• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар сайлов жараёнида қандай вазифаларни бажаради
25.11.2021
92
Демократик сайловларни фуқаролик жамияти институтларининг иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Хусусан, бу жараёнда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари алоҳида ўрин тутади. Улар сайловларнинг шаффофлиги ва очиқлигини таъминловчи муҳим омил ҳисобланади.

Жорий йил 24 октябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг миллий қонунчилигимиз ва халқаро сайлов стандартлари асосида юқори савияда ташкил этилганлигини дунё ҳамжамияти эътироф этмоқда. Сайлов жараёнида нафақат сиёсий партиялар ва масъул давлат органларининг вакиллари, балки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари ҳам бевосита фаол иштирок этишлари ҳамда жамоатчилик назорати ҳуқуқидан самарали фойдаланишлари учун норматив-ҳуқуқий асослар яратилди.

Президентлик сайловида илк бор амалиётга жорий этилган Сайлов кодексимизда фуқаролик жамиятлари институтларининг ўрни алоҳида аҳамиятга моликдир. Айниқса, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг сайлов жараёни билан боғлиқ ваколатлари анчагина.

Биринчидан, халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилиш учун участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар тақдим этади. Иккинчидан, номзодларга уларнинг сайловчилар билан учрашувларини уюштиришда, фуқароларни қабул қилишда, улар ўз сайлов округларида бошқа ваколатларини амалга оширишида кўмаклашади. Учинчидан, Сайлов кодексига киритилган энг муҳим янгиликлардан бири — фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ҳам сиёсий партиялар каби ҳар бир сайлов участкасига ўз кузатувчиларини қўйиш ваколати берилди.

Дарҳақиқат, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига берилган бундай кенг кўламли ваколатлар мамлакатимизда сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш жараёнида сайлов эркинлигини таъминлаш, жамоат, яъни халқ назоратини янада кенг ва тўла амалга оширишга хизмат қилади.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бу йилги сайловда юртимиздаги 9255 та маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан сайлов участкаларига 10733 нафар кузатувчилар бириктирилди. Уларга белгиланган тартибда мандатлар берилиб, ваколатлари доирасида фаолият юритишлари учун зарур имкониятлар яратилди.

Шунингдек, округ сайлов комиссиялари таркибида 15 нафар, участка сайлов комиссиялари таркибида 22 750 нафар фуқаролар йиғинлари ходимлари фаолият кўрсатишди.

Сайлов жараёни билан боғлиқ ишларни самарали ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг кузатувчиларига эслатма қўлланмалари тайёрланди.

Янги Сайлов кодексига биноан сайловларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчиларнинг иштирок этишига рухсат берилиши маҳаллага бўлган ишонч ортиб, ваколатлари кенгаяётганидан далолат. Ушбу қуйи бошқарув органлари вакилларининг сайловларда кузатувчи сифатида иштирок этиши сайловларни очиқ ва ошкора, демократик принципларга мос ўтишида муҳим аҳамиятга эга.

Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 5 октябрдаги 951-сон қарори билан сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар тўғрисида Низом қабул қилинди. Ушбу ҳужжатда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиялар, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кузатувчиларининг ҳуқуқий мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда уларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш тартиби белгиланган.

Бундай кенг кўламли кузатувдан мақсад – сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шу жумладан, сайлов куни овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларида сайлов қонунчилигига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини янада кенгроқ амалга оширишдан иборат.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли), унинг ўринбосари, маслаҳатчиси, шунингдек, фуқаролар йиғини органларининг бошқа мансабдор шахслари сайловларда кузатувчи бўлиши мумкин.

Округ сайлов комиссияси фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг аризасини олгандан кейин беш кун ичида қарор қабул қилади ва кузатувчи учун мандат беради.

Сайлов комиссиялари кузатувчини рўйхатга олгандан кейин унга ўз ваколатларини тўлақонли ҳамда тўсқинликсиз амалга ошириши учун шароит яратиб беради.

Кузатувчи сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек, ҳар бир сайлов участкасида сайлов куни овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларида сайлов қонунчилигига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш ҳуқуқига эга. Шунингдек, сайлов участкасида сайлов қонунчилиги талаблари бузилишига йўл қўйилган деб ҳисоблаш учун асослар етарли бўлса, ушбу участка сайлов комиссияси аъзоларига ёки юқори турувчи сайлов комиссияларига хабар беришга ҳақли.

Шунингдек, кузатувчи Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Сайлов кодексига, Марказий сайлов комиссиясининг қарорларига амал қилган ҳолда барча даражадаги сайлов комиссияларига, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ва бошқа ташкилотларга ташриф буюрганида унга берилган мандатни ҳамда ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни ёнида олиб юриши ҳамда мансабдор шахслар талабига мувофиқ уларни кўрсатиши керак.

Кузатувчи сайловчи сайлов бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда овоз бериш кабинасида ёки хонасида бўлиши мумкин эмас. Сайловчиларга таъсир ўтказиш, бирор-бир ташвиқот материали ёки адабиётини тарқатиш, сайловчилардан кимни ёқлаб овоз берганини суриштириш ёки сайловчиларга бюллетенга белги қўйишда бирор-бир тарзда ёрдам кўрсатиш ҳам тақиқланади. Шунингдек, участка сайлов комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан, сайлов қутилари муҳрланаётган, очилаётган, овозлар санаб чиқилаётганда аралашиш, сайлов куни ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари прогнозларини, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни эълон қилиши ман этилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, сайлов жараёнлари устидан фуқаролик жамияти институтларининг кузатув олиб бориши, назорати ҳамда сиёсий тадбирда фаол иштирок этиши албатта, сайловларнинг демократик тарзда ўтишига хизмат қилади.

 

С. Курбанкулов

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоси