• eye Махсус имкониятлар
МАЪЛУМОТ
Фотогалерея
2021 йил 24 октябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови
17.05.2022
1815

2021 йилнинг 24 октябрь куни мамалакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий воқеа - Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтди. 5 та Сиёсий партия томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодлар сайловчиларнинг қуйидаги миқдордаги овозини олди:

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан номзод Баҳром Абдуҳалимов – 3,39 фоиз;

Ўзбекистон Экологик партиясидан номзод Нарзулло Обломурадов – 4,14 фоиз;

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан номзод Алишер Қодиров – 5,48 фоиз;

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Максуда Варисова – 6,63 фоиз;

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Мирзиёев – 80,12 фоиз.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига кўра, овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг 50 фоиздан ортиғининг овозини олган номзод Президент этиб сайланган, деб ҳисобланади.

Ушбу маълумотларга таяниб, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Мирзиёев сайловчиларнинг энг кўп – 80,12 фоиз овозини олиб, ишончли ғалаба қозонди ва Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди.

Сайловчилар рўйхатига киритилган 20 миллиондан ортиқ сайловчидан 80,4 фоиздан кўпроғи сайлов жараёнларида иштирок этган.

Сайловда консуллик рўйхатида турган турмаганлигидан қатъи назар, хорижда истиқомат қилаётган барча ватандошларимиз учун 37  давлатда ташкил этилган 54 сайлов участкасида овоз бериш имконияти яратилди.

Бу галги Президент сайлови илк бор 2019 йилда қабул қилинган Сайлов кодекси асосида ўтди.

Сайлов қонунчилигига шу йилнинг 8 февраль ва 31 май кунлари киритилган ўзгартишлар ва қўшимчаларга биноан, энг аввало, сайлов жараёни иштирокчилари, яъни сайловчилар, сиёсий партиялар, сайлов комиссиялари, оммавий ахорот воситалари ҳамда кузатувчиларнинг ҳуқуқлари ва кафолатлари сезиларли даражада кенгайтирилди. Замонавий ахборот технологияларини жорий этиш орқали сайлов жараёнларини бошқариш тизими янада такомиллаштирилди. 

Барча даражадаги сайлов комиссиялари ўз ишини Сайлов кодекси талабларига биноан, қонунийлик, мустақиллик, холислик, очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик тамойилларига тўла амал қилган ҳолда ташкил этди.

Сиёсий партиялар ва Президентликка номзодлар учун сайлов кампанияси даврида сайловолди  ташвиқоти учун тенг ва кенг имкониятлар яратилди.

Сайлов участкаларида пандемия шароитида аҳоли саломатлигини ишончли муҳофаза қилиш, сайловчилар ва сайлов жараёни бошқа иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш учун зарур шароитлар яратилди.

Сайлов кампанияси даврида Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот маркази ва унинг ҳудудий бўлимларида сайлов жараёнининг барча иштирокчилари учун кенг медиа-майдон яратилди. Уларда юзлаб матбуот анжуманлари, брифинглар, интервьюлар, семинарлар, учрашувлар ўтказилди.

Тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг раҳбарлари, Олий суди раиси, Бош прокурори, Ички ишлар, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлари, округ сайлов комиссиялари раисларининг ахборотлари тингланди.

Сайлов кампаниясига старт берилган кундан буён хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида 76 мингдан ортиқ материаллар эълон қилинди.

Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури қабул қилингани ва изчиллик билан амалга оширилгани сайловларни қонун талаблари асосида, юксак ташкилий даражада ўтказишни таъминлашда муҳим аҳамият касб этди.

Сайловчиларни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни, унда иштирок этаётган сиёсий партиялар ва Президентликка номзодлар ҳақида хабардор қилишга қаратилган ҳамда сайловда фаол иштирок этишга чақирувчи турли ўлчамлардаги 765 минг 60 нусхадаги плакатлар ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларида нашр этилиб, аҳоли гавжум жойларга жойлаштирилди.   

Бундан ташқари, республика бўйлаб фуқароларни сайловда фаол иштирок этишга чорловчи 2 минг 315 та ташқи реклама воситаларида баннерлар ўрнатилган ҳамда 781 та электрон мониторларда видеороликлар бепул намойиш этилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида сайловчилар учун 19 522 189 та сайловга таклифномалар чоп этилди ва ҳудудларга етказиб берилди. Хусусан мазкур ахборот материалларида сайловчиларга қулайлик яратиш мақсадида манзиллар, ишонч телефони ва боғланиш учун телефон рақамлар ҳамда QR кодлар орқали МСКнинг веб-сайти ва ижтимоий тармоқларининг ҳаволалари кўрсатиб ўтилди.  

10 октябрдан бошлаб ҳафтанинг сешанба, пайшанба ва якшанба кунларида “24 октябрь - Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни. Ўз Конституциявий ҳуқуқингиздан фойдаланинг”, “14 октябрдан 20 октябргача муддатидан олдин овоз беришингиз мумкин”, “Ўз сайлов участкангизни аниқланг” деган мазмундаги смс хабарлар фуқароларнинг мобил телефонларига юборилди.

Шунингдек, Сайлов жараёнларида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш мақсадида жами 197 та маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг 1439 нафар вакиллари аккредитациядан ўтказилди. 

Шунингдек, Австрия, Венгрия, Озарбайжон, Афғонистон, Беларусь Республикаси, Бельгия, Буюк Британия, Германия,  Миср, Греция, Исроил, Ҳиндистон, Италия, Эрон, Испания, Қозоғистон, Қувайт Қирғизистон, Люксембург, Нидерландия, Латвия, Малайзия,  Уммон Султонлиги, Покистон, Польша, Корея Республикаси, Россия, Саудия Арабистони, АҚШ, Тожикистон, Туркия, Украина, Франция, Швейцария, Япония, Хитой каби давлатларнинг 140 дан ортиқ нуфузли хорижий ОАВларининг 233 нафар вакиллари аккредитациядан ўтказилди.

Бир сўз билан айтганда, бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан кенг ёритилганлиги сайловнинг халқаро стандартлар асосида очиқ ва ошкора ўтказилганлигини тасдиқловчи яққол далил бўлди.