• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Ўзбекистон делегацияси Давлат Думасига сайловларни кузатди
20.09.2021
358
19 сентябрь куни Россия Федерацияси Федерал Мажлисининг Давлат Думасига уч кун давом этган сайловлар якунланди.

Давлат думасига сайлов бир босқичда аралаш тизимда ўтказилган бўлиб, унга 225 депутат – партиялар рўйхати бўйича, 225 нафари эса бир мандатли округлардан сайланади. Давлат думаси депутатлигига номзодларнинг федерал рўйхатида 14 та партия  ҳусусан,  РФКП, “Яшиллар”, РЛДП, “Янги одамлар”, “Ягона Россия”, “Одил Россия – Ҳақиқат учун”, “Яблоко”, Улғайиш партияси, Россия эркинлик ва адолат партияси, “Россия коммунистлари”, “Фуқаролик платформаси”, “Яшил муқобил”, “Ватан” ва Пенсионерлар партияси киритилган.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси З.Низамходжаев бошчилигидаги делегация аъзолари овоз бериш жараёнларини бевосита Москва шаҳри ва вилоятида жойлашган сайлов участкаларида ҳамда Москва шаҳри сайловни кузатиш бўйича жамоатчилик штаби, Россия Федерацияси Жамоатчилик палатасида жойлашган Сайловларни кузатиш марказида мониторинг қилиб борди.

Делегация аъзолари мониторинг доирасида онлайн овоз бериш тартиби, сайлов участкаларида ташкил этилган видеокузатув режими, колл-марказ фаолияти ҳамда электрон овоз бериш тизими ҳақида маълумотларга эга бўлишди.

Шунингдек,  овоз бериш натижаларини ҳисоблаш жараёни билан танишиш мақсадида Россия МСК ахборот марказига ташриф буюрилди.  Қайд этиш жоиз, Ахборот маркази фаолияти Россия МСК сайтида онлайн трансляция қилиб борилган.

Давлат Думасига сайловларни кузатишда 55 мамлакатдан 250 нафар халқаро кузатувчи иштирок этди.  Жумладан, Москва шаҳри ва вилоятида ташкил этилган сайлов участкаларини Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги миссияси таркибида Марказий сайлов комиссияси аъзолари Г.Раҳимова ва О.Бозоровлар кузатиб борди. Комиссия аъзолари томонидан қайд этилишича, овоз бериш жараёнлари қатъий карантин талабларига риоя этилган ҳолда олиб борилган. Хусусан,  сайлов участкалари тиббий ҳимоя ниқоби ва антисептик воситалари билан таъминланган.   Шунингдек, сайлов участкасидан номзодлар ҳақида маълумотлар, пандемия талабларига риоя этган ҳолда  овоз бериш қоидалари акс этган эслатмалар ҳам ўрин олган.

Федерал сайлов округида овоз беришнинг 99,8 фоиз бюллетенлар саноғи натижасига кўра, “Ягона Россия” партияси 49,83 фоиз овоз билан пешқадамлик қилмоқда. РФКП 18,94 фоиз  билан иккинчи ўрин, РЛДП  7,51  фоиз овоз тўплаб учинчи ўринни эгаллади.

Шу ўринда яна бир маълумот, 20 сентябрь куни МДҲ ва ШҲТ Миссияларининг матбуот-анжумани бўлиб ўтди. Ушбу тадбир Россия Федерацияси Федерал Мажлисининг Давлат Думасига сайловлардаги кузатув натижаларига бағишланди. Унда МДҲ ва ШҲТ Миссияларидан кузатувчилар ўз фикрларини билдириб ўтди.