• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Қизғин ва маъсулиятли жараён
03.10.2021
323
Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг ҳал қилувчи босқичи - сайловолди ташвиқоти кампанияси қизғин паллага кирди.

ФАОЛЛАШГАН ФАОЛИЯТ

Президентликка номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари жойларда сайловчилар билан қизиқарли учрашувлар ўтказиб, фуқароларни ўзларининг сайловолди дастурлари билан таништирмоқда.

Оммавий ахборот воситаларида номзодларнинг сайловолди дастурлари, чиқишлари ва сайловчилар билан мулоқотларига доир материаллар Марказий сайлов комиссиясининг шу йил 17 сентябрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқоти тўғ­рисида"ги қарорида белгиланган жадвал асосида тенглик тамойилига қатъий амал қилинган ҳолда кенг ёритиб борилмоқда.

Бу масъулиятли жараёнда Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни мувофиқлаштириб бораётган барча даражадаги сайлов комиссияларининг иши янада фаоллашди.

Масалан, Марказий сайлов комиссиясининг ўтган ҳафта бир кунда бағишланган учта йирик тадбир — Комиссиянинг муҳим масалалар муҳокама қилинган кенгайтирилган мажлиси, матбуот анжамуни ҳамда БМТнинг Тараққиёт дас­тури ва Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда оммавий ахборот воситаларида сайловларни самарали ёритишга бағишланган йирик семинар ўтказилди.

 

МУҲИМ ЯНГИЛИК

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир долзарб масалалар кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

Жорий йил 23 июль куни Марказий сайлов комиссияси 2021 йил 24 октябрни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни деб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилган ва сайлов кампанияси бошланган эди.

Ўтган вақт ичида Марказий сайлов комиссияси томонидан Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича барча ишлар Сайлов кодекси талабларига қатъий риоя қилинган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича календарь режасига мувофиқ, тизимли равишда амалга оширилаётир.

Марказий сайлов комис­сия­сининг сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари ва барча округ сайлов комиссиялари раҳбарлари ҳам иштирок этган йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига доир сайлов бюллетенининг шакли ва матни тасдиқланди.

Сайлов кодексининг 31-моддасига биноан, сайлов бюллетенига Президентликка номзоднинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили ва уни номзод этиб кўрсатган сиёсий партия кўрсатилган ҳолда алифбо тартибида киритилади. Бунда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси асос қилиб олинди.

Маълумки, шу йил 31 майда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиш ва қў­шимчалар киритиш тўғрисида"ги қонунга биноан, Сайлов кодексидаги 31-модданинг учинчи қисмидаги "эгаллаб турган лавозими (машғулотининг тури), иш жойи" деган сўз­лар чиқариб ташланган эди.

Президентликка номзодларнинг эгаллаб турган лавозимига оид маълумотларнинг сайлов бюллетенида ёзилмаслиги номзодлар ўртасидаги тенг­ликни таъминлашга қаратилган муҳим янгиликдир.

Сайлов бюллетенлари давлат тилида нашр этилади. Шунингдек, округ сайлов комиссиясининг қарорига биноан тегишли округ аҳолисининг кўпчилиги сўзлашадиган тилларда ҳам нашр этилиши мумкин. Сайлов бюллетенларини Брайль алифбоси асосида тўлдириш учун трафаретлар тайёрлаш ишлари аллақачон бошлаб юборилган.

Сайлов кодексининг 32-моддасига асосан, участка сайлов комиссиялари сайлов бюллетенларини овоз бериш кунига, жумладан муддатидан олдин овоз бериш кунига камида уч кун қолганда, округ сайлов комиссияларидан олади.

 

ЖОЗИБАЛИ РАҚАМЛАР

Сайловни очиқ ва ошкора, демократик тамойиллар асосида ўтказишда халқаро ташкилотлар ва хорижий кузатувчилар миссияларининг иштироки муҳим аҳамиятга эга. Ўз­бекистонда сўнгги йилларда ўт­казилган сайловларда хорижий ва халқаро кузатувчилар сони муттасил ошиб бормоқда.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилишга оид қарор қабул қилинди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ Мустақил давлатлар ҳамдўстлигидан 7, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Парламентлараро ассамблеясида 25, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотидан 1, Озарбайжондан 2, Беларусьдан 2, Қозоғистондан 3, Латвиядан 1, Мисрдан 5, Россиядан 5, Сингапурдан 3, Туркиядан 5, Украинадан 1, Чехиядан 1, Япониядан 2, Қувайтдан 3 нафар хорижий кузатувчи рўйхатдан ўтказилди. Марказий сайлов комиссияси халқаро кузатувчиларга сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида ўз фаолиятини амалга ошириши учун мандатларни қо­нунда белгиланган муддатда тақдим этмоқда.

Таъкидлаш ўринлики, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Эҳтиёжларни баҳолаш бўйича миссияси шу йил май ойида мамлакатимизга келиб, Ўзбекистондаги сайловолди муҳити ва Президент сайловига тайёргарлик жараёнини, мамлакатимизда эркин ва демократик сайлов ўтказилишини таъминлаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирларни ижобий баҳолади. Қолаверса, Президент сайловига кузатув миссиясини юбориш фикрини билдирди.

Президент сайловини Бюронинг уч юзга яқин, жумладан, 28 нафар узоқ муддатли ва 250 нафар қисқа муддатли кузатувчиси кузатиб бориши кутилмоқда.

Марказий сайлов комиссия­сининг мажлисида ушбу жозибали рақамлар жаҳон ҳамжамиятининг Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларга қизиқиши тобора ортиб бораётгани, юртимизда мустаҳкам қарор топган тинчлик ва осойишталик, инсон манфаатларини таъминлашга қаратилаётган доимий эътибор билан боғлиқ экани таъкидланди.

Йиғилишда оммавий ахборот воситаларининг 167 нафар вакили аккредитациядан ўтказилди ва уларнинг умумий со­ни 1 минг 129 нафарга етди. Шулардан 48 нафари хорижий оммавий ахборот воситалари вакилидир. Бу жараён қизғин давом этмоқда ва сайловга ўн кун қолганида тўхтатилади.

 

МУҲИМ ЎЗГАРИШЛАР

Сайлов қонунчилиги ҳар қан­дай демократик давлатда муттасил ривожланиб, такомиллашиб боради. Бунда халқаро сайлов стандартлари талаблари ва халқаро ташкилотларнинг сайловларни кузатиш миссияларининг тавсиялари ҳам ҳисобга олинади.

Демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлидан бораётган Ўзбекистоннинг миллий сайлов тизимида сўнгги пайт­да фуқароларнинг сайлов ҳу­қуқларини кенг, тенг ва тў­лиқ таъминлашга қаратилган айрим муҳим ўзгаришлар амалга оширилди.

Айнан шу йил 8 февраль ку­ни "Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ҳамда 31 май куни "Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қо­нунлар қабул қилинди.

Ушбу ўзгартиш ва қўшимчаларга биноан, жумладан:

- хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларининг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, сайловчилар рўйхатига киритилиши ҳамда улар яшаётган ёки ишлаётган жойда овоз бериш имкониятининг яратилиши белгиланди;

- қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойлари, ҳарбий қисмларда ташкил этилган сайлов участкаларига кузатувчиларнинг ташриф механизмлари соддалаштирилди;

- сайлов комиссиялари аъ­золарига иш ҳақи ва компенсация тўланишига оид қоидалар янада мустаҳкамланди;

- сайлов комиссиялари зиммасидаги номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга оид вазифа бекор қилинди;

- сайловолди ташвиқоти даврида давлат ресурсларидан фойдаланиш тақиқланди;

- сиёсий партияларга сайловолди ташвиқоти учун ажратилган маблағлардан фойдаланишнинг шаффофлигини таъминлашнинг янги механизимлари жорий этилди;

- сайловчилар билан учрашувлар каби оммавий тадбирлар ўтказиш учун рухсатнома олиш ўрнига хабардор қилиш механизми белгиланди;

- судлар ва сайлов ко­миссия­ларига такрорий шикоятлар тушиши, улар томонидан бир-бирга зид қарорлар чиқарилишининг олдини олиш мақсадида, сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қа­рорлари устидан шикоятларни энди фақат судда кўриб чиқиш жорий этилди.

Бундай муҳим янгиликларни яна давом эттириш мумкин.

Ўз олдига мамлакат тараққиётини янги, янада юқори босқичга кўтаришдек буюк мақсадни қўйган замонавий Ўзбекистоннинг сайлов тизимида изчиллик билан амалга оширилаётган бундай кенг кўламли ишлар Президент сайловини миллий сайлов қонунчилиги, умумэътироф этилган халқаро стандартларга мос, демократик тамойиллар асосида, очиқ ва ошкора ўтказилишига хизмат қилади.

Тўлқин АЛИҚУЛОВ,

сиёсатшунос