• eye Махсус имкониятлар
янгиликлар бўйича излаш
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
Президентлик сайловида иштирок этиш учун ЕХҲТ ПА ва ДИИҲБ миссиялари таклиф этилди
28.07.2021
1045
Марказий сайлов комиссияси жорий йилнинг 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш учун ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ва Парламент Ассамблеяси раҳбарияти номига расмий таклифномалар юборди.

 

Мамлакатимизда ўтказиладиган ушбу муҳим сиёсий жараён муносабати билан жорий йилнинг 24-28 май кунлари ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси (ЭБМ) экспертлари Президент сайловига тайёргарлик жараёнларини ўрганиш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюрган ва МСК раҳбарияти билан учрашган эди. Ташриф якунлари бўйича ЭБМ ўз ҳисоботида бўлажак сайловларни ЕХҲТ ДИИҲБнинг тўлақонли миссияси томонидан мониторинг қилиш мақсадга мувофиқлигини қайд этиб, унинг таркибига асосий гуруҳ (10-15 нафар эксперт), 28 та узоқ муддатли ва 250 нафар қисқа муддатли кузатувчиларни жалб этишни тавсия этган.

Сайловларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда кузатувчиларнинг, жумладан хорижий мамлакатлар вакиллари ва халқаро ташкилотлар кузатувчилари миссияларининг иштироки муҳим аҳамият қасб этишини инобатга олиб, октябрь ойида бўлиб ўтадиган сайловларда нуфузли халқаро ташкилотлар ва чет мамлакатлардан кузатувчилар таклиф этилиши режалаштирилган. Хусусан, ЕХҲТ ПА ва ДИИҲБ миссиялари билан бир қаторда МДҲ, ШҲТ, МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси ва бошқа ташкилотларга таклифномалар юборилади.