• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши
23.09.2021
1321
2021 йил 23 сентябрь куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Мажлисни Комиссия Раиси З.Низамходжаев олиб борди.

Мажлис кун тартибидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига доир сайлов бюллетенининг шаклини ва матнини тасдиқлаш,  Ўзбекистон Президенти сайловида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш ҳамда Оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш масалалари жой олди.

Комиссия аъзолари дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига доир сайлов бюллетенининг шаклини ва матнини тасдиқлаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқишди.

Сайлов кодексининг 31-моддасига мувофиқ,   Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига доир сайлов бюллетенининг шакли ва матни Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланади. Сайлов бюллетенида уни тўлдириш тартиби тўғрисидаги тушунтириш бўлиши керак.

Номзоднинг фамилияси, исми, отасининг исми сайлов бюллетенига унинг туғилган йили ва уни номзод этиб кўрсатган сиёсий партия кўрсатилган ҳолда алифбо тартибида киритилади.

Сайлов бюллетенлари давлат тилида нашр этилади. Шунингдек округ сайлов комиссиясининг қарорига биноан тегишли округ аҳолисининг кўпчилиги сўзлашадиган тилларда ҳам нашр этилиши мумкин. Сайлов бюллетенларини Брайль алифбоси асосида тўлдириш учун трафаретлар тайёрланиши мумкин.

Сайлов кодексининг 32-моддасига асосан, участка сайлов комиссиялари сайлов бюллетенларини овоз бериш кунига, шу жумладан муддатидан олдин овоз бериш кунига камида уч кун қолганида округ сайлов комиссияларидан олади.

 

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларидаги сайловчилар сони ҳақида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида Марказий сайлов комиссияси сайлов бюллетенларининг тайёрланиши ва етказиб берилишини таъминлайди.

Участка сайлов комиссияси оладиган сайлов бюллетенларининг сони ҳар бир сайлов участкаси бўйича сайловчилар рўйхатига киритилган сайловчилар сонига нисбатан ярим фоиздан ортиқроқ бўлиши мумкин эмас.

Шунингдек, мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, шу кунга қадар 6 нафар хорижий мамлакатлардан ва ДИИҲБ ЕХҲТдан 40 нафар халқаро кузатувчи рўйхатдан ўтказилган.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш тўғрисидаги МСК қарорига мувофиқ Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (7),  Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Парламентлараро Ассамблеяси (25), Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (1), шунингдек  Озарбайжон Республикаси (2), Беларусь Республикаси (2), Қозоғистон Республикаси (3), Латвия (1), Миср (5), Россия Федерацияси (5),  Сингапур (3), Туркия (5), Украина (1), Чехия Республикаси (1), Япония (2) ва Қувайт (3) давлатларидан 66 нафар хорижий кузатувчи рўйхатдан ўтказилди. Марказий сайлов комиссияси халқаро кузатувчиларга сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида ўз фаолиятларини амалга оширишлари учун мандатларни қонунда белгиланган муддатда тақдим этмоқда.

Комиссия аъзолари томонидан оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек ўтган вақт давомида Марказий сайлов комиссиясига яна 53 та ОАВ томонидан мурожаат келиб тушган. Мажлисда Оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисидаги қарор лойиҳаси бир овоздан мақулланди ва 53 та маҳаллий оммавий ахборот воситасининг жами 167 нафар вакили аккредитациядан ўтказилди. Эндиликда аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари жами 1129 (шундан 48 нафари хорижий) нафарни ташкил этмоқда.

Мажлис давомида Андижон, Навоий ва  Сурхондарё сайлов округлари раисларининг сайловга тайёргарлик кўриш бўйича ҳисоботлари тингланди.

Мажлисда кун тартибига киритилган қарорлар очиқ овоз бериш орқали, комиссия аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинди. Қайд этиш жоиз, Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари қабул қилинган пайтдан эътиборан кучга киради.

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати