• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
ЎЗБEКИСТОН МИССИЯСИ ВАКИЛЛАРИ ҚОЗОҒИСТОНДАГИ РEФEРEНДУМ ЖАРАЁНЛАРИ БИЛАН ТАНИШМОҚДА
05.06.2022
206

Аввал хабар берганимиздек бугун 5 июнь куни Қозоғистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича Республика референдуми ўтказилмоқда.

Референдумни кузатиш мақсадида Қозоғистонда бўлиб турган МСК Раиси Зайниддин Низомходжаев бошчилигидаги Ўзбекистон миссияси вакиллари Нур-Султон шаҳридаги 10 дан ортиқ референдум участкаларидаги овоз бериш жараёнлари, ташкилий чора-тадбирлар, аҳолининг референдумдаги иштироки билан яқиндан танишди.

Республикада жами 10 012 референдум участкаси мавжуд. Жумладан, улардан 65 таси 52 та хорижий давлатда ташкил этилган. Овоз бериш маҳаллий вақт билан соат 7:00 да ҳамда 17 та референдум участкасида ҳудудий комиссиялар томонидан қабул қилинган қарорларга асосан соат 6.00 да бошланди.

Қозоғистон маҳаллий вақти билан соат 16:00 ҳолатига 11 722 536 нафар овоз берувчидан, 7 127 366 нафари яъни 60,80 фоизи референдумда иштирок этди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур референдумда мамлакатнинг асосий қонунидаги 33 моддада жами 56 тузатиш назарда тутилган. Бунгача Қозоғистонда 1995 йилда референдум ўтказилган ҳамда амалдаги конституция тасдиқланган эди.