• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Марказий cайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси
15.09.2021
755
2021 йил 15 сентябрь куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Мажлисни Марказий сайлов комиссияси раиси З.М.Низамходжаев олиб борди.

Мажлис кун тартибидан Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон Экологик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси,  Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодларнинг ишончли вакилларини рўйхатга олиш масалалари жой олди.

Қайд этилганидек, Марказий сайлов комиссияси 11-14 сентябрь кунлари барча сиёсий партиялардан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодларни рўйхатга олган эди.

Сайлов кодексининг 43- моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод ўн беш нафарга қадар, ишончли вакилга эга бўлишга ҳақли. Ишончли вакиллар номзодга сайлов кампаниясини ўтказишда ёрдам беради, сайлаш учун ташвиқот олиб боради, давлат органлари ва жамоат бирлашмалари, сайлов комиссиялари билан бўладиган муносабатларда номзоднинг манфаатларини ифодалайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг ишончли вакиллари унинг тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинади, Марказий сайлов комиссияси уларга тегишли гувоҳномалар беради.

Шундан келиб чиққан ҳолда, мажлис давомида Ўзбекистон Экологик партиясидан Обломурадов Нарзулло Наимовичнинг, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Қодиров Алишер Келдиевичнинг, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Варисова Максуда Азизовнанинг, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Абдуҳалимов Баҳром Абдураҳимовичнинг ва Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Мирзиёев Шавкат Миромоновичнинг ишончли вакиллари рўйхатга олинди.

Номзод сайловга қадар ўз ишончли вакилини тегишли сайлов комиссиясига маълум қилган ҳолда исталган вақтда ваколатидан маҳрум қилиши ва уни бошқаси билан алмаштириши мумкин. Ишончли вакил исталган вақтда ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилишга ҳақли.

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати