референдум участкалари ҳамда участка комиссиялари тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш, Референдум ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этишга оид масалалар ўрин олди.

Мажлисда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси референдум округлари ҳамда референдум ўтказувчи округ комиссиялари тўғрисидаги, Референдум участкалари ҳамда участка комиссиялари тўғрисидаги низомлар Ўзбекистон Республикасининг Референдуми тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонуни талабларидан келиб чиқиб ишлаб чиқилган. Низомлар ўз ичига комиссиялар аъзоларига қўйиладиган талаблар, комиссия аъзоллигига номзодларни тавсия қилиш, комиссия таркибидан чиқариш ёки таркибини ўзгартириш, комиссия фаолиятини ташкил этиш, комиссияларнинг ваколатлари, уларнинг ишини режалаштириш ва ташкил қилиш, участка комиссияси жойлашган бино ва овоз бериш хоналарини жиҳозлаш, овоз берувчи фуқаролар рўйхати, муддатидан олдин овоз бериш, участка комиссияси томонидан референдум куни амалга ошириладиган вазифалар, овоз беришни ташкил этиш каби талаб ва тавсияларни қамраб олган.

Шунингдек, референдум ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш, уларни сайлов қонунчилигидан хабардорлигини кучайтириш муҳим аҳамиятга эга.

Мажлисда референдум ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш концепцияси лойиҳаси муҳокама этилди. Унга кўра, Марказий сайлов комиссияси котибиятининг Сайлов қонунчилиги ва замонавий технологиялар бўйича ўқув маркази юқори малакали экспертлар билан биргаликда замонавий таълим технологияларини қўллаган ҳолда референдум ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг референдум қонунчилиги ва овоз беришда замонавий ахборот технологияларини қўллаш бўйича назарий билими ҳамда амалий кўникмасини оширишга қаратилган семинар-тренингларнинг ўқув дастурлари ва ўқув-услубий материалларини ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида ишлаб чиқиш вазифаси белгиланди.

Мажлисда кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди. Комиссия ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати